Скептикликнинг аҳамияти ҳақида

Бертран РАССЕЛ

СЎЗБОШИ

Миллатчилар, ирқчилар ва диний мутаассиблар ўз тарафдорларини инсонларнинг ақлини эмас, ҳиссиётини қўзғовчи мантиқан саёз, етарлича асосланмаган шиорлар орқали кўпайтиришга уринади. Инсоннинг муайян гуруҳга (миллат, дин, ирқ, партия) мансублигини ҳис этиши, бошқача айтганда, муайян гуруҳга дахлдорлик туйғуси мудом ақлни хиралаштириб, уни нохолис фикрлашга, ёлғон ғояларга ишонишга ундайди. Айниқса, бу “Биз” ва “Ўзга”га бўлган муносабатда яққол намоён бўлади. Душманнинг мудҳишлигига бўлган ишонч, ҳатто у ёлғон бўлганда ҳам, гуруҳни янада жипслаштиради. Шунинг учун ҳам раҳнамолар душман тарафнинг қанчалар ғаддорлиги ҳақида тинмай бонг уради. “Биз” ва “Ўзга”нинг муштарак жиҳатлари, умумий манфаатлари унутилиб, фарқли жиҳатларига урғу берила бошлайди. Одамлар ўз миллатдошлари, диндошлари ҳақидаги бор гапни ҳазм қила олмайди. Оқибатда эса миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик каби умуминсониятга хизмат қилувчи ғоялар ўрнини тоқатсизлик, мутаассиблик эгаллай боради. Хўш, бундай вазиятда йўлни йўқотмаслик, лўттибозлар алдовига чув тушмаслик учун нима қилмоқ лозим? Инглиз математиги ва файласуфи Бертран Рассел (1872–1970) икки жаҳон урушига гувоҳ бўлган инсон сифатида одамларда гуруҳий эмас, балки индивидуал ўзига хосликларни шакллантириш орқали биз юқорида эслатган иллатларнинг олдини олиш мумкин деб ҳисоблайди. Бу индивидуал ўзига хослик ва масъулият туйғуси қандай шаклланади? Инсонларга фикрни эмас, фикрлашни ўргатиш орқали! Фикрлаш эса муайян туртки бўлмаса, ўз-ўзидан юзага келмайди. Агар ёш болага маълум бир фикр мутлақ ҳақиқат ўлароқ ўргатилса, унинг фикрлашига эҳтиёж қолмайди. Унинг учун ўзгалар бош қотириб масалани ҳал қилиб бўлган-да.

Инсон табиатан тақлидчи бўлиб туғилади. Ахир, бола ўзи мансуб миллатнинг тилини ўрганиши, ижтимоий меъёрларини ўзлаштириши учун тақлидчилик зарур. Тақлид қила олиш қобилиятисиз боланинг ижтимоий адаптацияси тўхтайди. Бироқ баъзиларда тақлид барвақт йўқолса, баъзиларда умр бўйи сақланиб қолади. Эволюция жараёнида пайдо бўлган бу хусусият болалар учун фойдали, катталар учун эса зарарлидир. Таълим гўдакни шахсга айлантириши учун ундаги тақлидчилик инстинктини заифлаштириши керак. Бунга қандай эришилади? Тақлидчилик ва ишонувчанликка энг катта зарба берувчи хусусият – инсондаги скептикликдир. Тўғри, баъзилар скептиклик деганда ҳар нарсага ҳуда-беҳуда шубҳаланаверишни тушунади. Бироқ Рассел тақлидчилик ва ишонувчанликка зиддизаҳар сифатида таклиф этаётган скептиклик, агар етарли асос бўлмаса, ҳеч қандай ғоя, фикр ёки таълимотга ишонмасликни англатади. Яъни фикр, ғоя унинг асоси билан бирга берилиши зарур. Асосланмаган фикр эътиборсиз қолдирилади. Бир қарашда содда кўринган бу принцип инсонни мустақил шахсга айлантиришда қўл келади.

Нима учун айрим одамлар скептикликни, шубҳаланишни хуш кўрмайди? Чунки одамларнинг ишонувчанлигидан фойдаланиб, давру даврон сураётганлар буни истамайди. Барча дардга даво бўлувчи “дори-дармон”ларнинг, харид қилмасангиз ҳаётингиз мазмунини йўқотадиган матоҳларнинг сотилиши, хайрия ҳисобига кун кўрувчи, керак бўлса, жаннатдан жой ваъда қилувчи лўттибозларнинг тақдири ишонувчан, содда инсонларнинг борлигига чамбарчас боғлиқ. Улар скептикларга қарши тинимсиз курашади, ишонувчанликни эса юксак инсоний фазилат сифатида кишилар онгига сингдиради. Ишонувчанлик эътиқод ва садоқат билан, шубҳакорлик эса эътиқодсизлик, принципсизлик ва бетайинлик билан боғлаб тушунтирилади. Оқибатда китоб, газета-журналда нима ёзилса, обрўлироқ шахс нима айтса, шунга сўзсиз ишонадиган ақлан сўқир авлод пайдо бўлади.

