Кўринмас кишанлар

Эркинлик бўлмаган шароитда яратилган аксарият асарлар истеъдоднинг эмас, қўрқув маҳсулидир. Унда муаллиф ниманидир ҳимоя қилмайди, аксинча, нимадандир ҳимояланишга уринади. Ана шундай муҳитни пайдо қилувчи энг муҳим сабаб цензурадир. Цензуранинг тури кўп: асар яратилгунгача бўлган цензура (бадиий кенгашларимиз буни қойиллатяпти, гарчи конституция тескарисини талаб қилса ҳам), асар яратилгандан кейинги цензура (муаллиф, муҳаррир ёки ташкилотчига “дакки” бериб қўйиш ва бошқа такрорламасликни “илтимос” қилиш), расмий цензура (ҳайриятки буниси бизда бекор қилинган), норасмий цензура (жамият ёки шахснинг ўз-ўзини цензуралаши), ташқи цензура (давлат ва жамият босими), ички цензура (оғзи куйган ёки оғзи куйганларни кўрганларнинг ўз-ўзини тийиши). Хуллас, цензуранинг тури кўп. Айримларини бирдан илғаб олиш қийин.

Бизда кўпинча, ички цензура кучлилиги ҳақида гапирилади. Бироқ ички цензура ташқи цензурасиз узоқ яшамайди. Ички цензура ҳамон яшаётган экан, демак ташқи цензура турлича кўринишларда бор.

Аксариятимиз етарлича эътибор қаратмайдиган, аммо энг хавфли, илдиз отса суғуриб ташлаш бениҳоя қийин, ҳеч ким, ҳатто халқаро ташкилотлар ҳам ғинг дея олмайдиган, аммо исталган ижодкорни эзиб ташлашда фойдаланишга қулай цензура шакли ҳам бор. Бу цензурани жамият, аниқроғи оломон амалга оширади. Муҳими оломон ичидаги устамонлар уни йўналтириб турса кифоя. Унинг номи билан кимлар осилган, отилган, ёқилган, сургун қилинган, бадном этилган. Хўш, бу оломон нима қилади? Айтарли ҳеч нарса. Шунчаки бақириб туради: ватанфуруш, хоин, сотқин, халқ ва миллат душмани, миллий ва диний қадриятларимизни топтаётган нокас, ғарбпараст, руспараст ва ҳоказо, ҳоказо. Ана шу сўзлар қайта-қайта такрорлаб турилса кифоя. Тарихда худди шундай бўлиб келган. Бизда ҳозир шу борми йўқми? Бор, албатта! Оммавий маданиятга қарши курашамиз деб, оломон маданиятини яратиб қўйдик. Оломонда ақл ҳам, ахлоқ ҳам бўлмайди. Унда фақат тенденция бўлади. Биргина қоида бор, ўзингдан аввалги нима айтган бўлса, шуни такрорла. Бақирса бақир, ханграса хангра, сўкса сўк. Индамай турмасанг бўлди. Қачондир Хамзани тошбўрон қилиб ўлдирган оломон, ҳозир интернетда кимларгадир лаънат тошларини отяпти. (Яхшиямки, виртуал оламда, реал ҳаётга кўчса нима бўлади? Кўчмаслигига кафолат борми ўзи?) Чора кўрилсин деб, талаб қилиб ҳукуматга ёзишади ҳам. Кимга чора кўриш? Ҳеч кимнинг бурнини қонатмаган, мол-мулкини тортиб олмаган бир қўшиқчи ёки актёр. Ёзувчи шоирларимиз одоб сақлаб туришибди, аниқроғи шундай туришга ўргантиб қўйилган. Акс ҳолда, уларнинг ҳам қанчаси ана шу тарзда оломон қилинарди. Ҳақ-ҳуқуқингни бузган амалдорга қарши нега ўша сўзларингни айтмайсан, номард дейдиган одам йўқ. Ички цензурани гуллатиб яшнатадиган бундан ортиқ маҳсулдор муҳит бормикан?! Қанча истеъдод ўз-ўзини тийиб, ўзини намойиш қилолмай чирийди, қанча гениал асарлар, фикрлар айтилмай қолади бу муҳитда!  Тоталитар давлат ҳақида кўп гапирилади, лекин тоталитар жамиятлар ҳам бор. Уларда шахс хатти-ҳаракати жамоа томонидан норасмий шаклда мутлақ назорат қилинади. Ана шунақа тур жамиятга томон кетмаяпмизмикан, дея хавотирга тушади киши.

Бизга ёқмаган нарса бошқаларга ёқиши, биз эътиқод қилмаганга бошқалар эътиқод қилиши, дид масаласида тортишиб бўлмаслиги очиқ-ошкор ҳақиқат. Шуни қачон тан оламиз!? Бузғунчи ғояларга қарши кураш (бузғунчи ғоя – буни кайфиятингизга қараб таърифлаб олаверасиз), оммавий маданиятга қарши кураш каби шиорлар остида толерантлик, плюрализм унутилмоқда. Ваҳоланки, толерантлик ва плюрализмни миллий мафкурамизнинг асос ғояларидан бири деб қабул қилиб олганмиз. Боз устига, ана шу мафкурамизнинг мақсадларидан бири бузғунчи ғояларга қарши курашдир деймиз. Оломон бу мақсадни қойилмақом қилиб уддалаяпти. Миллий мафкурамиз деб китоб ёзганлар унда концентуал зиддият борлигини пайқамаган ёки толерантлик ва плюрализм ғоялари хўжакўрсинга киритиб қўйилган. Иккинчиси тўғрироққа ўхшаяпти.

Кес сўзингни, эй қалам, бас, мунча фарёдинг етар,
Кўп бақирсанг, оғзингга тошларни откай бизни халқ. (Чўлпон)

Advertisements

Izoh qoldirish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s