Метафизика нима ва у дунёқарашга қандай таъсир қилади?

Қуруқ таърифини келтиргандан кўра, бир мисол орқали тушунтиришга ҳаракат қиламан. Масалан, тарихни ўрганишни олайлик.

Ўтмиш ҳақидаги фактларни қандай саралашимиз ва улар ўртасидаги сабабий алоқаларни қандай тартиблашимизга қараб, тарихнинг турлича манзарасини чизиш мумкин. Бу худди рассомнинг рангларни қандай саралаши ва уларнинг қай бирига устунлик беришига қараб, картина турлича ҳиссий таъсирга эга бўлгани кабидир.

Фактларни қандай саралаш, уларни ўзаро қандай боғлаш эса тарихчи қўллайдиган методларга боғлиқ. Бу методлар эса реалликни адекват акс эттириш учун уни қандай ўрганиш кераклиги ҳақидаги тарихчининг умумий эпистемологик тушунчасидан келиб чиқади (масалан, рационалистми у, эмпирицистми, тарихий зарурат каби тушунчаларни тан оладими ёки йўқ, детерминистми, тасодифга муносабати ва ҳк.). Ана шу фундаментал тушунча шунчаки мафкура, бирор ғайришуурий ишонч, ёки метафизика бўлиши ҳам мумкин. Баъзида улар умумий метанаррацияларга таянади. Масалан, марксист тарихчи тарихий материализм принциплари асосида методни ишлаб чиқади ва фактларни ҳам шунга мос тарзда тизимга солади. Дейлик, тарихда нимаики юз берган бўлса, уни асосан синфий кураш орқали тушунтиришга уринади. Бу ерда у синфий курашни аввалдан ўз-ўзидан маълум, исбот талаб қилмайдиган қонуният сифатида қабул қилиб бўлган. Синфий кураш қонуният эканини нима билан асослаш мумкин? Фактлар ёрдамида, деб жавоб бериши тайин. Башарти тарихий ҳодисалар синфий кураш орқали тушунтирилса, қандай қилиб бу ҳодисалар айни пайтда синфий курашнинг қонуният эканлигини ҳам асослайди? Бу вақтда фактларни талқин қилиш нимага асосланади унда? Бу ерда аргументация айлана ҳосил қиляпти: барча фактларни синфий кураш асосида талқин қилиш ва синфий курашни фактлар асосида асослаш, аммо бу асослашни яна синфий кураш орқали тушунтириш.

Агар сиз Макс Вебер каби ўйласангиз, фактларни марксист тарихчидан бошқачароқ талқин қила бошлайсиз, дейлик маданий-диний курашларни ҳам ҳисобга киритасиз. Агар либерал бўлсангиз, прогресс, ижтимоий институтлар орқали талқин қиласиз барини. Бирор дин ақидаларини ушлаган одам бўлсангиз, ўша ақидаларингиз фактларни қандай талқин қилишингизни белгилаб беради. Агар фрейдист бўлсангиз, бирор ҳукмдор чиқарган қарорни унинг ғайришуурий бирор қизиқиши билан боғларсиз балки.

Аммо марксизм ҳам, веберизм ҳам, фрейдизм ҳам энг фундаментал ишонч саналмайди. Ундан ҳам фундаменталроқ масалалар бор: реаллик ўзи нима, уни қандай билиш мумкин, зарурият, сабабият қандай англанади, уларнинг мантиқ ва тажриба билан алоқаси қандай, априориларни текшириш керакми ёки шундай қабул қилаверса бўладими каби масалаларга муносабат барча бошқа билимлар, ғояларнинг замирида ётади. Нега Эйнштейн квант механикасини қабул қила олмаган? Чунки у метафизик жиҳатдан қатъий детерминист эди. “Худо шашқол ўйнамайди” деган гапини эшитганмисиз? Қатъий детерминизм тасодифни инкор қилади, ҳамма нарса ортида аниқ тартиб туришини урғулайди. Бу илмий ишонч эмас, яъни буни бирор илмий гипотеза каби текшириб, верификация ёки фалсификация қилиб бўлмайди. Ҳамма нарсанинг ортида сабаб борлигини текшириш учун ҳамма нарсани текшириш керак, аммо бу имконсиз. Сиз шунчаки бунга ишонасиз холос. Чунки бу ишонч шу пайтгача амалда ишлаб келган, хали жиддий панд бермаган. Гарчи ўзи илмий бўлмаса ҳам, у бошқа тадқиқотларни зимдан йўналтириб туради, доим сабаб ахтаришга мажбур қилади. Ана шу турдаги ишончлар метафизик ишонч дейилади. Баъзи бирлар айтгандек, метафизика қанақадир теология, миф ёки ғайритабиий нарсалар ҳақидаги илм эмас, балки энг олий абстракциядир.

Демак, ана ўша фундаментал эпистемологик ишонч реаллик ва унинг табиати ҳақидаги энг умумий метафизик қарашлардан озиқланади. Агар сиз ўзгаришларни фақат моддият ҳаракатга келтиради деган метафизик ишончда бўлсангиз, сабабларни аввало моддиятдан, дейлик, ишлаб чиқариш муносабатларидан қидирасиз, агар маданий-мафкуравий омилларни ҳисобга оладиган идеалист бўлсангиз, тарихий ўзгаришларни тафтиш қилаётганда диний омилларни ҳам ҳисобга олишингиз мумкин. Дунёқарашимиз метафизик жиҳатдан идеалистик, реалистик, материалистик бўлиши бизнинг конкрет фактларни талқин қилишимизга ғайришуурий тарзда таьсир ўтказиб туради. Бу нарсадан халос бўлишнинг имкони йўқ. Яъни фактларни доимо талқин қиламиз, талқин қилиш муайян фундаментал тушунчага асосланади, аммо бу пойдеворий тушунчанинг ўзини эса асослай олмаймиз. Чунки тушунчани асослаш учун келтириладиган фактларнинг ўзи ана шу жараёнда талқин қилинаётган бўлади. (Бу ерда талқин деганда инглизчадаги explanation’ни назарда тутяпман.) Фактлар аввалдан асосланган назария орқали талқин қилинади дейишингиз мумкин. Гап шундаки, ўша назариянинг ўзи ҳам факт орқали инкор ёки тасдиқ қилиниши мумкин. Ана шу инкор/тасдиқ қилиш жараёнида факт назарияни инкор/тасдиқ қиляпти, деб талқин қилишингиз керак бўлади. Демак, ўша назариянинг ўзидан ҳам фундаменталроқ тушунчага таянасиз. Шу тарзда давом эттирсангиз, барча нарсани талқин қиладиган энг охирги тушунчага етиб борасиз, уни эса ҳеч нарса билан асослаб бўлмайди, бу ёғи метафизика. (У томонини гапирмайман, жуда мураккаблашиб кетяпти мавзу.)

Шу маънода агар бирор олим чиқиб, менда метафизик ишонч йўқ, мен фақат аниқ фактлар билан ишлайман деса, билингки, у метафизика нималигини тушунмайди. “Мен фақат фактлар билан ишлайман, фақат фактлар реалликни акс эттиради”, деган умумий тушунчанинг ўзини факт билан тасдиқлаб бўлмайди. Ўша олим айтаётган тушунчани позитивизм дейишади фалсафада. Позитивизм эса замонавий фанлар асосидаги метафизика саналади.