Кўр-кўрона эргашиш инсонда масъулият ҳиссини ўлдиради. Қарорни мен чиқармаганман, таълимотни мен яратмаганман, умуман, мен туғилганимда ҳаммаси шундай эди, ҳамма нарса бизгача қилиб бўлинган қабилидаги баҳоналар тараққиёт кушандасидир.

Ўқувчи эътиборига ҳавола этилаётган ушбу эссе 1928 йили ёзилган (қаранг: Bertrand Russell. Sceptical Essays. London: Routledge, 2004, pp. 1-14). Унда ўша давр Европадаги ижтимоий-сиёсий кайфият сезилса-да, муаллифнинг рационаллик ва иррационаллик, ишонч ва унинг асосланганлиги масаласида билдирган фикрлари бугун ҳам аҳамиятини йўқотмаган. Зеро, инсон табиати бир-икки асрда ўзгариб қолмайди.

Таржимон

****

Сиртдан қараганда хийла парадоксал ва зарарлидек туюлиши мумкин бўлган таълимотни ўқувчи эътиборига муҳокама учун ҳавола этмоқчиман. Унинг моҳияти бундай: тўғри деб ҳисоблаш учун ҳеч қандай асос бўлмаган мулоҳазага (пропозиция) ишониш номақбулдир. Бу қоидага барча бирдек амал қилиши ижтимоий ҳаётимиз ва сиёсий тизимимизни – улар ҳатто мукаммал шаклланган бўлса ҳам – ўзгартириб юбориши мумкин. Айни шу жиҳати таълимотнинг рад этилишига сабаб бўлади. Шунга ҳам аминманки (буниси янада жиддийроқ), мазкур қоида – хоҳ ҳозир, хоҳ келажакда бўлсин – ҳаётида мақтагули бирор иш қилмаган, содда кишиларнинг иррационал орзу-умидларидан фойдаланиб кун кўрадиган башоратгўйлар, букмейкерлар, епископлар ва бошқаларнинг нонини яримта қилиши мумкин. Ана шундай эътирозларга қарамай, ўз нуқтаи назаримни ҳимоя қилишга уриниб кўраман.

Аввало, мени кескин йўлни тутганликда айблайдиганларга жавоб берсам. Мен муросасозлик ва мўътадилликка инглизларга хос хайрихоҳлиги бўлган британ вигиман (либералиман). Пирронизм (скептицизм авваллари шундай номланарди) асосчиси Пиррон айтадики, бир хатти-ҳаракат бошқасидан афзалроқ эканини ҳеч қачон билолмаймиз. Пиррон ҳақида бундай ҳикоя бор. У бир куни кечки сайрга чиққанида фалсафа муаллими (у шу устоз қўлида таълим олган эди) ариққа ағанаб ётганини кўриб қолибди. Бир оз мулоҳаза қилиб кўргач, уни ариқдан тортиб олиш хайрли иш бўлишига асос топмабди-да, йўлида давом этибди. Ундан кўра мўътадилроқ бўлган скептиклар эса муаллимни ариқдан чиқарволишибди-ю, Пирронни эса бераҳмликда айблашибди. Шунда ҳам ўз принципларига содиқ муаллим Пиррондаги фикр ва амал бирлигини мақтаган экан. Мен, тўғриси, бундай  “қаҳрамонона” скептицизмни ёқламайман. Балки  кундалик соғлом фикрга таянган ишончни, назарий жиҳатдан бўлмаса-да, амалий жиҳатдан маъқуллайман; фаннинг тўла асосланган хулосаларини шубҳадан холи ҳақиқат деб билмасам-да, улар хатти-ҳаракатимизни оқилона йўлга солиш учун етарлича тўғри деб ҳисоблайман. Агар фалон куни Ой тутилади дейилса, бу башорат ўша кунни кутишга арзийди. Пиррон эса бошқача ўйлаган бўларди, албатта. Шу нуқтаи назардан, менинг ўрталиқдаги мавқени ҳимоя қилишимни оқлаш мумкин.

Баъзи масалаларда, дейлик, Ойнинг тутилиш вақтини аниқлашда мутахассислар қийинчиликсиз бир тўхтамга кела олади. Бироқ шундай масалалар ҳам борки, улар ҳақида мутахассислар фикри бир жойдан чиқиши душвор. Ҳатто барча мутахассислар фикри бир жойдан чиққанда ҳам, улар хато қилаётган бўлиши мумкин. Айтайлик, Эйнштейннинг гравитация ёруғлик нури йўналишини ўзгартириши ҳақидаги хулосасини бир неча йил аввал деярли барча мутахассислар инкор қилган эди. Бироқ у ҳақ бўлиб чиқди. Шунга қарамай, агар бирор соҳа мутахассислари муайян масала юзасидан якдил хулосага келса, шу соҳага алоқаси бўлмаган барча кишилар улар хулосасини ҳақиқатга яқинроқ деб қабул қилиши мақсадга мувофиқ. Бинобарин, мен ёқлайдиган скептиклик қуйидагича: 1) агар бирор соҳа мутахассислари якдил фикрда бўлса, унга қарама-қарши фикр шубҳасиз тўғри деб қаралмайди; 2) агар улар якдил бўлмаса, ҳеч бир фикрнинг ҳақиқатлиги аниқ эмас; 3) агар улар хулоса чиқариш учун етарли асос йўқ дея ягона тўхтамга келса, мутахассис бўлмаганлар ҳам бу борада хулоса чиқаришга шошилмай, уни ортга суради.

