Псевдоинтелектуал ва псевдодемократлар

Ҳиндларнинг сатидек ноинсоний одатини бекор қилган бобурийлар кўрган тадбирларни Салмон Рушдийдек бузғунчининг “Шайтоний оятлар”ига тенглаштирасанми? Шайх хазратлари ҳаёт бўлганларида, эҳтимол, сенинг бу мақоланг учун жавоб бўлиши, фатво чиқиб, фалончига ўхшаб жанозасиз, кафансиз кўмилишинг мумкин эди.” Булар юртимиздаги ўзини демократ, эркин фикр тарафдори ҳисоблайдиган илғор зиёлилардан бирининг каминага айтганларидан бир шингил.

Эркин фикрни бўғишнинг турлича усуларини топишади-я булар. Ўз фикрини самимий, беғараз айтиб ўтда ёқилган, отилган, сўйилган, жанозасиз, кафансиз кўмилган инсонлар оз эмас. Ўтмиш аждодлари қилган хатоларни такрорлашда давом этадиган миллат тараққий этармикан?

Менга таъсир қилгани шуки, бу гапларни ўқимаган, оми бир одам эмас, балки миллат зиёлиси айтаётганидир.

Суқротни бугун бутун дунё буюк донишманд ҳисобласа-да, у худолар шаънига туҳмат қилиш, даҳрийлик, ёшларнинг тарбиясини бузишда айбланиб ўлимга ҳукм қилинган эди. (Нега ҳеч ким бугун Суқротни қораламайди, негаки бугун ўша замондаги юнон динларининг мутаассиб тарафдорлари йўқ.) Черков инквизиторлари кимнидир уруғини қуритмоқчи бўлишса, ҳукмрон қадриятлар, диний ақидалар ва ахлоқий меъёрларни рўкач қилиб, узундан-узун айблов ҳукмини ўқишган. Ўтган аср бошларида миллатимизнинг илғор зиёлиларини консерватив уламолар айнан диний ва ахлоқий қадриятларни орқа қилиб айблашган, баъзиларини ўлимига фатво беришган. Ана шу тенденция сабабли ўтмишда эркин фикр бўғиб келинган. Бу инсониятнинг аччиқ тажрибаси. Ундан тўғри хулоса чиқариш бизнинг келажак авлод олдидаги бурчимиздир.

Кечагина марксизм-ленинизмга таяниб, муҳолифларини айблаб келган баъзи бир зиёлиларимиз, ўтмишда қилган хатоларини “ювишмоқчи”ми дейман, эндиликда дин ва миллий қадриятларга суяниб, фикрига қўшилмаганларни айблашга уринишмоқда. Атеизм, марксизмдан докторлик қилган айрим зиёлиларимиз эса ўша олган даражасидан фойдаланиб, бугун бошқаларни атеизмда айблашмоқда. Атеизмни ёқлаб (ёки лаганбардорлик қилиб) олган унвонларидан фойдаланиб, ўзгаларга ақл ўргатишим мумкин деб ҳисоблайди, менга ўхшаганларни жанозасиз кўмиласан деб қўрқитмоқчи ҳам бўлади. Советлар даврида ҳам псевдоатеист, псевдомарксист бўлган бу каби одамлар, бугун псевдодемократ, псевдомиллатпарвар одамларга айланишди. Улар аслида на атеист, на марксист, на демократ, на диндор ва на миллатпарвар, шунчаки сиёсат ва ижтимоий ҳаётдаги ўзгаришларни ўзида акс эттирадиган сеҳрли кўзгу, холос (Қачон ўзинг бўлишни ўрганасан ўзбегим!)

Бу каби баҳслардан мақсад нима ўзи? Шунчаки ютиб чиқишми? Мубоҳисини шантаж қилиб, овозини ўчиришми? Ёки ҳақиқатни астойдил қидиришми? Миллатнинг, мамлакатнинг тараққиётига хизмат қилишми?

Мен ҳеч қачон ўзга халқларнинг қадриятларини кўр-кўрони ўзлаштириш керак демаганман. Бироқ тараққий этган миллатларнинг тараққий этишига хизмат қилган қадриятлар бизга ҳам бу борада хизмат қилиб қолиши мумкин. Сўз ва виждон эркинлиги ўзгаларга қандай қўл келганини биламиз. Бу икки қадриятсиз ижтимоий-гуманитар, ҳатто баъзида табиий фанларда (Бу фанлар ҳам эркинликка муҳтож. Галилей ва Брунони эсланг) ҳам илгарилаш бўлиши қийин. Тарих, сиёсатшунослик, социология, психология каби фанлар, фалсафа фалаж ҳолатга тушиб қолади. Дунёдаги нодемократик давлатларни кузатайлик, уларнинг барчасида айни шу соҳалар бир жойда депсиниб қолган.

Кейинги вақтларда шантаж қилишни яна бир нохолис усули пайдо бўлди. Ушбу икки қадрият ҳақида гапирсангиз, мавзуга алоқаси бор-йўқлигидан қатъи назар, Ғарбда гейлар “кўпайиб” бораётганини рўкач қилиб оғзингизга уришади. Хўп майли, уларнинг ҳавотирлари асосли деб ҳисоблайлик ҳам. Сўз эркинлиги жим юрган гейларни гапиртириб юборар. Буни жамиятимиз ахлоқий негизига зарар ҳам дейлик. Демак шу зарарнинг олдини олиш учун сўз эркинлигини чеклаш керак бўлсин. (Бошқача айтганда бургани йўқотиш учун кўрпа тушакни ёқиб юборамиз.) Ҳўш, бу билан нимага эришамиз? Бир зарарнинг олдини оламан дея каттароқ зарар билан юзлашамиз. Илм-фан тараққиёти ортда қолади, жамиятда мунофиқлик, иккиюзламачилик авж олади, одамлар психологик невроз ҳолатида яшай бошлайди, тоқатсизлик, консерватив мутаассиблик кучаяди, жамият ҳаёти бир андозага тушиб, тоталитар ижтимоий вазият вужудга келади. Одамларда ташаббускорлик ва масъулият ҳисси сўнади. Сўз ва матбуот эркинлигисиз коррупция ва уруғ-аймоқчиликка қарши самарали курашиб бўлмай қолади. Шу билан ўз келажагимизни қозондан олиб, ўчоққа тиқамиз. Бу каби аҳволга тушиб қолган миллат ўзга миллатларга қул бўлиб қолмаслигига ким кафолат бера олади? Ҳеч бир бошқарув шакли мутлақ самарали бўлолмайди, албатта. Барчага бирдек маъқул келадиган, идеал адолатли тузум ҳам ҳеч қачон бўлмайди. Ҳаммасининг ҳам ўзига яраша нуқсони бор, жумладан, демократиянинг ҳам. Бизнинг қўлимиздан келадигани каттароқ зарарнинг олдини олиш учун кичикроқ зарарга рози бўлиш.

Мен миллатимиз зиёлиларига нотация ўқиш даражасида алломаи замон эмасман. Бироқ кема дарғаси кўрмай қолган айсбергни ўша ердаги бир ёш бола пайқаб қолиши мумкин-ку! Уни сезмай қолгани учун дарғани айблолмаймиз, аммо “сен ким-у мен кимман нари тур, ҳалал берма тирранча” деган дарғани айбласа бўлади. Зеро, унинг манманлиги, кибр-ҳавоси кемадаги ҳаммани ҳалок қилади. Мен баъзи бир зиёлиларимизни ўша дарғасига ўхшатгим келади.

Advertisements

Izoh qoldirish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s