Фазилатли подшоҳми ёки мукаммал тизим?

Нима эмиш, Бош вазиримиз ахборот технологиялари мутахассиси бўлгани учун айни шу соҳа бизда гуркираб ривожланиб кетармиш. Назаримда кенг тарқалган хато қарашлардан бири.  Агар бу фикр тўғри бўлса, агроном раҳбар бўлган жойда қишлоқ хўжалиги гуллаб кетиши, иқтисодчи раҳбар бўлганда иқтисодий тўкин сочинлик келиши, ҳуқуқшунос раҳбар бўлганда эса инсон ҳақ-ҳуқуқлари олий мақомга кўтарилиши керак эмасми? Шундай бўляптими? Фикримча, раҳбарнинг қандай мутахассис эканидан ҳам кўра муҳимроқ  унинг шахсий принциплари ва қадриятларидир. Афсуски бу нарса қайси олийгоҳни битиргани, дипломига нима ёзилганига боғлиқ эмас. Буни ҳатто ОАВни кузатиб ҳам билиб бўлмайди.  Демак, ҳеч нарса аввалдан кафолатланмаган. Аввалдан фалончи шундай инсон ва у шундай бошқаради, деб айтиб бўлмайди.

Бизнинг Шарқда мамлакат тақдирини подшоҳ ва унинг вазири қандайлиги ҳал қилади, деган қараш бор. Шунинг учунми, сиёсатшуносликка доир аксар асарларда подшоҳнинг қандай фазилат эгаси бўлиши ҳақида кўп ва хўб ёзилган. Оқибатда эса, давлат бошқаруви тизими масаласи эътибордан четда қолиб кетаверган. Ҳокимият авлиёни ҳам ўғри-муттаҳамга айлантириб қўйиши мумкинлиги, бинобарин, мутлақ ҳокимият эгаси ҳокимиятини суистеъмол қилмаслигига реал кафолат яратиш ҳақида деярли ўйланмаган. Шоирлар одил подшоҳни кўкка кўтарувчи шеърлар битган ва битаяпти, аммо тенглик, адолат, озодлик, инсоннинг қадр-қиммати ва ҳуқуқи ҳақида оз ёзилган, расман мустақилликни қўлга киритганимиз ҳақидагиларни қўя турайлик. (Ҳатто ўялмай-нетмай президентга подшоҳим, деб ашъорлар тўқиляпти. Ваҳоланки бундай дейиш конституцияга зид, бизда монархия эмас, президент шунчаки халқдан ваколат олиб уни чекланган муддатга бошқарувчи шахс холос.) Бундан фақат биргина хулоса чиқади: Шарқ кишиси фаровонлик ва қашшоқликни бир кишига боғлаб талқин қилишга азалдан ўрганган.

Ким қандай қилиб ҳукмфармонинг нафсини тийиб тура олади?

Демак, мамлакат тақдири, келажаги алоҳида шахсга, унинг мутахасислиги ва ҳатто қадриятларига ҳам эмас (чунки улар ҳокимият мазасини тотигач ўзгариб қолиши мумкин), балки раҳбарни тийиб турувчи тизим қанчалик мукаммал ишлашига ҳар жиҳатдан боғлиқ. Керак пайтда кўзини очиб, ердан узила бошлаган оёғини қайта яна ерга туширадиган, ҳокимиятга келмасдан аввалги принципларини қайта ёдига солиб қўядиган тизим.

Хўш бизда борми ўшандай тизим? Шу пайтгача бўлганига ишонмайман. Бундан кейин яратиладими? Нимадан билса бўлади шундай тизим яратилаётганини? Ўзи умуман раҳбар шунақа тизим яратишдан манфаатдорми? Қайси одам ўзини тийиш учун ниманидир яратади? Бу ҳақда бош қотириш жуда зарур. Президент онангизни хафа қилса, кимга додингизни айтасиз-у, у нима қила олади? Шу саволга жавобингиз борми?

Advertisements

Izoh qoldirish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s