Бу қоидалар бир қарашда қатъий туюлмаса-да, амалга татбиқ этилса, инсон ҳаётини буткул ўзгартириб юбориши мумкин.

Кўпчилик одамлар астойдил ишонадиган шундай таълимотлар борки, ким уни қабул этмаса, таъқиб қилинади, жазоланади. Бундай таълимотларга мазкур уч қоида ёрдамида баҳо бериш мумкин. Агар фикр етарлича далилланган бўлса, одамлар уни шунчаки гапириш ва у амалда қанчалик иш беришини текшириш билан кифояланади. Бундай фикрлар кучли ҳис-туйғуга берилмай ҳимоя қилинади. Уларга бўлган ишонч туйғуларга таянмайди, асослар эса хотиржамлик билан келтирилади. Кучли эҳтирос-ла йўғрилган фикрлар эса, аксинча, одатда асоссиз бўлади. Эҳтирос ишончнинг норационал эканига далолат қилади. Сиёсат ва динга дахлдор фикрлар доимо ҳиссиётга қоришиб кетади. Хитойни истисно қилганда, бошқа ерда инсоннинг дин ва сиёсат бобида қатъий қарашга эга эмаслиги унинг ожизлигини кўрсатади, деб ҳисоблашади;[1] одамлар ўзларининг мутаассиб мухолифларидан кўра ҳам кўпроқ скептиклардан нафратланади. Улар реал ҳаёт бундай масалаларда аниқ мавқега эга бўлишни талаб қилади, ҳар бир нарсада ақлга таянсак, жамият ҳаёти издан чиқади, деб ишонади. Мен бу каби гапларга қўшилмайман.

1920-йиллардаги ишсизлик масаласини олайлик. Бир тоифа кишилар буни касаба уюшмаларининг бузғунчилигидан кўрди. Бошқа тоифа эса уни қитъадаги беқарор вазият билан боғлади. Учинчи тоифа кишилар, аввалги икки тоифа келтирган сабабларни тан олган ҳолда, асосий айбдор деб фунт стерлинг қадрини оширишга уринган Англия банкини кўрсатди. Учинчи тараф, чамаси, асосан мутахассислардан иборат эди. Сиёсатдонлар партия баёнотларига киритиб бўлмайдиган фикрларга қўшила олмасди. Оддий одамлар эса айбни душманларнинг ҳийла-найрангига тақайдиган тоифа гапларини маъқулларди. Оқибатда бировлар номақбул чора-тадбирларни ёқлаш, бошқалар уларга қарши курашиш билан овора бўлди. Рационал нуқтаи назарда турган озчиликни ҳеч ким эшитмади. Чунки уларнинг мулоҳазалари ҳиссиёт уйғотмас эди-да! Улар аҳолини ишонтириши учун Англия банкини бузғунчи қилиб кўрсатиши зарур бўларди. Лейбористларни ишонтириш учун эса банк директорларини касаба уюшмаларига душман деб, Лондон епископини ишонтириш учун эса уларни “ахлоқан бузуқ” деб айблаши тақозо этиларди. Шундан кейингина уларнинг эътиборини банк валюта масаласида хатога йўл қўйганига қаратиш мумкин эди.

Ёки бошқа бир мисол. Социализмнинг инсон табиатига зидлиги ҳақида кўп гапирилади. Бу фикр қанчалик ҳиссиёт билан ҳимоя қилинса, социалистлар ҳам уни ўшандай қизғинлик билан инкор этади.  Доктор Риверс (бу зотнинг вафотидан қайғумни сўз билан ифодалаш қийин) ҳаётининг сўнгги дамларида шу мавзуда Коллеж Университетида (University College) ўқиган маъруза унинг вафотидан кейин “Психология ва сиёсат” номи билан китоб ҳолида босилиб чиқди. Бу ҳозирча мен билган ягона илмий таҳлилдир. Унда меланезияликлар ҳаётидан социализм инсон табиатига зид эмаслигини кўрсатувчи антропологик маълумотлар келтирилган. Шунингдек, муаллиф меланезиялик ва европалик инсоннинг табиати қанчалар ўзаро фарқли ёки ўхшаш экани номаълумлигини таъкидлайди. Сўнгида эса бундай хулоса чиқаради: социализм европалик инсон табиатига мувофиқ келадими ёки йўқ – буни синаб кўргачгина биламиз. Бу хулосаси билан доктор Риверс лейбористлар намояндаси бўлишга жазм қилса ажабмас. Бироқ сиёсий баҳсларда аланга олувчи ҳиссиётлар оловини кучайтира олмаслиги тайин.

