“ПРОТЕСТАНТ АХЛОҚИ ВА КАПИТАЛИЗМ РУҲИ”НИ ЎҚИБ

Capitalism“Меҳнат қил, бойлик орттир, топганингни тежа, исроф қилма.” Бойликни роҳат-фароғатда яшаш учун эмас, балки янада бойиш учун орттириш, шу йўлда тиним билмай меҳнат қилиш, Вебер айтмоқчи, “капиталистик руҳ”нинг асосини ташкил этади. “Бойлик бойлик учун”, деган фалсафа протестантлар бир кунда яратган таълимот эмас, албатта. Инсон Худонинг розилигини топиши, шафоатга ноил бўлмоғи учун нима қилиш лозим? Ана шу масала барча динларда бўлгани каби христианликда ҳам муҳим ўрин тутади. Католиклар буни осон ҳал қилган: Черковдан ташқаридамасмисан, етарли, шафоат топишинг аниқ. Черковнинг бундай қудратини тан олмайдиган протестантларни бу жавоб қаноатлантирмаган. Нима қилиш керак? Библияни талқин қилиб, тўғри йўл кўрсатиб берадиган “ота”лар энди йўқ улар учун. Ҳар ким бу китобдан ўзича маъно чиқариши мумкин. Диний индивидуализм, маълум маънода анархик ҳолат. Тушкунликка тушган, шафоат топишига аниқ ишончи бўлмаган одам нима қилади энди? Ҳеч қандай кафолат йўқ.

Амалларимизни тўғрилайлик, Худо йўлида меҳнат қилайлик, кейин бир гап бўлар. Меҳнат қилиш, бойлик орттириш яхши. Бироқ бойлик инсонни Худо йўлидан чалғитади. У кайфу сафога берилади. Хўш, бунинг қандай олдини олса бўлади? Тежаш, исроф қилмаслик, бойликни худо йўлида ва бойликка бойлик қўшиш учунгина сарфлаш (капитал), ҳашамдан ҳоли, оддий ҳаёт кечириш. Бизнинг шундай ҳаёт кечиришимиз, қалбимиздаги иймон ва нариги дунёда шафоат топишимиз нишонасидир. Эътибор беряпсизми, протестантлик ахлоқи негизида “капиталистик руҳ” шаклланяпти. Бойликка хирс доим бўлган. Аммо капиталистик руҳнинг бошқалардан фарқи шундаки, астойдил меҳнат қиласан, бойлигингга бойлик қўшасан, исроф қилмайсан, ортиқча лаззат, ҳою-ҳавасдан ўзингни тиясан. Пуританча ҳаёт. (Исломда ҳам худди шу каби ёндашув бор. Айниқса, нақшбандия тариқатида бу жуда яхши ишлаб чиқилган. Не учундир кейинчалик унинг мистик жиҳатларига кучайиб, амалий томонлари эътибордан четда қолган. Бу ҳам жиддийроқ ўрганилишга лойиқ масала.) Бу йўлда муваффақиятга эришувимиз бизнинг тўғри йўлда эканимизга далолат қилади.

Католикча яшаш тарзи – фақат нариги дунёни ўйлаб яшаш, зоҳирий аскетиклик (ausserweltliche) протестантча яшаш тарзи – бу дунёни ўйлаш орқали нариги дунё масаласини ҳал қилиш, ботиний аскетикликка (innerweltliche) айланди. Ғарбдаги капиталистик дунёқараш, индивидуализм шу аснода диний негизда дунёга келди.

Бу олмон социологи ва файласуфи Макс Вебер нуқтаи назарининг қисқача ифодаси.

Менинг назаримда, пуританча ахлоқ чекланган, жамиятнинг тор доирадаги кишилари амал қилгандагина капитализмга йўл очади. Нега дейсизми? Бу ахлоққа жамиятнинг барча аъзолари бирдек амал қилди, деб фараз қилайлик. Хўш, капитализм ривожланадими? Бунинг учун ушбу ахлоқни икки қисмга ажратамиз:

а) Меҳнат қил

b) Тежамкор бўл (исроф қилма, эҳтиёжингдан ортиғига сарфлама).

