Умберто Эко

(Қисқартирилган)

Фашизмнинг турли тарихий шаклларини фарқлаш осон бўлмаса-да, мен “барҳаёт фашизм” (Ur-Fascism) деб атайдиган ҳодисанинг типик белгиларини санаб чиқиш мумкин. Бу белгиларнинг аксарияти бир-бирига қарама-қарши бўлгани боис, уларни аниқ тизимга солиш мушкул масала. Уларнинг айримлари фанатизм ва деспотизмнинг фашизмдан бошқа турларида ҳам учрайди. Бу белгилардан бирортасининг пайдо бўлиши атрофимизда фашизмнинг илдиз отиши учун етарлидир.

Фашизмнинг биринчи белгиси анъанага топиниш (Cult of Tradition). Традиционализм фашизмдан анча қадимий ҳодиса, албатта. У француз революциясига қарши вужудга келган католикча контр-революция кайфиятигагина хос эмас. У классик юнон рационализмига қарши реакция сифатида эллинистик давр охирларида юзага келган. Ўртаер денгизи қирғоқларида яшовчи турли динга мансуб халқлар (уларнинг худолари Рим пантеонига қўшилиб кетган эди) инсоният ибтидосида берилган мистик билим – ваҳий ҳақида ҳаёл қила бошладилар. Бу ваҳий унутилган, йўқолиб кетган тиллар – Миср иероглифлари, кельт миххатлари, Осиёнинг номи чиқмаган динлари қўлёзмалари қатламларида узоқ вақт яширин ётган.

Бу янги маданият синкретик бўлиши лозим эди. Бу ерда синкретизм луғатларда ёзилганидек “турли амал ва эътиқодларнинг аралашмаси”гина эмас, айни чоқда бу аралашма турли қарама-қаршиликларга ҳам тоқат қилиши, уларни ҳам қамраб олиши керак эди. Гарчи бир-бирига қарама-қарши бўлса-да, ҳар бир оригинал хабарда донолик учқунлари бор – уларнинг бари мажозий шаклда ўша илк ҳақиқатни акс э ттиради.

Оқибатда инсоннинг ақлу тафаккури, билимида юксалиш бўлиши мумкин эмас. Ҳақиқат аллақачон барча учун фақат бир марта айтилган. Биз ўша мужмал хабарни талқин қилишимиз мумкин, холос.

Америкадаги китоб дўконларини айланиб, “Янги давр” (New Age) деган ёрлиқ осилган жовонларига кўз ташласангиз, Авлиё Августин номига ҳам кўзингиз тушади. Августин фашист бўлмаган, менинг билишимча. Аммо Августинни Стоунҳенжга боғлаш – ана шу фашизм симптомидир.

Традиционализм модернизмнинг инкоридир. Анъаначи мутафаккирлар одатда технологияни анъанавий маънавий қадриятларни емирувчи иллат сифатида қораласа ҳам, фашист ва нацистлар технологияга сиғинган. Нацистлар, гарчи ўзларининг технологиядаги ютуқлари билан фахрланган бўлсалар-да, уларнинг модернизми Қон ва Тупроқни (Blut und Boden) асос қилиб олган мафкураларининг сирти эди, холос. Модернизмни инкор қилиш уларнинг капиталистик турмуш тарзига бўлган қаршиликларида пинҳон эди. Маърифатчилик ва Ақл даври уларнинг назарида замонавий ахлоқсизликнинг ибтидоси эди. Ана шу маънода фашизмни иррационализм[1] деб таърифлаш ҳам мумкин.

Иррационализм “ҳаракат учун ҳаракат қилиш” культига таянади. Ҳаракатнинг ўзи муҳим, у фикр қилишдан аввал ёки умуман фикр қилмай ҳам бўлиши мумкин. Фикрчанлик заифлик белгисидир. Танқидий тафаккурга таянган маданият шубҳалидир. Ақлга бўлган ишончсизлик фашизмнинг ажралмас белгисидир. Ҳерманн Герингнинг Ҳанс Йост драмасидаги иборани (“Маданият” сўзини эшитсам, қўлим беиҳтиёт узалар қуролга) такрорлаши ёки “Чириган зиёлилар”, “Товуқмиялар”, “хотинмижоз сноблар”, “университетлар – қизиллар уялари” каби сўзларнинг тез-тез такрорланиши шунга далолат қилади. Расмий фашист зиёлилари замонавий маданият ва либерал зиёлиларни анъанавий қадриятлардан юз ўгиришда айблашар эди.

