АХЛОҚ ПРОГРЕССИ: ТАҲЛИЛ ВА МУНОСАБАТ

Тезис: Илм-фан ва технология, одамларнинг турмуш шароити яхшиланмоқда, бироқ уларнинг ахлоқида илгари силжиш йўқ, аксинча тубанлашиш кузатилмоқда.

Антитезис: Кишилар ахлоқида илгари силжишни инкор этиб бўлмайди.

Ушбу тезис ва антитезисни таҳлил қилишдан аввал қуйидаги саволларга аниқлик киритиб олиш лозим. Ахлоқ ўзи нима? Ахлоқий прогресс нима? Агар ҳақиқатан ахлоқий прогресс ёки  таназзул бўлса, буни қаердан, қайси мезонларга кўра биламиз? Чиқарган хулосамиз бир томонлама ёки миллий ва диний қобиққа ўралган – маҳдуд эмаслигини қандай асослаш мумкин?

Бу ўринда шу каби саволларга мутлақ тўғри жавобни беришни даъво қилмасак-да, уларни имкон қадар таҳлил қилиб, ўз хулосамизни беришга уриниб кўрамиз.

АХЛОҚ НИМА?

Кўпчилигимиз ахлоқ деганда қандайдир мавҳум, минглаб йиллар муқаддам пайдо бўлган, ўзгармас, барча инсоний муносабатларимиз, ҳаттоки соф шахсий қилмишларимизни ҳам тартибга солиши керак бўлган “куч”ни тушунамиз. Бу “куч” асосан виждон, Худонинг қонуни ёки бирор бир мифологик образда ифодаланади. У мутлақ бўлгани  боис ўзгармайди, замон ва маконни тан олмайди, ҳар қандай шароитда инсон хатти-ҳаракатларига баҳо беришнинг бирламчи мезони сифатида ўртага чиқади. Кенг тарқалган айни шу нуқтаи назарга таяниб ижтимоий муносабатлар, қадриятлардаги ҳар қандай ўзгариш ё тубан кетиш ёки ахлоққа мувофиқ дея баҳоланади. Кишиларнинг унга мувофиқ ҳаракат қилиши ахлоқнинг илгарилаши деб тушунилади. Бу ахлоқнинг илгарилашими ёки унга амал қилишнинг илгарилашими? Бизнингча, ахлоқий прогресс ва унга амал қилишдаги илгарилаш айни бир нарса эмас.

Биз ахлоқнинг мутлақ эканлиги, ўзгармаслиги ва барча замонлар ва маконлар учун ягона бўлишини инкор қиламиз. Уни мавжуд шароит ва эҳтиёжларнинг ҳосиласи ва ўз навбатида ўша шароитга яна таъсир этувчи меъёрлар йиғиндиси сифатида кўрамиз. Меъёрлар рационал йўсинда асосланадими, илоҳий куч номи билан асосланадими ёки шунчаки мажбурлов билан – бунинг аҳамияти йўқ.

Ахлоқ муайян жамиятда кишиларнинг ўзаро муносабатларини тартибга солиб турувчи ва ўша жамиятдаги бирлик, барқарорликни таъминлашга хизмат қилувчи меъёрлардир. Уларнинг шахс ва, асосан, жамият манфаати ва эҳтиёжига хизмат қилиши, амалда иш бериши уларнинг мавжудлигини оқловчи бирламчи мезондир. Манфаат ва эҳтиёжлар ўзгариши билан уларга хизмат қилаётган меъёрлар ҳам ўз-ўзидан ўзгаришга учрайди. Зеро, бир муҳитда ижобий натижа берган меъёрлар ўзгарган ёки бошқа бир муҳитда акс натижа бериши мумкин. Эҳтиёж ва манфаатни эски меъёрларга мослаштиришга уриниш эса деярли самара бермайди. Бу чақалоқнинг кийимини катта одамга кийдиришга уринишдек беҳуда иш бўлиб қолади. Бу айниқса турли замонларда яшаган кишиларнинг ахлоққа муносабатидаги фарқда яққол намоён бўлади. Дейлик, бир замонда қулдорлик ахлоқсизлик саналмаган бўлса, бошқа замонда жиноят деб баҳоланиши мумкин ва ҳ.к. Ахлоқий меъёрлардаги ўзгаришни сунъий тарзда жиловлаш, хусусан, уларни миллий ва диний қадрият ўлароқ ўзгармас муқаддас нарса деб билиш, ижтимоий шароит ва хизматини ўтаб бўлган меъёр ўртасида катта жарликни пайдо қиладики, оқибатда жамиятда иккиюзламачилик ва мунофиқлик урчиб кетади. (Диний, миллий ва мафкуравий жиҳатдан маҳдуд халқлардаги бугунги аҳволни кузатсак, буни пайқаш қийин эмас.)