Одамлар босиқлик билан муносабат билдириши қийин бўлган бошқа бир мавзу – никоҳ масаласини олайлик. Ҳар қандай юрт аҳолиси ўзиникига ўхшамаган никоҳ шаклини ахлоқсиз деб билади. Баъзилар ўзининг тийиқсиз ҳаёт тарзини оқлаш учун ҳукмрон қарашларга қарши курашади. Ҳиндлар бева аёл қайта турмуш қилиши ҳақидаги ўйданоқ даҳшатга тушади. Католик мамлакатларида никоҳ риштасини узишга бузуқлик деб қаралса-да, лекин баъзан хиёнатга, айниқса, уни эр содир этса, тоқат қилинади. Америкада ажралиш ихтиёрий, бироқ никоҳсиз яқинлик қораланади. Мусулмонлар эса биз зарарли деб билган кўпхотинлиликка ижобий қарайди. Бу каби турфа фикрлар таассуб-ла ҳимоя қилинади, тақиқларни бузганлар оғир жазога дучор этилади. Бироқ бу давлатлардаги бирор кимса ўз халқи удумлари ўз халқлар удумларидан кўра инсонни кўпроқ бахтли қила олишини асослашга уринмайди.

Шу ҳақдаги илмий адабиётларни, дейлик, Уэстермаркнинг “Никоҳ тарихи” китобини варақласак, омманинг хурофий ишончидан мутлақо фарқли манзарага дуч келамиз. Биз инсон табиатига буткул зид деб биладиган одатлар башарият тарихида кўплаб бўлганини кўрамиз. Биз кўпхотинлилик удумини золим эркаклар аёлларга мажбурлаб тиқиштиради деб ўйлаймиз. У ҳолда Тибетдаги “бир хотинга кўп эркак” удумини қандай изоҳлаш мумкин? Тибетга саёҳат қилганлар у ердаги оилалар Европадагидек барқарор, уйғун ҳаёт кечиришини айтади. Бу каби маълумотлар билан танишиш холис фикрловчи ҳар қандай кишини скептикка айлантириб қўяди. Зеро, бир никоҳ шакли бошқасидан яхшироқ ёки ёмонроқлигини асослаш учун далил йўққа ўхшайди. Жамиятдаги аксар кишилар умумқабул қилинган меъёрларга итоат этмайдиган кишиларга бешафқат ва бетоқатларча муносабатда бўлади. Шуни ҳисобга олмаганда, уларни боғлаб турувчи бошқа умумий жиҳатлар йўқ. Афтидан, гуноҳ ҳам жуғрофий ҳудудга боғлиқ, яъники нисбийдир. Ана шу хулосадан “гуноҳ” ҳам шунчаки иллюзия экан, уни содир этганларни жазолаш эса ортиқча, деган хулосага атиги бир қадам қолади. Бу хулосани кўпчилик қабул қила олмайди. Шафқатсизлик билан жазолаш ва айни чоқда виждонни “тоза” сақлаб қолиш моралистларга завқ бағишлайди. Мана шунинг учун улар дўзахни ўйлаб топ ган.

Инсон онгига кучли таъсир этувчи мужмал эътиқодларнинг ёрқин намунаси миллатчиликдир. Дангал айтиш мумкинки, жаҳон уруши ҳақида илмий асар ёзаётган тарихчи ҳозир чиқараётган хулосаларини агар ўша даврда айтса борми, уруш ҳолатидаги қайси давлатда бўлмасин, уни шубҳасиз қамоққа тиқишарди. Хитойни ҳисобга олмаганда, ўзи ҳақида айтилган гапгага чидаб берувчи бирорта халқ йўқ. Тинчлик вақтида ҳақиқатни рўйи-рост айтишга одобсизлик, уруш даврида эса жиноят деб қаралади. Ўзаро қарама-қарши эътиқодларнинг ёлғонлигини уларнинг муштарак миллий манфаатларга эга кишиларгагина маъқул келганидан ҳам билса бўлади. Ўтмишда диний эътиқодларни мантиқан таҳлил этиш нечоғли бузғунчилик деб ҳисобланган бўлса, бугун миллатчилик руҳидаги эътиқодларга “тош отган”ларга ҳам худди шундай айб қўйилаётир. Агар одамлардан шундай масалаларда нега скептицизмга муносабатингиз салбий, деб сўрасангиз, жавоб битта – миф урушларда ғалаба қозонишга ёрдам беради, ақлга таянган миллатлар ўлдирмайди, оқибатда ўзи ўлдирилади. Бошқа халқлар ҳақида турли ёлғон-яшиқ гапларни тарқатиш орқали ўз нуқсонини яширишга уриниш шармандалик эканини, фикримча, квакерларни истисно қилсак, профессионал моралистлар ҳозирча тан олмаяпти. Ақлли миллат, барибир, урушдан тийилиш йўлини топади, деган фикр олға сурилса, бунга қарши ҳақоратли жавоблар янграйди.

