ТАФАККУР СТЕРЕОТИПЛАРИ

Кейинги вақтда ёзганларимни ўқиб ёки чала ўқиб, менга турлича “изм”ларнинг ёрлиқларини осишмоқда. Позитивист, материалист, сциентист, скептицист, атеист, ғарбпараст ва ҳ.к. Қизиқ, оппонентини турлича “изм”лар билан номламасдан, у айтаётган алоҳида фикрларнинг ўзини муҳокама қилишнинг наҳотки иложи йўқ! Қачон эскича тафаккур тарзи бўлмиш “измчилик”дан қутуламиз? Шўролар замонида айтаётган гапи жайдари чиқиб қоладигандек ўтмишда ўтган ва ҳозирда яшаётган олимлар, файласуфлар, ёзувчию шоирлар, санъаткорларни албатта қандайдир “изм”га боғлашга уринишарди. Боз устига, “изм”лар дўсту душманни фарқлашда қўл келарди-да! “Олий даргоҳ” назаридан қолсангиз, бир “изм”дан олиб, иккинчисига ўтказиб қўйишарди. Қарабсизки, кўз очиб юмгунча хоинлардансиз-да!

Тўғри, “изм”лар шахслар, таълимотлар ва асарларни ўрганишни тартибга солиши, уни тушунишни қулайлаштириши бор гап. Лекин, айни дамда, уларни жўнлаштиради ҳам. “Изм”лар ҳақидаги умумий тасаввурлар стереотипларни яратади. Стереотиплар эса ўзгаларни тўғри тушунишни қийинлаштиради. Муайян шахс ёки таълимот ҳақида деярли маълумоти йўқ одамга уларнинг қандайдир “изм”га мансублиги ҳақида айтсак, у ўша “изм” тўғрисидаги умумий тасаввури – стереотип асосида уларни ўргана бошлайди. Ўзи билмаган ҳолда ўша шахс ва таълимотни стереотип қобиғига “жойлаб қўяди”.

Шахсият, дунёқараш мураккаб ҳодиса. У ўзининг бир жиҳати билан муайян “изм”га мансубдек кўринса-да, бошқа томондан унга кўндаланг туриб қолган бўлиб чиқади. Дейлик, материалист деб ҳисобланган икки шахснинг таълимотлари батафсил муқояса қилинса, уларнинг ўхшаш томонидан кўра кўпроқ қарама-қарши томони намоён бўлиши, ёки аксинча, мутлақо бошқа-бошқа “изм”ларга нисбат берилганларида ўхшаш жиҳатлар керагича топилиши мумкин. Бугун “Шарқ маданияти”, “Ғарб маданияти” каби умумий ва мужмал иборалар пайдо бўлди. Мен шарқлик бўлганим учун Шарқ маданиятини яхшироқ тушунишим, Ғарб маданиятини англашда қийналишим керак. Бироқ япон ёзувчисининг асаридан кўра немис ёзувчисиникини осонроқ тушунаман. Нега? Балки конфуцийликдан кўра насронийлик исломга яқин бўлгани учундир!? Шарқ ва Ғарб маданияти ҳақидаги стереотипдан келиб чиқсак, хитой ва ўзбек ягона маданий атмосферага эга бўлиши лозим эмасми? Ганг дарёсида чала ёнган мурдалар оқиб юргани, камига ўша ерда одамлар чўмилаётганини кўрган ўзбек ўзини қандай ҳис этади. У насронийлар қабристонида ҳам худди ўшандай нарсани туядими? Агар ҳинд ва ўзбек Шарқ маданиятига мансуб бўлса, инглиз ва француз Ғарбники бўлса, нега мен бир ўзбек сифатида ҳиндларнинг шу одатини ҳеч тушуна олмайман? Аниқроғи, кўнглимга яқин ололмайман? Айни шу стереотипга таяниб “ғарбпараст” деган янги ёрлиқ ҳам пайдо бўлди. Хўш, агар кўнглим хитой ёзувчисининг эмас, дейлик, Марк Твеннинг асарини ўқишни тусаб қолса, бу менинг “ғарбпараст”лигимданми? Қодирий роман ёзиб, ғарбча жанрга тақлид қилганмиди? У ҳам ғарбпарастми? IX-X асрларда яшаган боболаримиз хитой фалсафасини эмас, кўпроқ юнон-рим фалсафасини ўрганиб, уларни такомиллаштирганда, ғарбпарастлик қилишганмиди? Ёки ўша вақтларда Ғарб, Шарқ маданияти деган тушунчалар бўлмаганми? Агар мен сўз ва матбуот эркинлиги ҳақида гапирсам, мени “ғарбпараст” дейишлари қанчалик адолатли?

