Қадриятлар тўқнашуви

Гўдакликдан онгимизга сингдирилган, тарихан шаклланган, жамият қабул қилган анъанавий қарашлар, жиддийроқ ўйлаб кўрилса, ўзаро зиддиятли. Текширмасдан, уларга қандай эшитган бўлсак, шундайлигича ишониб яшаймиз. Инсон дунёқараши бир-бирини инкор этувчи жиҳатларга тўла. Ана шундай зиддиятли жиҳатлар қадриятлар масаласида кўпроқ учрайди. Бугун қадрият дея ишониладиган демократияни олайлик. Демократия аслида қадрият эмас, қадриятлар йиғиндисидир. Муаммо шундаки, демократик қадриятлар доим ҳам ўзаро мувофиқ келавермайди. Демократиянинг заифликлари ҳақида кўп гапирилган. Айниқса, озчилик ва кўпчилик ҳуқуқларини мувофиқлаштириш, санъат, адабиёт, умуман, маданият намуналари сифатининг ялпи пасайиши, шахс ва жамият ҳуқуқ-манфаатларини таъминлашда адолатли мувозанатни сақлашнинг мушкуллиги, нобоп кимсаларнинг ҳокимиятга эга чиқиши эҳтимолининг юқорилиги, омма фикрининг беқарорлигию уни манипуляция қилиш имкониятининг мавжудлиги билан боғлиқ масалалар аксилдемократ ва демократ мутафаккирларнинг баҳс мавзуси бўлиб келган.

Миллий давлатлар миқёсида кўзга яққол ташланмайдиган, бироқ турли маданият, динлар мулоқоти жадаллашган бугунги шароитда айнан демократик қадриятлар билан боғлиқ яна бир муаммо қалқиб чиқмоқда. Бу икки муҳим демократик қадрият ўртасидаги жиддий қарама-қаршиликнинг ортиб бораётганидир. Бу ўринда, бир томондан, сўз, матбуот эркинлиги, иккинчи томондан, эътиқод эркинлиги ёки инсонларнинг иззат-нафси, шаънини ҳимоялаш билан боғлиқ қадриятлар хусусида сўз бормоқда. Агар қадриятни шахс ва жамият манфаатларига хизмат қилувчи меъёр, эътиқод ёки хатти-ҳаракат деб таърифласак, юқоридагиларнинг қадрият эканига шубҳа йўқ. Уларнинг бирини иккинчисидан устун қўйиш ёки бу борада калта ўйлаб қарор чиқариш жиддий салбий оқибатларга сабаб бўлиши мумкин. Демократия назариётчилари ҳар икки қадриятни бирдек ёқлаб келган. Аммо назарияда тўғри кўринган нарса амалиётга кўчгач, айниқса, ижтимоий муносабатларда акс натижалар бериши ғайриодатий ҳол эмас. Қадриятларимиз дея уларни бирин-кетин санаш бошқа, уларни бир вақтда ҳаётимизга татбиқ қилиш бошқа экан.