Хўш, агар оқилона скептицизм одамлар орасида кенг ёйилса, у қандай оқибатларга элтиши мумкин? Инсон хатти-ҳаракатлари эҳтирослар ва уларга эш бўлувчи мифлар таъсирида кечади. Психоаналитиклар ойпарастларда (лунатиклар) ушбу жараён очиқ ва яширин шаклларда учрашини кузатишган. Ҳаётида қаттиқ таҳқирланган, хўрланган инсон уйдирма фаразларни ўйлаб топади. Масалан, ўзини Англия қироли деб атайди ва шу мақомга яраша ҳурмат эътибор кўрсатилмаётганини асослашга уринади. Бироқ яқинлари унинг иллюзиясига ишонмайди ва бир хонага қамаб қўяди. Агар у бир ўзининг эмас, миллати, синфи ёки эътиқодининг буюклигидан сўзлаганда эди, унинг гаплари холис кузатувчига жиннихона аҳлининг бемаъни валдирашидек туюлса ҳам, барибир, сон-саноқсиз тарафдорга эга бўлар, сиёсий ёки диний раҳнамога айланарди. Шу тарзда бутун жамоанинг ақлдан озиши бир шахснинг ақлдан озишида ўзини намоён этувчи қонуният асосида пишиб етилади. Ўзини Англия қироли санайдиган телба билан тортишиш ортиқча эканини ҳамма билади, жиллақурса уни бир хонага қамаб, енгиш мумкин. Аммо бутун бошли халқ шундай ёлғонга ишониб қолган бўлса-чи, унинг даъволари инкор қилинса, ўша ойпарастдек ғазабланса-чи – бундай вазиятда урушдан бошқаси бу халқнинг ақлини киритиб қўёлмайди.

Инсон феъл-атворида интеллектуал омил қанчалик роль ўйнаши борасида психологлар якдил фикрда эмас. Икки тур савол бор: 1) эътиқодлар хатти-ҳаракатларга қанчалик таъсир этади; 2) эътиқод мантиқан изчил далилларга нечоғли таянади ёки умуман далилга таяниши мумкинми? Ҳар икки саволга жавоб берар экан, психологлар интеллектуал омил таъсири ўйлаганимиздан анча заиф эканини таъкидлайди. Ушбу омил таъсири оз экани борасида барча мутахассислар умумий қарашга эга бўлса-да, умумийлик манзарасида ҳам турлича муносабатлар бор. Келинг, шу икки саволни кетма-кет кўриб чиқайлик.

1. Эътиқод хатти-ҳаракатга қанчалик таъсир этади? Саволни назарий таҳлил этишга тутинмай, оддий инсоннинг кундалик ҳаётидан сўз очай. У бирор нарсага ишонгани учун эмас, одат бўлиб қолгани учун эрталаб ўрнидан туради, нонушта қилади, поездга чопади, газета ўқийди, ишга боради. Ҳаммаси одатга мувофиқ кечади. Албатта, қачонлардир бу одатлар шаклланаётганда, масалан, иш жойини танлаётганида унинг эътиқоди роль ўйнаган. У ўша вақтда ўзига таклиф этилаётган иш ўзи истагандек эканига ишонгандир. Аксарият кишиларда ишонч илк бор касб танлаётганда намоён бўлади. Қолгани эса шу танлов ҳосиласи, холос.

Агар у оддий ходим бўлса, унинг фаолияти одатан ҳеч қандай ортиқча истак, ишонч-эътиқодга таянмай, ўзигача белгиланган маромда давом этаверади. Эътироз билдириш мумкин, дейлик, у ҳисоб-китоб билан шуғулланса, ўзи қўллаётган арифметик қоидалар тўғрилигига ишонади. Бироқ бу росмана ишонч эмас, теннисчининг ҳаракатлари каби кўникма, холос. Бу қоидалар улар ҳақиқат эканига ақлан ишониш туфайли эмас, балки муаллимга ёқиш истаги сабабли ўзлаштирилган. Бу худдики кучукнинг ўз эгасидан овқат ундириш илинжида қандай ўтиришни ўрганишига ўхшайди. Таълим доимо шу тарзда бўлади демоқчи эмасман, лекин ўқиш, ёзиш ва арифметика таълими аксар шундай.

Шундай қилиб, юқоридаги танишимиз, раҳбар ходимми ёки йўқми, муҳим масала юзасидан қарор қабул қилиши лозим бўлиб қолди, дейлик. Бундай кезларда ишонч роль ўйнаса ажабмас. У қайси ишлар яхшию қайси ишлар чатоқлиги, кимлар бойиб кетишию кимлар хонавайрон бўлиш арафасида турганини тахмин қилади. Ана шундай ишончлар асосида ҳукм чиқаради. У оддий ходимдан юқорироқ мавқега эга экани боис одатга кўра эмас, ўз ишончига кўра ҳаракат қилиши лозим. Башарти унинг ишончи тўғри чиқса, мўмай пул ишлаб олиши ҳам мумкин.