Яна бир мисол, бугун бизда бирор ҳодисанинг моддий сабабларига кўпроқ урғу берадиганларни “материалист” дейиш урф бўлди. (Методологик ва фалсафий материализмни бир-биридан фарқлай олмаслик оқибати.) Ҳозирги замонда машинаси бузилиб қолса, унга дам солдирадиган идеалист, ўз фарзандини яхши кўрмайдиган, онаси ўлганда йиғламайдиган материалистни топиш қийин. Мутлақ материалист ҳам, мутлақ идеалист ҳам бўлиш мумкин эмас. Аммо кимнингдир мутлақ материалистлиги ёки идеалистлиги ҳақидаги ёлғон тасаввур бўлиши мумкин. Тенглик ғоясини кўтариб чиққан коммунистни мутлақ материалист деб бўладими? Материалистларни ўлгудек ёмон кўрадиган, аммо тиши оғриб қолса стоматологга борадиган идеалистнинг идеалистлигида шубҳам бор. Марксистлар материалист бўлган, шунинг учун биз мустақил юрт фуқароси сифатида миллий қадрият ва тафаккур тарзимизга қайтишимиз, материализмдан буткул воз кечишимиз керакмиш. Бироқ, истаймизми-йўқми, фан ва технологиянинг асоси материализм. Табиат ва жамиятда рўй бераётган ҳодисалар, ўзгаришларнинг моддий сабабларини ўрганмасдан бу соҳада илгарилаб бўлмайди. Айни шу масалада кечаётган жараённи ХХ аср бошларидаги жадид-қадим баҳсига ўхшатаман. Ҳозир миллий ва диний қадриятларни байроқ қилиб олиб, аслида ўша даврдаги қадимчиларнинг ишини такрорлаётган бир тоифа пайдо бўлган.

Шундай қилиб, ушбу стереотипларнинг (“изм”ларнинг) чалғитувчи, адаштирувчилиги шундаки, биз ўхшаш таълимотларнинг ўхшаш, қарама-қарши таълимотларнинг эса қарама қарши жиҳатларини пайқамай қоламиз. Билиб-билмай қайсидир фактларни фаромуш қилиб, ўзимиз истаганимизгагина урғу беришни бошлаймиз. Хулосамиз эса бир томонлама чиқади. “Изм”лар умумий ва одатда асоссиз тасаввурларни пайдо қилиб, вазиятга конкрет, индивидуал ёндашув малакасини заифлаштиради. Гўёки инсоният турли “изм”лар билан номланувчи ўзаро душман лагерларга бўлиниб қолади.

Демак, “изм”лар эркин ва холис тафаккурга ясалган қафас бўлиши эҳтимоли анча юқори. Жорж Оруэлнинг “1984” номли романида тоталитар давлатда амалга ошириладиган сўзлашув ва ёзма нутқдан конкрет маъно англатувчи сўзларни чиқариб ташлаб, оз сонли умумий маъно англатувчи сўзларни қолдиришга уриниш тасвирланган. Тилда фақат умумий маъноли сўзлар қолса, аста-секин одамлар конкрет фикр юритиш ва уни ифодалаш эркидан, охир-оқибат қобилиятидан ҳам жудо бўлади. (Аксар “изм”лар умумий маъно ташийди.) Одамлар умумийликдаги турфа хилликларни кўриб турса-да, у ҳақда фиклай олмайди. Зеро, тил ва тафаккур узвий боғлиқлиги, тил хусусияти миллат тафаккур тарзига таъсир этиши бор гап.