1988 йили Салмон Рушдийнинг “Шайтоний оятлар” романи чоп этилгач, оятуллоҳ Ҳумайний мусулмонларни асар муаллифини ўлдиришга даъват қилгани (ўзга давлат фуқаросига, ўзга давлат ҳудудида амалга оширган иши учун!), китобни япон тилига ўгирган таржимоннинг ўлдириб кетилгани, исломни ҳақоратлашда айбланган карикатура ва кинофильмлар ижодкорларига суиқасдлар уюштирилгани, 2008 йили АҚШнинг йирик ноширлик компанияси Random House Шерри Жонснинг ”Мадина жавоҳири” тарихий романини босмахонадан қайтиб олишга мажбур бўлгани, жорий йил бошидаги Париж воқеалари… Хўш, булар нимадан далолат бермоқда? (Бу ҳолат Маърифатчилик давригача черков ва сўз эркинлиги ўртасидаги таранг вазиятни эсга солади.) Бир томондан, диний гуруҳ, ташкилотлар диний туйғунинг камситилишини тақиқловчи қонунлар жорий этилиши талабида ҳукуматларга босим ўтказаётган бўлса, бошқа томондан, сўз ва матбуот эркинлигини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар демократиянинг асос қадрияти топталаётганидан бонг урмоқда. Масала ҳатто БМТ даражасида кўриб чиқилди. 2005 йили БМТ Бош Ассамблеясининг 60-сессиясида “Динларни обрўсизлантиришга қарши резолюция” лойиҳаси овозга қўйилди. Резолюция Ғарб ва Жанубий Америка мамлакатларининг қарши овози сабаб тасдиқланмади. Япония ва Жанубий Кореядан бўлак Осиё мамлакатлари ё резолюцияни ёқлаб овоз берган, ё бетараф қолган. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 2010 йилгача мусулмон давлатлар ва Ислом Конференцияси Ташкилоти таклифига биноан айни шу мазмундаги резолюция лойиҳаларини ишлаб чиқиб, бир неча марта Бош Ассамблеяда овозга қўйган. Ниҳоят 2011 йили Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмита Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 19-моддасига 34-сонли шарҳ эълон қилди. Унда диний ва бошқа эътиқодларни танқид қилувчи материалларни тақиқлаш ёки уларга чеклов қўйиш ва баъзи мамлакатлардаги куфр тўғрисидаги қонунлар Пакт шартларига хилоф экани таъкидланади ( Human Rights Committee. General Comment No. 34. 11-29 July 2011, URL: http://www2.ohchr.org/english/bodies/hrc/docs/gc34.pdf , retrieved 11 January 2015). Ушбу Пакт ва Қўмитанинг унга шарҳлари Бош Ассамблея ва Кенгаш резолюцияларидан фарқли ўлароқ мажбурий характердадир. БМТ доирасида ўн йилдан ортиқ давом этган тортишувлар масалага ёндашувда Ғарб ва Шарқ қарама-қарши қутбларга ажралиб қолганини кўрсатди.

* * * *

Мазкур масалаларни таҳлил қилишдан аввал сўз эркинлиги ҳам, диний эътиқодни оммавий намойиш қилиш эркинлиги ҳам мутлақ бўлиши мумкин эмаслиги, улар жамият ва шахс манфаатларини кўзлаб чекланиши мумкинлигини таъкидлаш ўринлидир. Шу боис мақолада сўз ва дин эркинлиги билан боғлиқ мулоҳазалар мутлақ маънода эмас, балки уларнинг ўзаро муносабати нуқтаи назаридан таҳлил этилади. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, фикр юритиш, тафаккур қилиш, муайян таълимотга эътиқод қилиш ёки қилмаслик ҳар бир инсоннинг онгу шуури, ботиний оламига дахлдор бўлиб (forum internum), у беистисно таъминланиши лозим (Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, 4-модда, 2-қисм). Бироқ фикр сўзга айланса, қоғозга тушса, эътиқод ботиндан зоҳирга кўчса (forum externum), бинобарин, ижтимоий аҳамият касб этади. Бу эса шахсдан муайян даражада масъулият талаб қилади.