Оилада ҳам ишончнинг феъл-атворга таъсири шу йўсинда кечади. Унинг хотини ёки болаларига муносабати ҳукмрон одат ёки шу одат таъсирида бир қадар ўзгарган инстинктга мувофиқ келади. Бироқ муҳим масалалар – кимга уйланишни, ўғлини қайси мактабга беришни билмаганида ёки хотинининг ўзига садоқатли эканига шубҳаланганида бунга асос топиш кўпинча одатга хилоф тарзда кечади. У савқи табиий таъсири билан ёки бой деб ҳисоблагани учун бирор аёлнинг қўлини сўраши мумкин. Агар бу хатти-ҳаракат инстинктив бўлса, у қайлиғининг серфазилат эканига шубҳасиз ишонади. Айни шу нарса ўша аёлни танлашининг асл сабабидек туюлади унга. Ваҳоланки, бу ўринда ишонч инстинктнинг кўзгудаги акси кабидирки, унинг танловини ишончни ўртага қўшмай бевосита савқи табиий билан ҳам изоҳлаш мумкин. Болага мактаб танлаш ҳам ишга доир муҳим қарорларни қабул қилишдек бир гапдир. Бунда ишончнинг роли катта. Агар  хотини хиёнат қилаётганига доир бирор далил топса, у яна инстинктларга тобе ҳолатга тушади. Бироқ бунда, аксинча, савқи табиий ишонч таъсирида ҳаракатга келади.

Демак, ишонч феъл-атворимизнинг жуда оз қисмига бевосита таъсир ўтказса-да, бироқ ҳаётимизнинг энг муҳим дақиқаларида ҳал қилувчи роль ўйнайди. Хусусан, диний ва сиёсий амалларимиз ишонч-эътиқод билан чамбарчас боғлиқ.

2. Энди галдаги саволга ўтсам. Бу саволни икки қисмга ажратиб таҳлил қилиш мумкин: а) ишонч-эътиқод қанчалик далилга таянади; б) далилга таяниш мумкинми ўзи ёки бу қанчалик зарур?

а) Ишончнинг далилланганлик даражаси ишонувчиларнинг тасаввуридагидан анча паст. Бирмунча рационал саналган бир ҳолатни олайлик.  Лондон ситилик йирик бир молиячи бир соҳага сармоя киритди. Унинг, дейлик, француз франкининг қиймати тушиши ёки кўтарилишига доир фикри сиёсий симпатиясига ва каттагина  маблағини ана шундай қалтис ишга тика олишига боғлиқ. Банкротликни келтириб чиқарувчи энг кучли сабаблардан бири, одатда, ҳиссий омиллардир. Сиёсат ҳақида фикр билдириши тақиқланган давлат хизматчилари қарашларини ҳисобга олмасак, сиёсий фикрлар камдан-кам ҳолларда далилга таянади. Истиснолар бор, албатта. Бир неча йил муқаддам тарифларни ислоҳ қилиш юзасидан бўлган тортишувларда аксарият ишлаб чиқарувчилар фойдани янада оширувчи тадбирларни қувватлаб чиқди ва фикрларини, гарчи гап-сўзлари тингловчини у қадар ишонтиролмаса ҳам, етарлича далилланган деб даъво қилди. Ана шу ерда вазият чигаллашади. Фройдчилар бизга ўз хулқимизни “рационаллаштириш”ни, яъни аслида иррационал бўлган фикр ва қарорларимизга рационал тус беришни ўргатди. Шунингдек, айниқса, инглиззабон мамлакатларда, бунинг акси – “иррационаллаштириш” деб номласа бўладиган жараён мавжуд. Зийрак одам ўзи англамаган тарзда эгоистик нуқтаи назардан масаланинг кучли ва заиф жиҳатларини таққослаши мумкин. (Ўз фарзанди тақдирига дахлдор масала бўлмаса, инсон камдан-кам ҳолларда ўз нафсини четга суриб, холис мулоҳаза юритади.)  Англанмаганлик “қўллови” билан мақбул эгоистик қарорга келингач, одам жамият учун нечоғли катта қурбонликлар бераётганини кўрсатиш учун турли-туман важ-карсонларни ўйлаб топади ёки уларни бошқалардан ўзлаштиради. Айтаётган гапига чиндан-да ишонаётган одам, ҳамонки унинг ишончи узи даъво қилганчалик амалда иш бермаётган экан, у ҳолда далилларни тўғри баҳолай олмаётганини гумон қилиши лозим. Бу ҳолатда киши аслидагидан ҳам кўра кўпроқ ақлсиз бўлиб кўринади. Қизиғи шундаки, унинг иррационал жиҳати англанган, рационал жиҳати эса англанмагандир. Айни шу ҳолат инглиз ва америкаликларни омадли одамларга айлантирган.