Шу ўринда ахлоқ ўзи қандай пайдо бўлган деган масалага қисқача тўхталсак. Бунинг асосан икки тур изоҳи бор. Биринчиси, ахлоқий меъёрларни Худо ёки худолар жорий қилган дегувчи диний-теологик ёндашув. Ушбу ёндашувга кўра ахлоқ ҳозир қандай бўлса шундайлигича қачонлардир илоҳий куч томонидан инсонларга туширилган ва у ўзгармасдир. Улар турли муқаддас китобларда ёзиб қўйилган. Ушбу ёндашув жамоа бўлиб яшовчи турли ҳайвонлар ҳам муайян тартибда кун кечириши, ов қилиши, бола ўстириши, эркак ва урғочилари ўртасидаги муносабатда аниқ тизимлилик борлиги, ташқаридан қараган кузатувчида улар аниқ бир меъёрларга бўйсунаётгандек таассурот уйғотиши сабабини изоҳлаб бера олмайди. Ўша ҳайвонларга ҳам Худо ўз пайғамбарлари воситасида ахлоқни ўргатганми? Қандай қилиб? Нега уларнинг “ахлоқи” ҳеч ерда ёзиб қўйилмаган бўлса ҳам барчаси муайян тартибга мувофиқ яшайди. Аксариятимиз бунинг сабаби инстинкт, инсонда эса ақл бор қабилидаги жавобларни берамиз. Наҳотки ҳайвонларни бир тартибда, ҳеч қандай ёзилган меъёрлар ва таълимотларсиз уюшиб яшашини таъминлаётган ўша инстинкт инсонда ҳам бўлмаса? Ёзув уёқда турсин ҳатто тил ривож топмаган даврда ҳам инсонлар уюшиб тўда бўлиб яшаган. Эҳтимол аллақачон шаклланиб бўлган, инстинктив асосда бир йўлга тушиб олган муносабатлар кейинчалик муайян меъёрлар кўринишини олгандир. Вақт ўтиши билан бу меъёрларнинг қаердан келиб қолгани ҳақида бош қотирган инсон уларни, дейлик, худодан келган деб талқин қилгандир? Хуллас, саволлар кўп. Диний-теологик ёндашув эса инсоният эволюцияси ва тарихига доир фактларни тизимли тарзда изоҳлаб бера олмайди.

Иккинчи ёндашув эса эволюцион ёндашув бўлиб – биз ҳам шу ёндашувни ишонарлироқ деб ҳисоблаймиз – унга кўра, ахлоқ аввалига примитив шаклда пайдо бўлган ва кейинчалик турлича кўринишга кириб ўзгариб, мураккаблашиб борган, турли даврларда яшаган инсонларнинг маъқул ижтимоий муносабатлар ҳақидаги қарашларини (истак ва идеалини) ўзида ифодалаб келган меъёрлардир. Бу ўринда меъёрнинг ахлоқийлиги унинг ижтимоий муносабатларни қанчалик тўғри ва самарали йўлга қўя олгани, инсонларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлай олгани билан белгиланади. Ахлоқ меъёрий характерда бўлгани боис, кишилар хатти-ҳаракатига таъсир этиб уни йўналтириб турса-да, вақти-вақти билан шароитнинг етилиши орқасидан, ўзи ҳам ўзгара бошлайди. Кичик жамоаларнинг катталашиб, уруғлар, қабилалар, давлатлар пайдо бўлиши, ишлаб чиқариш ва истеъмол муносабатларининг мураккаблашуви инсонларни янги шароитга мослашишга мажбур қилган. Мослашиш эса ахлоқий меъёрларга таъсир этмай қолмайди, албатта. Бунда, айниқса, ислоҳотчи ҳукмдорлар, файласуфлар ва янги вужудга келган динлар муҳим роль ўйнаган. Шароит пишиб етилгач, аввалги қарашлар ахлоқсизлик деб баҳоланган ва янгича қадриятлар кучга кирган. Ахлоқни вужудга келтирган аслида инсондаги жамоавийлик инстинкти ва айни шу инстинктига буйсуниб яшаётган инсонларнинг яшаш шароити, эҳтиёжларидир. Уни ўзгартирувчи ҳам яна шароит ва эҳтиёждир. Ислоҳотчилар эса ўша шароит ва эҳтиёж талабининг ифодачисидир. Зеро бир муҳитда ижобий самара берган меъёрлар, ўзгача муҳитда регрессив таъсир этиши, ижтимоий муносабатларнинг шитоб илдамлашига халал бериши мумкин. Тарихда бу каби ҳолатлар кўп бўлган, меъёрларни мутлақлаштириб, унга илоҳий тус берган, шароитга мослаша олмаган халқлар йўқ бўлиб кетган ёки бошқа халқларга қарам ва қул бўлиб қолган. Ахлоқни ислоҳ қилган шахслар ҳам, бизнингча, ўзи яшаб турган муҳитнинг мевасидир.