Танқидий тафаккур турфахилликни пайдо қилади. Турфахиллик эса модернизм нишонасидир. Замонавий маданиятда илмий ҳамжамият ихтилофли фикрларни илм тараққиёти учун муҳим деб билади. Фашистлар эса ихтилофни хоинлик ҳисоблайди.

Ихтилоф турфахиллик белгисидир. Фашизм инсондаги ўзгачаликка бўлган хадикдан самарали фойдаланиб ривожланади ва шу орқали ягона консенсусни яратишга уринади. Тўлиқ шаклланган ёки шаклланаётган фашизм келгиндиларга қарши қуролдир. Шу маънода фашизм ирқчи мафкура саналади.

Фашизм шахсий ва ижтимоий умидсизлик, тушкунликдан униб чиқади. Фашизмнинг муҳим белгиларидан яна бири унинг иқтисодий инқирозларда азоб чеккан, сиёсий жиҳатдан камситилган, қуйи ижтимоий гуруҳлардан ҳавотирга тушган ўрта қатламга маъқул келишидир. Эски “пролетариан”лар майда буржуага айланаётган (ва люмпен сиёсий саҳнадан четлатилаётган) ҳозирги кунимизда келажак фашизми ана шу янги кўпчилик орасида ўз аудиториясини топяпти.

Фашизм аниқ ижтимоий идентлигини йўқотган кишиларга уларнинг энг муҳим ютуғи ана шу ягона юртда туғилиб ўсганида эканини уқтиради. Ана шу миллатчилик манбасидир. Боз устига, миллатга идентлик туйғусини тақдим қиладиган нарса унинг душманларидир. Демак, фашист руҳиятининг ўқ илдизи онгнинг турли фитналар, айниқса, халқаро фитналар ҳақидаги ўйдан халос бўла олмаслигидир. Фашистик ғоя тарафдорлари ўзларини қўршовдадек ҳис этадилар. Муаммодан қутулишнинг энг осон йўли – ксенофобиядир. Аммо фитна ичкаридан бўлиши ҳам керак. Яхудийлар бу борада энг қулай нишондир. Зеро улар ҳам ичкарида, ҳам ташқарида бор. АҚШда фитналардан ҳавотирнинг энг ёрқин намунаси Пат Робинсоннинг “Янги дунё тартиботи” асарида кўринади. Аммо сўнгги вақтларда кўряпмизки бундайлар жуда кўп экан.

Фашистик ғояга эргашганлар душманларнинг куч-қудрати, бойларнинг ҳашаматли ҳаёти олдида ўзларини камситилгандек ҳис этадилар. Болалигимда инглизлар бир кунда беш маҳал овқатланади деб айтишган. Улар ночор, аммо эсли италянлардан кўра кўпроқ овқат ейди. Яхудийлар бой ва бир-бирларига турли махфий йўллар орқали кўмак берадилар. Шунга қарамай, фашистик мафкура улар устидан ғалаба қозониш мумкинлигига амин бўлиши лозим. Шу тарзда душман бир пайтнинг ўзида ҳам кучли, ҳам заиф қилиб кўрсатилади. Фашистик ҳукуматлар урушларда мағлуб бўлишга маҳкум, зеро улар душманнинг кучини холис, объектив баҳолай олмайдилар.

Фашизм учун яшаш учун кураш эмас, аксинча, кураш учун яшаш бор. Пасифизм душман билан келишувдан ўзга нарса эмас. Пасифизм ёмон, чунки ҳаёт тинимсиз урушдан иборат. Айни шу қараш фашистларда Армагедон комплексини вужудга келтирган. Душман буткул мағлуб бўлиши керак экан, бинобарин, қачондир сўнгги, ҳал қилувчи жанг бўлади. Шундан сўнг дунё ушбу гуруҳнинг назоратига ўтади. Бу сўнгги уруш ундан кейин фақат тинчлик бўлиши, “Олтин давр” келишини англатадики, бу айни дамда “Абадий уруш” ҳақидаги эътиқоднинг ўзига зид. Ҳеч бир фашист доҳийси бу зиддиятни еча олмаган.

Элитизм ҳар қандай реакцион мафкуранинг муҳим аспектидир. Чунки фашистик мафкура моҳиятан аристократикдир. Аристократик ва милитаристик элитизм заифлардан нафратланади. Фашизм популяр элитизмни маъқуллайди. Ҳар бир фуқаро дунёдаги энг яхши жамоа аъзоси, партия аъзолари эса фуқароларнинг энг сарасидир. Ҳар бир фуқаро партия аъзоси бўла олади (ва шунга мажбур ҳам). Бироқ плебейларсиз патрицийлар бўлиши мумкинмас. Доҳий ўзига ҳокимият демократик йўл билан берилмагани, балки босиб олинганини билгани учун ҳам куч қудрати омманинг заифлигига асосланганини ҳам асло унутмайди. Улар шунчалар заифликлари боис раҳнамога муҳтож ва унга муносиб бўлишлари зарур.