Сўз ва матбуот эркинлиги жамиятдаги иллатларни юзага чиқариш, уларни бартараф этиш, ҳокимиятнинг демократик қадриятлардан оғиб кетиши олдини олиш, ғоялар хилма-хиллигини таъминлаш, илмий ва бадиий ижодга йўл очиш, фуқаролар онгини уйғотиш, шахснинг ўз қобилиятларини рўёбга чиқаришига кўмак беришда бемисл аҳамиятга эга қадрият саналади. Унга беписандлик сабабли фуқароларда лоқайдлик, раҳбарларда эса масъулиятсизлик ва худпарастлик авж олади; жамиятда самимият ўрнини мунофиқлик эгаллайди. Виждон эркинлиги эса инсоннинг маънавий эҳтиёжлари билан бевосита боғлиқ ва инсон айнан инсон бўлгани учун ҳам таъминланиши зарур ҳуқуқдир. Виждон эркинлиги деганда  муайян динга эътиқод қилиш, бошқа динга  ўтиш, унинг кўрсатмаларига риоя этишдаги ихтиёрийлик ёки умуман ҳеч бир динга эътиқод қилмаслик назарда тутилишини тушунсак, сўз эркинлиги ва виждон эркинлиги ҳуқуқи ўртасида зиддият йўқ. Аксинча, сўз эркинлиги виждон эркинлигини таъминлашда муҳим воситадирки, кишиларга ўз диний туйғуси ва фикрларини ўртоқлашиш имконини беради. Диний йўналишдаги матбуот нашрлари, китобларнинг чоп этилиши виждон эркинлигининг эмас, балки айнан сўз эркинлигининг маҳсулидир. Виждон эркинлиги ҳуқуқи шахснинг ўз диний эътиқодига эга бўлиши ва унга эмин-эркин амал қилишини таъминлайди, фикрни етказиш эса сўз эркинлигига дахлдор. Шундай экан, диний гуруҳлар нафақат виждон эркинлиги, сўз эркинлиги учун ҳам курашиши лозим. Бироқ амалиётда бундай эмас. Сўз эркинлигини чеклаш учун курашаётганлар орасида диний ташкилотлар, гуруҳлар ва уларнинг раҳнамолари етакчи. Хўш, сўз эрки ва виждон эрки ўртасида қарама-қаршилик йўқ экан, у ҳолда қайдан бунча можаролар? Бизнингча, инсонда фақат ўзим гапирсам, ўзимгина ҳукмронлик қилсам, бошқалар менгагина, менинг таълимотимгагина эргашса қабилидаги даъво бор. Айримлар мухолиф томоннинг сўз эркинлиги чекланса дейди. Баъзи экстремистик гуруҳлар, бир томондан, Ғарбдаги сўз эркинлигидан фойдаланиб, ўз таълимотини ёйишга, тарафдорларини кўпайтиришга уринса, бошқа томондан, айни шу гуруҳлар, ўзини танқид қилган ёки масхаралаганларни қўрқитади, таъқиб этади, ўлдиради ёки ўзи фойдаланиб келган сўз эркинлигини чеклаш учун курашади. Бу, қудуқдан сув ичиб, чанқоғи қонгач, душманларим ичмасин дея уни кўмиб ташлаш ёки қудуқ қазиганларга раҳмат айтиш ўрнига лаънат ўқишдек гап. Ёки бир дин вакили бошқа динни беаёв танқид қилгани, масхаралагани ҳолда, дўппи тор келганда бунга имкон берган қонунларни адолатсиз деб жар солади. Ҳукуматларнинг эса мувозанат сақлолмай боши қотган.

Хўш, диний туйғуни ҳақоратлашни қайси демократик қадриятлар нуқтаи назаридан қоралаш мумкин? Ёки демократия диний туйғуларга нисбатан беписандми? Виждон эркинлиги борасидаги қонунлар эътиқод эркинлигини таъминласа-да, эътиқодларни танқиддан муҳофаза этмайди. (Танқид оғзаки, ёзма – дейлик сатирик асар кўринишида – бадиий ва ҳужжатли фильм ёки карикатура кўринишида ҳам ифодаланиши мумкин.) “Бамайлихотир” эътиқод қилавер, бироқ эътиқодингни кимдир танқид қилса, уни тўхтатмайман қабилида иш тутади. Танқиддан иммунитет ҳуқуқи ҳам борми ўзи? Инсоннинг обрў-эътибори, унинг шахсиятини ҳимоя қилиш учун талай меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилган. Бироқ таълимот инсон эмас-да. Диний туйғуни ёки умуман диний таълимотни ҳимоя қилиш учун дастакни қаердан олиш мумкин? Бу борадаги далилларни икки турга ажратса бўлади – шахсият дахлсизлиги ва аксилзўравонлик.