Янгича меъёрлар ҳам вақт ўтиши билан эскира боради. Бу билан барча меъёрлар бирдек ўзгаришга учрайди демоқчи эмасмиз. Баъзи меъёрлар турли шароитларга нисбатан умумаҳамиятлилиги билан узоқ яшашда давом этаверади. Масалан, ёлғон гапирмаслик, ўғирлик қилмаслик ҳақидаги меъёрлар маданий ва иқтисодий жиҳатдан турлича ривожланиш даражасига эга барча жамиятларга амалий жиҳатдан фойдали. Яъни, ҳозиргача бирорта жамиятда бу каби меъёрлар регрессив таъсирга эга бўлмаган. Бироқ бошқа бир меъёрлар ҳам борки, умри у қадар узун эмас. Масалан, қачонлардир ҳукмдорлар, диний раҳнамолар, пайғамбарлару авлиёларни танқид қилиш ахлоқсизлик, ҳатто жиноят саналган. Бироқ илм-фан тараққиёти, демократик ва очиқ жамиятларнинг вужудга келиши сўз эркинлиги, танқидий ва холис тафаккур қанчалик фойдали эканини кўрсатиб қўйдики, юқоридаги каби меъёрларга амал қилиш, жамиятда бир қадар ортга кетишга сабаб бўлиши ойдинлашиб қолди. Худоларга инсонни қурбон қилиш, ирқчилик ва қулдорлик ҳам ўз вақтида ахлоқий жиҳатдан нейтрал хатти-ҳаракат саналган бўлса, бугун бунинг мутлақо акси.

Шуларни ҳисобга олиб, ахлоқни замонга мувофиқ тарзда ўзгариб борувчи динамик ҳодиса, деб ҳисоблаймиз. Бу жараённи тўхтатиб қолишнинг имкони йўқ. Тўхтатишга қаттиқ бел боғлаган миллатлар таназзулга учрайди ёки таслим бўлади. Бу каби ўзгаришлар, ҳаттоки, энг консерватив куч саналувчи динда ҳам кузатилади. Бу кўпинча диний матнларни қайта талқин қилиш йўли билан амалга ошириладиган, ўта зиддиятли, мўътадил ва радикал диний жамоалар ўртасида можароларга сабаб бўладиган жараёндир. Радикал қанот аста секин камайиб боради ва камайгани сари янада радикаллашиб, қатъий чоралар кўриш йўлига ўтади. Бу жараён бугуннинг ҳодисасигина бўлмай, инсоният юзлаб шу каби ўзгаришларни бошдан кечирган. Радикаллар аксар ҳолларда енгилган, енгиб чиққан ҳолатларда эса бутун қавмини турғун ҳолатга тушириб, ўзга халқларга қарам қилиб қўйган. Қачонлардир шаънига салгина ножўя сўз айтганлар ўлдирилган Митраю Юпитерларни бугун ҳеч ким эсламайди. Ҳолбуки, айни шу эътиқод ҳимояси йўлида минг-минглаб янги пайдо бўлаётган дин вакиллари, масалан, насронийлар таъқиб қилинган, ўлдирилган.

Бу ердаги муаммо ахлоқнинг динамик, ўзгарувчан хусусиятга эга феномен эканини ҳисобга олмасликдадир. Ечим эса, бизнингча, ахлоқ табиати ва вужудга келишига доир диний-теологик тасаввурларни ислоҳ қилиш, бунда антропология, биология, эволюцион психология, тарих ва социологияда тўпланган инсон табиати ва ижтимоий ўзгаришларга доир фактларни ҳисобга олиш мақсадга мувофиқ. Табиат, биз истаймизми йўқми, ўз ҳукмини ўтказади. Истак ва имкон доим ҳам мувофиқ келавермайди. Ушалиши имконсиз истак – ҳаёлпарастлик, ушалиши фожеаларга сабаб бўлувчи истак эса – ёвузликдир.