Чинакам зийраклик табиатимизнинг англанган эмас, англанмаган қатламига мансубдир. Бу – бизнесда муваффақият келтирувчи зарур фазилат. Ахлоқий нуқтаи назардан эса, у худбинлик билан боғлиқ экани сабабли мақтагулик эмас. Шунга қарамай, у одамларни оғир жиноятлардан тияди. Агар бу хусусият олмонларда бўлганида, улар сувости кемалари жангларига асосий эътиборни қаратмас, французларда бўлганида, Рурда бўлганидек қилмишлар содир этмас, Наполеонда бўлганида, Амьен шартномасидан сўнг урушни қайта бошламас эди. Баъзи бир истиснолар билан шундай умумий қоидани баён қилиш мумкин: қачонки одам ўз манфаатини аниқлашда хато қилса-ю, бироқ буни тан олмай ўзини ҳақ деб туриб олса, бу ўзгалар учун баттар зарарроқдир. Бинобарин, инсон ўз манфаати нимада эканини билиши фақат яхшиликка хизмат қилади. Ўз манфаатига терс эканига ишонса ҳам, ахлоқий асосга таяниб, бирор ишга қўл урган ва бахтли ҳаётга эришган инсонлар оз эмас. Масалан, аввалги квакерлар орасида бошқалар каби харидор билан узоқ савдолашмай у бера оладиганидан ортиқ ҳақ талаб қилмасдан сотиб юборадиган кўплаб савдогарлар бор эди. Улар фойда олиш учун меъёридан ортиқ ҳақ сўрашни алдов деб биларди. Харидорга қулай бўлганидан ҳамма уларнинг дўконига келарди, шу тариқа улар бойиб борарди. (Буни қаерда ўқиганимни ҳозир аниқ эслолмайман, лекин ишончли манбадан эканига аминман.) Ҳар ким ўз заковатига таяниб шу йўлни тутиши мумкин эди-ю, бироқ ҳеч ким бу қадар закий эмасди. Онгостимиз бизга ўзимиз чамалаганимиздан кўра кўпроқ зарар келтиради. Шунинг учунми, ахлоқий талабларга бўйсуниб, ўзига зарар етишига ишонса ҳам, йўлидан қайтмайдиганлар, аслида, ўз манфаатига хизмат қилаётган бўлади. Бошқа бир тоифа одамлар онгли ва рационал фикрлашга, эҳтирос оловини ўчиришга уринади. Яна бошқа бир тоифа инстинктив тарзда заковатли бўлади. Яна бири эса ўзгаларни хароб қилиб, охири ўзи ҳам хонавайрон бўладики, бунда ёвуз нияти заковатига халал беради. Охирги тоифа Европа аҳолисининг 90 фоизини ташкил этади.

Мавзудан бир оз четга чиққандек туюлишим мумкин. Бироқ “закийлик” дея аталмиш англанмаган тарзда воқе бўлувчи ақлни унинг англанган туридан фарқлаб олишимиз лозим. Ўқитишнинг анъанавий методлари англанмаганликка деярли таъсир этмайди. Яъни закийликни ҳозирги таълим усуллари орқали шакллантириб бўлмайди. Ахлоқни ҳам, унинг урф-одатлардан иборат қисми бундан мустасно, ҳозирги усуллар воситасида ўқитиб бўлмайди. Қуруқ насиҳату даъватлар инсон хулқига ижобий таъсир этганини кузатмаганман. Шу боис мазкур соҳалардаги ижобий ўзгаришлар фақат интеллектуал воситалар орқали амалга ошиши мумкин. Биз инсонни қандай қилиб фазилатли ва заковатли қилиб тарбиялашни деярли билмаймиз, бироқ уни рационал, ақлга мувофиқ иш тутувчи инсон қилиб тарбиялашни бир қадар биламиз. Хуллас, таълимга муносабатни ўзгартирмоқ зарур. Балки келажакда инсон танасидаги турли гармонлар нисбатини манипуляция қилиш орқали унда зарур фазилатларни ярата олармиз. Лекин ҳозир ахлоқий фазилатларни тарбиялашдан кўра рационалликни, яъни ўз қилмишимиз оқибатларини аввалдан кўра билиш малакасини камол топтириш қулайроқ.

б) Юқоридаги мулоҳазалардан қуйидагича савол туғилади: инсон хатти-ҳаракати ақлга қанчалик мувофиқ бўла олади ёки бўлиши лозим? Келинг, аввал “бўлиши лозим”ни муҳокама қилайлик. Менимча, рационалликда ҳам муайян меъёр бўлиши зарур. Керагидан ортиқ рационаллик ҳаётимизнинг айрим жиҳатларига фойдадан кўра зарарлироқдир. Лейбниц кексайган чоғида ёзган бир мактубида умри бўйи атиги бир марта – ёши элликка борганда бир аёлнинг қўлини сўраганини айтади. “Бахтимга, ўша аёл ўйлаб кўриш учун муҳлат сўради. Бу орада мен ҳам ўз таклифимни яна бир бор мулоҳаза қилиб кўрдим. Оқибатда фикримдан қайтдим”, дейди у. Ҳа, Лейбниц рационал йўл тутганига шубҳа йўқ. Бироқ мен унинг тутумини ёқламайман.