Шахсият дахлсизлиги. Инсон қадр-қиммати, шаъни, туйғулари олий қадрият сифатида қонунларда акс этиши ва қонун орқали ҳимоя қилиниши керак. Шу нуқтаи назардан, диний таълимот баъзи инсонлар учун ниҳоятда улуғ қадрият саналгани, диний эътиқод эса шахсиятнинг узвий бўлаги экани боис, динни масхаралаш, уни ҳақоратлаш шахсни ҳақорат қилишга тенглаштирилиши лозим. Динни шахсият билан тенглаштириш лозим деб ҳисобласак, уни қонун ижодкорлигида ҳисобга олиниши зарур бўлган принципга айлантирсак, қуйидаги муаммоли вазиятлар юзага келиши ҳам мумкин:

а) Ислом динига кўра пайғамбарларни ҳақоратлаш гуноҳи кабира саналади. Насронийлар ва яҳудийларнинг муқаддас китоби бўлмиш “Қадимги Аҳд”да исломда ниҳоятда қадрланадиган баъзи пайғамбарлар ёлғончи, қонхўр, ахлоқсиз кишилар сифатида тасвирланади. Мусулмон юртларида яшовчи насронийлар ўз матбуот нашрларида шу ҳақда ёзса, бу исломий эътиқодга ҳақоратми ёки йўқ? Ёки “Исо – худодир” деган насронийча қарашни мусулмонлар қандай баҳолаши керак? Бир мусулмон “Исо худо эмас” деса, Исонинг илоҳлигига эътиқод қилувчи насронийнинг диний туйғусини ҳақоратлаган бўладими? Мутаассиб насроний мусулмоннинг бу қилмишини қандай баҳолайди?

б) Ўтмишда яшаб ўтган мутафаккирларнинг асарларида динлар ҳажв қилинган бўлса, бугун ўша асарлар тақиқланадими? Масалан, Дантенинг “Илоҳий комедия”сини ўтда ёқиш керакми? Католик черкови юритган “Тақиқланган китоблар индекси”ни (Index Librorum Prohibitorum) эслайлик. Боккаччо, Сервантес, Декарт, Локк, Свифт, Руссо, Кант, Бальзак, Гюго, Стендал… Кимларнинг номлари бор эди унда? Улар диний ақидалар, руҳонийларнинг бузуқ феъл-атворини танқид, керак бўлса ҳажв қилган эди. Бугун баъзи исломий ташкилотлар, давлатлар ўтмишда Черков йўл қўйган хатони такрорлашга – китобларни ёқиш, муаллиф ва ноширларни қўрқитиш, уларнинг эркини чеклашга тайёр. (Ўзининг “бузуқ” ғояларига асосланиб, Библиянинг нуфузига соя солмоқчи бўлган, унга эътиқод қилувчиларнинг туйғуларини “таҳқирлаган” Жордано Бруно ўтда ёқилган. Ўша вақтларда Рим папалари, инквизиторлар ўйнаган ролни бугун экстремистик ташкилотларнинг раҳнамолари,  айрим оятуллою шайхлар ўйнамоқда.) Мумтоз асарларнинг қимматини баҳолай олмаган диний институтлар бундан буён узоқни кўзлаб оқилроқ йўл тутишига, яна ўшандай “индекс”лар тузилмаслигига ким кафолат бера олади?! Зоҳиран баҳо берилса, Хайёмнинг рубоийлари куфрга тўла – диний эътиқод ва туйғуларни камситгандек, устидан кулгандек таассурот уйғотади. Ўшандай рубоийларни бугун бирорта шоир ёзиб эълон қилса, уни ҳам таъқиб этишлари ҳеч гап эмас. Зеро, экстремистик кайфиятдаги киши зоҳирдан ҳукм чиқаради ва ўзига ёқмаган жиҳатларни кўпроқ эслаб қолиб, шулардан таъсирланади.

в) Агар таълимотни қоралаш ўша таълимотга эътиқод қилувчини ҳақоратлашдир десак, у ҳолда либерализм ёки социализмни танқид, ҳажв қилиш ашаддий либералист ёки социалистни ҳақоратлаш ҳисобланадими? Дейлик, либералист социализм текинтомоқлик ва дангасаликка етаклайди, деб мақола ёзса, социалистнинг шахсиятига теккан саналадими?