АХЛОҚИЙ ҲАМЖАМОА

Ахлоқ ва ахлоқийликнинг ўлчови меъёрлар эмас, инсон ва у яшаб турган муҳитдир. Энг манфаатли, энг оптимал муносабатларни вужудга келтириб, шуни тартибга сола оладиган меъёрларгина яшаб қолади. Шу жиҳатдан, турлича меъёрлар ўртасида инсонлар тимсолида кураш кетади ва бу кураш ўша муҳит учун энг оптимал меъёрнинг ғалабаси билан якунланади ва у ўзини вужудга келтирган шароит ва муҳит ўзгаргунича ҳукм суради. Сўнг унга рақиб бўла оладиган яна янги меъёрлар илгари сурилади. Агар амалда самарадорлигини сақласа, яшашда давом этади, акс ҳолда у ҳам ўз ўрнини бошқасига бўшатиб беради. Демак, бу ўринда ахлоқий меъёрларни сараловчи инсон эҳтиёжи ва шароитдир.

Бу бизнинг юқоридаги таҳлилимиз хулосаси. Энди шу хулосани ахлоқий ҳамжамиятнинг (moral community) кенгайиб бориши жараёнини изоҳлашга татбиқ қилиб кўрамиз.

Ахлоқий ҳамжамият кишиларнинг муайян гуруҳи бўлиб, унда фақат шу гуруҳ аъзоларига нисбатан татбиқ этиладиган ахлоқий меъёрлар амал қилади. Бунинг нималигини тушунтириш учун уни бугунги кундаги сайлов ҳуқуқига қиёслаб кўрамиз. Сайлов ҳуқуқи ер юзидаги деярли барча давлатларда тан олинган бўлса-да, ҳар бир давлатнинг қонунчилиги сайлов ҳуқуқини фақат ўша давлатнинг фуқароларига беради. Яъни, сайлов ҳуқуқи фуқароларнигина ўз ичига олган эксклюзив ҳуқуқ саналади. Ҳеч бир давлат ўзга давлат фуқаросига бундай ҳуқуқни бермайди. Аҳлоқий меъёрлар ҳам тарихан муайян ахлоқий ҳамжамоалар ичида амал қилган. Ҳамжамоага кирмаганларга муносабатда ахлоқий меъёрларга амал қилиш талаб этилмаган. Масалан, қулдорлик ҳукм сурган даврларда қуллар ахлоқий ҳамжамоа аъзоси саналмаган. Ҳамжамоага мансуб одамни ўлдирганга ўлим жазоси берилган бўлса, қулни ўлдирганлик учун унинг эгасига тавон тўланган, холос. Ҳамжамоага кирмайдиганлар чала одам ёки умуман одам қаторига қўшилмаган. Табиийки, ёлғон гапирмаслик, туҳмат қилмаслик, ўлдирмаслик каби ахлоқий меъёрлар хайвонларга нисбатан татбиқ қилинмаганидек, одам қиёфасидаги “ҳайвон”ларга ҳам қўлланилмаган. Инсон деганда эса фақат ўша ахлоқий ҳамжамоа аъзолари тушунилган. Минг-минг йиллар аввал айтилган “ўлдирма”, “қўшнингни ўзинг каби сев” каби буйруқлар ўша давр контекстида, асл маъносида тушунилса, юнон юнонларни, яҳудий яҳудийларни назарда тутган бўлади. Шароит ўзгариши билан бу каби буйруқлар шаклан ўзгармаса-да, талқин янгиланади. (Динларда консерватив ва мўътадил жамоаларнинг пайдо бўлиши талқин қилишдаги шу каби ўзгаришлар муҳсулидир.)