Жамият аъзоларининг барчаси шу қоидага амал қиляпти дейлик. Шу шароитда кимдир бойиб кетиши мумкинми? Эҳтиёжлари қонган, камтар ҳаёт кечирувчи, тежамкор одамлар бетиним меҳнат қиляпти. Улар яратган маҳсулотларни ким харид қилади? Албатта ўзлари. Эхтиёжи қонгач, одамлар пул сарфлашни тўхтатади/камайтиради. Шундан сўнг меҳнат қилишдан нима маъни бор? Ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ҳеч ким олмайди-ку! Менимча, барчанинг қаттиқ меҳнат қилиши ва айни дамда барчанинг тежамкор бўлиши мумкин эмас. Кимнингдир бойиши кимнингдир исроф қилишини (эҳтиёжларнинг тинимсиз ортиб бориши, ортмаса, сунъий тарзда орттирилишини) тақозо қилади. Капитализм камчиликнинг меҳнат қилиб тежаши, кўпчиликнинг меҳнат қилиб, топганини совуриши (консумеризм) билан ривожланади.

Афтидан протестант теологлари қош қўяман деб кўз чиқарган. Табиий, улар бугунги кундаги капитализмни орзу қилмаган. Улар капиталист ҳам, иқтисодчи ҳам бўлишмаган. Шунчаки ҳаммани Худо йўлида меҳнат қилишга (бойлик ҳам ўз-ўзидан тўпланаверади) чақирган. Бироқ улар бу ахлоқнинг шахс учун аҳамияти ҳақида ўйлаб, унинг жамият учун ялпи оқибатини эътибордан четда қолдирган. Бошқача айтганда, қисмга қўйилган талаб, бутунда акс таъсир берган. Улар Худонинг ғазабига сабаб бўлади деган иллат – исроф, меъёрдан ортиқ лаззату фароғатга ўчлик, кутилмаганда, айни шу пуританча ахлоқнинг ўзидан ўсиб чиқди. Унга амал қилган озчилик бойигандан бойиди. Ҳамма амал қилганда эди, табиий, ҳеч ким бойимасди. Ажабки, озчиликнинг “шафоат”и кўпчиликнинг “залолат”ига сабаб бўлди.

Хулоса:

Барча бирдек тежамкор бўлган жамиятда капитализм ривожланмайди.

Кимнингдир тер тўкиб меҳнат қилиши бошқа бирининг эҳтиёжи ўсиши билан параллел равишда кечади.

Вебер назарда тутган протестант ахлоқи жамиятдаги озчиликнинг ахлоқи бўлгандагина капитализмга туртки беради. Акс ҳолда, жараён тескари тус олади.

****

Протестант ахлоқи капитализм ривожининг ягона ва етарли омили эмас, албатта. Буни Вебернинг ўзи ҳам эътироф этган. У моддий ишлаб чиқаришни мафкуравий жараёнлар учун пойдевор деб билувчи марксистик ёндашувни инкор этмаса-да, унинг чекланганлигини таъкидлайди. Шунга қарамай, қай турдаги диний ёки дунёвий мафкуранинг устун келиши ўша даврдаги иқтисодий ва сиёсий талаб билан боғлиқлиги, ўша талабнинг қондирилишига хизмат қилувчи таълимотларгина кенгроқ тарқалиши ва таъсири кучли бўлиши маълум бўлиб қолган.

Advertisements

One thought on ““ПРОТЕСТАНТ АХЛОҚИ ВА КАПИТАЛИЗМ РУҲИ”НИ ЎҚИБ

  1. Pingback: “Протестант ахлоқи ва капитализм руҳи”ни ўқиб… | ТАФСИЛОТ

Izoh qoldirish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s