Шекспир яхлит тасаввур пайдо қилиш учун “ойпараст, ошиқ ва шоир”ни ёнма-ён тилга олади. Муаммо – онгимиздаги шоирлик ва ошиқликни ойпарастликдан ажратиб, алоҳида сақлаб қола олишимизда. 1919 йили “Олд Вик” театрида “Троялик аёл” спектаклини томоша қилдим. Унда юнонлар келажакда иккинчи Ҳектор бўлиб етишмаслиги учун Астианактни жуда даҳшатли тарзда ўлдириши саҳнаси бор. Томошабинлар орасида кўзига ёш олмаган одам қолмади ҳисоб. Айни пайтда, залдагилар юнонларнинг бу қадар шафқатсиз бўлганига ишонгилари келмасди. Театрда кўзёш тўккан ўша одамлар Еврипиднинг хаёлига ҳам келмаган  шафқатсизликка қўл урди. Улар урушдан сўнг (Биринчи жаҳон уруши назарда тутилмоқда –тарж.) Германия ва Россияни қамал қилган ҳукуматга овоз берди. Бу қамалларда сон-саноқсиз болалар нобуд бўлди. Шунга қарамай душман давлатлар аҳолисини камайтириш мақбул иш деб топилди. Ахир, Астианактга ўхшаган болакайлар бир кун келиб оталарига тақлид қилишлари, ҳатто улардан ўзиб кетишлари мумкин эди-да. Шоир Еврипид томошабинлар қалбида муҳаббат уйғотди, аммо улар театрдан чиқиши ҳамоноқ ошиқ ва шоир унутилди, (савдойи қотил қиёфасидаги) ойпараст ахлоқий фазилат ва эзгулик ҳақида ўй сурган бу эркагу аёлларнинг сиёсий истакларини йўналтира бошлади.

Ойпарастни йўқ қилиб шоир ва ошиқни сақлаб қолиш мумкинми? Бу уч хислат ҳар биримизда озми-кўпми бор. Ёки улар бир-бирига шу қадар чирмашиб кетганки, ажратиш имконсизми? Мен бундай деб ўйламайман. Ҳар биримизда санъат, муҳаббат ёки нафратда ўзини намоён қиладиган энергия мавжуд. Замонавий саноатлашган жамиятнинг темир интизоми инсон ҳур ва яратувчан бўлмаслиги, турғун ва сирли қолиши учун ижодкорликни қафасга тиқди, ўлдирди. Эркин фаолият юритиши мумкин бўлган ҳар бир соҳа назоратга олинди, ҳасад, шафқатсизлик ва нафрат эса епископларнинг узун ўриндиқларида ҳам ястаниб ётибди. Инстинктларимизни икки гуруҳга ажратиш мумкин: бири яшаш ва авлод қолдиришга, иккинчиси эса душманларимизни йўқ қилишга йўналган. Биринчиси ҳаётдан завқ олиш, севги ва унинг бир бутоғи бўлмиш санъатга, иккинчиси эса рақобат, ватанпарварлик ва урушга ундайди. Анъанавий ахлоқ биринчисини жиловлаб, иккинчисини рағбатлантириш билан овора. Чинакам ахлоқ эса аксинча бўлмоғи лозим. Севган одамларимиз билан муносабатларимиз ҳиссиёт ихтиёрида, нафратланадиган одамларимиз билан муносабатларимиз эса ақл назоратида қолгани маъқул. Замонавий дунёда кўргани кўзимиз йўқ тоифа асосан хорижликлардир. Ваҳоланки, улар ҳақидаги тасаввурларимиз мавҳум. Шунда ҳам нафратимизни адолат ва қандайдир юксак қадриятлар йўлидаги кураш дея хаспўшлаб, ўз-ўзимизни алдаймиз. Ҳақиқатни тўсиб турган пардани кўтариш учун эса фақат скептиклик ёрдам беради. Шундагина ўзга инсонлар йўлимизда тўсиқ эмаслигини тушуниш, тўлақонли ҳаёт сари интилиш асосига қурилган, буҳуда нафрат ва чекловлардан холи янги ахлоқни ярата олишимиз мумкин. Шундагина ҳасад деган хасталикдан фориғланамиз. Асло хомҳаёл эмас бу! Елизавета даврида бунга қисман эришилган. Агар одамлар ўзгаларни оёғидан чалиш ҳақида эмас, ўз бахти ҳақида ўйласа, ана шу орзу эртагаёқ ушалади. Бу ахлоқ ҳаддан зиёд оғир эмас, агар шунга эриша олсак, курраи заминимиз жаннатга айланади.

Хуршид ЙЎЛДОШЕВ таржимаси

[1] Муаллифнинг Хитой ҳақидаги фикрлари кейинчалик ўзгарган. – Тарж.

Advertisements

Izoh qoldirish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s