Менимча, биз бу каби “изм”ларнинг бир четга суриб, ҳар бир инсоннинг ҳар бир фикрига алоҳида муносабат қилишни ўрганишимиз лозим. Ҳатто бир инсон ҳақида умумий тўғри хулосага бориш жуда мушкул масала. Демак, шахсларни, миллатларни, динларни эмас, конкрет фикрлар, ғоялар, хатти-ҳаракатларни муҳокама қилишга ўтишимиз керак.

P.S. “Изм” ва стереотип айнан бир нарса эмас. Бироқ улар бир-бирини келтириб чиқариши, аниқроғи, “изм” стереотипик хусусият касб этиши мумкин.

Advertisements

2 thoughts on “ТАФАККУР СТЕРЕОТИПЛАРИ

  1. Ҳорманг Хуршидака жиддий муаммони кўтаришга ҳаракат қилгансиз. Бизга маълумки, фалсафий муаммоларни айниқса онтология ва гносеология соҳасидаги ғояларни материализм ва идеализм нуқтаи-назардан ўрганиш анъанасини XVIII келиб айнан Готфрид Лейбниц бошлаб берган. Яъни бу даврда Ғарб фалсафасига оид адабиётлардан яхши биласиз Европа фалсафасида субъект ва объект мустақил, бир – бирига боғлиқ бўлмаган ҳолда мавжуд бўлган субстанциялар (фикрловчи ва фазовий субстанциялардир) деган ғоя устувор бўлган. Шунинг учун ҳам бу даврда Европа фалсафасида бу икки субстанциялардан қайси бири мустақил (бирламчи) ва қайси бири ҳосила (иккиламчи) деб аниқлаш борасида қизғин баҳс бошланган эди. Кейинги уч юз йил давомида фалсафанинг бу «асосий масала»сига турли жавоблар берилиши файласуфларни материалистлар ва идеалистлар деб номланган икки «лагерга» бўлиб қўйди. Материалистлар фазовий (моддий) субстанцияни, идеалистлар, аксинча, фикрловчи (руҳий) субстанцияни, бирламчи деб тан оладилар. Бироқ улар орасидаги кескин келишмовчиликларга қарамай, улар ҳам булар ҳам, умумевропанинг метафизик анъаналарга содиқ қолиб, борлиқнинг жараёнли субстанционал изоҳлашни афзал кўриб келдилар. Бизга маълумки, инсон тафаккури ўз объектини тўла назорат қила олмайди: у биринчи навбатда субъектнинг конкрет мақсади билан боғлиқ томонларини (Худди сиз кўтарган муаммо каби) қайд қилади. Мақсад ўзгариши билан объект ўзи – ўзича ўзгармаслиги мумкин, лекин у инсон фаолиятининг предмети сифатида ўзгариши мумкин, чунки энди унинг бошқа томонлари эътибор марказида бўлиши, бошқа характеристикалари асосий деб саналиши мумкин. Бундан кўринадики, субъектнинг турли мақсадлари объектнинг у ёки бу характеристикаларини яратмайди, фақат шу объектнинг ўзига тегишли бўлган турли – туман хоссаларининг намоён бўлишига ёрдам беради. Шунинг учун объектнинг намоён бўлиш роли қанча турли – туман бўлса, билимлар тизимида унинг шунча кўп характеристикалари акс этаверади. Шунинг учун ҳам фалсафада бугунги кунда мингдан ошиқ “измлар” мавжуд. Ва биз уларни танқидий ва таҳлилий ўрганиш орқали ўз қарашларимизни ривожлантиришимиз мумкин.

    Like

  2. Lola

    Двнного рода стереотипы,на мой взгляд,применяются к тем,что “отклоняется” своим мышлением в ту или иную сторону. И так как человечество привыкло мыслить поверхностно, общими теориями, и были придуманы эти стереотипы. А для индивидуального подхода нужен недюженный Ум.

    Like

Izoh qoldirish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s