Шу нуқтаи назардан ҳар бир киши қаҳрамон бўлишга тарғиб қилинади. Мифологияда қаҳрамон ғариодатий шахс ҳисобланса, фашистик мафкура учун бу норма. Бу қаҳрамонлик культи ўлим культи билан чамбарчас боғланган. Испан фалангистларининг “Viva la Muerte” (Яшасин ўлим) шиори бежизга эмас. Фашистик бўлмаган жамиятларда оддий инсонларга ўлим ёмонлиги, аммо унга босиқлик билан муносабатда бўлиш лозимлиги айтилади. Диндорларга эса ўлим илоҳий бахтга етишишнинг оғир йўли экани уқтирилади. Фашистик жамиятларда эса қаҳрамонона ўлим қаҳрамонона умрнинг мукофоти сифатида тарғиб қилинади. Қаҳрамон фашист ўлимни чин дилдан истайди, уни сабрсизлик билан кутади. Сабрсизланар экан, кўпроқ одамни ўлдиради.

Қаҳрамонлик ва Абадий уруш жуда оғир ўйин экан, фашист ўз эътиборини жинсий масалаларга қаратади. Ана шу эркак бўлгандан ғурурланиш туйғусини пайдо қилади. (Аёлларни ёмон кўриш, уларга нисбатан тоқатсизлик, ностандарт жинсий ҳаёт – роҳибликдан тортиб, гомосексулизмгача бўлган нафрат ҳам шунинг ичида.) Жинсий масалалардаги ўйин ҳам оғирлик қилганидан, фашист охири қуроллар билан ўйнай бошлайди.

Фашизм селектив популизмга асосланади. Демократияда фуқаролар шахсий ҳуқуқларга эга. Аммо уларнинг сиёсий кучи сифатий эмас, балки миқдорий характердадир. Яъни, бир киши кўпчилик чиқарган ҳукмга бўйсунади. Фашизм алоҳида шахсларнинг ҳуқуқларини тан олмайди. Халққа эса умумий Ироданинг ифодачиси сифатида ягона бутунлик сифатида қарайди. Кўпчилик умумий истак-хоҳишни ифодалай олмагани учун, Лидер уларнинг иродасини талқин қилувчи бўлиб ўртага чиқади. Ҳокимиятдаги ўз улушидан маҳрум бўлган фуқаролар шунчаки Халқ ролини ўйнаб берадилар. Бинобарин, Халқ хаёлий тўқима, холос. Бу каби популизмга Римдаги Пьяцца Венеция ёки Нюренберг стадионини мисол қилиб келтириш шартмас. Келажакда ТВ ва Интернетда айтиладиган муайян тоифа фуқароларнинг эмоционал талаб-истакларини Халқ Иродаси сифатида қабул қилиш мумкиндирки, бу ҳам айни турдаги популизмга мансубдир.

Фашизмнинг тили “Янги нутқ”дир (Newspeak). “Янги нутқ” ингсоц – инглиз социализмининг расмий тили сифатида Оруеллнинг “1984” асарида келтирилади. Фашизм барча турдаги диктатураларда учрайди. Нацист ва фашистларнинг мактаб дарсликларида тил танқидий ва мураккаб тафаккурга халал берадиган даражада қашшоқлаштирилган эди. Аммо биз оммавий ток-шоуларда ишлатиладиган сиртдан безиён кўринган “Янги нутқ”ларга беэътибор бўлмаслигимиз лозим.

***

Фашизм одмигина либосда ҳали ҳам бизнинг орамизда яшамоқда. Кимдир чиқиб “Аушвицни қайта очишни, “қоралибослилар” Италия майдонларидан саф тортиб ўтишини истайман” деса, табиий, фашизмни таниб олиш осон бўларди бизга. Аммо ҳаёт бу қадар жўн эмас. Фашизм исталган вақт жуда маъсум қиёфада ҳаётимизга қайтиши мумкин. Уни ҳар он, дунёнинг қаерида бўлмайлик фош қилиш, унинг ҳар қандай янгича турларини бармоғимизни бигиз қилиб кўрсатиш бурчимиздир.

[1] Ақлга иккиламчи ўрин бериш ёки уни бутунлай инкор қилиш. –Х.Й.

Advertisements

Izoh qoldirish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s