Аҳлоқий ҳамжамоалар ахлоқ эволюцияси билан параллел равишда ўсиб борган. Кичик оила, уруғ ва қабилаларнигина қамраган ҳамжамоалар кейинчалик кенгайиб, бутун бошли миллатлар, динлар, ирқлар ва умуминсониятни ягона ахлоқий ҳамжамият сифатида кўришгача етди. Ҳаттоки ҳайвонлар ҳуқуқлари учун курашувчи гуруҳлар ҳайвонларга ҳам инсонлараро амал қилувчи меъёрларни қўллаш кераклигини айтишмоқда.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, бугун турли халқлар айни шу жараённинг турли босқичларида яшамоқда. Баъзи миллатчилар бошқа миллат вакилларини алдаш, ўлдириш мумкин деб ишонса (дейлик, нацистларнинг инсонларни орий ва орий бўлмаганларга ажратиши), айрим динларда ахлоқий ҳамжамоани айни шу дин аъзолари доирасида чеклашга майл бор (Масалан, исломий фундаменталистларнинг дунёни “дорул-ислом” ва “дорул-ҳарб”га тақсимлаши). Яъни, ҳамқавм бўлганларга лойиқ кўрилган муносабат ташқаридагиларга муносиб кўрилмайди. Дейлик, судда гувоҳлик беришда ҳамқавмга бошқа, бегонага бошқача муносабат қилинади, қиз олиб қиз берилмайди ва ҳ.к. Ҳатто баъзи такфирчи мусулмонлар ахлоқий ҳамжамоани ўзларининг маслакдошлари доирасида чеклаб қўйишган. Яъни ўзларига мансуб бўлмаганларни ўлдиришни гуноҳ санамайдилар, “ўлдирма” буйруғини ўз тоифаларигагина татбиқ этадилар.

Ҳамжамоаларга яна бир ёрқин мисол ирқлардир. 18-19 асрларда ҳам Европаликлар қора танлиларни ярим-одам ёки умуман ҳайвон, демакки, ахлоқий ҳамжамоадан ташқари деб ҳисоблашган. Яъни оқ танли бошқа бир оқ танлини ўлдириши, қул қилиши мутлақо ахлоқсизлик ва жиноят саналса-да, айни шу меъёрлар қора танлиларга нисбатан татбиқ этилмаган. Осиёликлар Европаликлар наздида ахлоқий ҳамжамоанинг бир бўлаги ҳисоблангани боис, имконлари бўлса-да, уларни қул қилиб сотишга уринишмаган. Кейинчалик тушунчалар ўзгариб, қоратанлилар ҳам тўлақонли инсон эканлиги эътироф этилгач, улар ахлоқий ҳамжамоанинг бир бўлагига айланган.

Ахлоқий ҳамжамоаларнинг қўшилиб, уруғ даражасидан умуминсоният даражасигача каттариб бориши ахлоқнинг тараққий этаётганининг ёрқин нишонасидир. Умуминсоний ахлоқий ҳамжамоа тўлиқ шаклланди дея олмаймиз, албатта. Аммо жараён шу томонга қараб ривожланмоқда. Аслида инсониятни ягона ахлоқий ҳамжамоа сифатида кўриш шарқда буддизмдаёқ пайдо бўлган. Яҳудийликда эса ҳамжамоа яхудий миллати ва дини доирасида чеклаб қўйилган.

Ўзга миллат, дин, ирқ вакилини ҳам ўзига тенг кўриш, ўз ҳамқавмлари қатори уларга ҳам бирдек муносабат қилишга даъватлар, расмий ва норасмий меъёрлар бугун инсоният эришган катта ютуқдир. Бугун миллати, дини, ирқига қараб турлича меъёрлар белгилаш, солиқ солиш, таълим, соғлиқни сақлаш, фуқаролик бериш ахлоқсизлик саналади.

Шу ўринда ахлоқдаги прогресс билан, одамларнинг ахлоқий меъёрларга амал қилиши бошқа-бошқа масала эканини ҳам таъкидлаш жоиз. Ахлоқий прогресс ахлоқий меъёрларнинг умуминсонийлашуви, жамиятнинг мавжуд ҳолатига янада мувофиқроқ келиши билан белгиланади. Одамларнинг қанчалик ахлоққа мувофиқ ҳаракат қилишини аниқлаш эса жуда мушкул. Биз одамларнинг ахлоқли ёки ахлоқсизлиги ҳақида ҳукм чиқарар эканмиз, доимо ўз тушунчамиздаги ахлоқий меъёрларга таянамиз. Нисбатан консерватив ахлоқ тарафдори бўлган одам учун ахлоқсизлик бўлиб кўринган амал ислоҳ қилинган ёки ўзгачароқ ахлоқ меъёрларини дастаклаганларга бошқача туюлиши мумкин. Бугунги инсон қилаётган ишларни беш аср аввал ва беш аср кейин яшайдиган одам мутлақо фарқли баҳолаши тайин. Чунки улар ахлоқ эволюциясининг турли босқичида ва турли миқёсдаги ҳамжамоа аъзосидир.

Advertisements

One thought on “АХЛОҚ ПРОГРЕССИ: ТАҲЛИЛ ВА МУНОСАБАТ

  1. Pingback: » Ахлоқ процесси - Uzbekislam.com

Izoh qoldirish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s