г) Диний туйғу ва шахсият дахлсизлиги айнанлаштирилса, у ҳолда миллий, ирқий, гуруҳий, партиявий, жинсий туйғуларни ҳам қонун йўли билан ҳимоя қилиш керакми? Масалан, бир олмон олмон тили имкониятлари рус тилиникидан чандон юқори деса, рус миллатчисини ҳақоратлаган бўладими? Қандай мезонга таяниб диний туйғуни бошқа туйғулардан ажратиш мумкин? Қолаверса, мутаассиб тарафдорларга эга расистик, шовинистик, нацистик, феминистик таълимотлар бордирки, улар ҳам кимлар учундир олий қадрият саналган ёки саналади. Эътиқод қилинган таълимотларни шахсиятнинг узвий қисми сифатида эътироф этилса, исталган танқидни кимнингдир шахсиятига тажовуз сифатида баҳолаш ва жавобгарликка тортиш мумкин. Бу эса сўз ва матбуот эркинлигига ўлим ҳукми дегани! Бугун ғайриинсоний  таълимот сифатида кўриладиган ирқчилик XVIII-XIX асрларда европалик баъзи оқ танлилар онгига шу қадар чуқур сингиган эдики, уларга қора танлилар билан тенгсан дейиш, сен ҳайвон билан тенгсан дейишдек ҳақоратли таъсир қилган. Чарльз Дарвин ва “Бигл” кемасининг капитани Роберт Фиц-Рой ўртасида бўлиб ўтган дилхиралик буни яққол кўрсатади: “Бразилиядаги Баия шаҳарчасига келганимизда капитан мен нафратланадиган қулдорликни ҳимоя қилиб, унинг афзалликларидан сўзлай кетди. Унинг айтишича, бир йирик қулдорникига борганида ўша қулдор қулларини ёнига чорлаб, улардан “Ҳозирги ҳолатингиздан розимисиз ёки озод бўлишни истайсизми?” деб сўрабди. Қуллар бир овоздан “Кетишни истамаймиз”, дебди. Капитаннинг гапидан ижирғаниб, ундан “Қулларнинг ўз хўжайини ҳузурида берган жавобига ишонасизми?” деб сўрадим. У саволимдан шу қадар ғазабландики, ҳатто “Модомики, фикримга қўшилмас экансиз, бундан буён сиз билан бир каютада тура олмайман” деди. Тўғриси, кемадан ҳам ҳайдаб солиши мумкинлигидан қўрқиб кетдим” (The Autobiography of Charles Darwin and Selected Letters, Ed. by Francis Darwin, New York: Dover Publications Inc., 1958, p. 28). Қулдорликка қарши айтилган сўздан Фиц-Ройдек аслзода (у герцог наслидан эди), ўқимишли капитаннинг иззат-нафси лат еган эди. Қулдорлик ҳам, унинг мафкуравий асоси ирқчилик ҳам тўхтовсиз танқид қилинган. (Мутаассиб ирқчиларнинг туйғулари билан ҳисоблашилганда тўғри бўлармиди?) Ку-клукс-клан каби ирқчи террор ташкилотлари ўзини таҳқирланган деб ҳисоблаган мутаассиб ирқчилар томонидан тузилгани сир эмас. Улар ирқлар ўртасидаги нотенгликни Яратганнинг иродаси деб билган. (Бу масалада одатда “Ибтидо”нинг 9-боб 25-27-оятлари далил сифатида кўрсатилади.) Яна бир мисол. Бобурийлар Ҳиндистонда аёлни ўлган эрининг жасади билан бирга ўтда ёндириш – сати одатини бекор қилганини эслайлик. Ҳиндлар муқаддас санайдиган одатни тақиқлаб, улар маҳаллий халқнинг туйғусини топтамаганми? Ахир бу мусулмонга жанозани тақиқлашдек гап-ку! Уларнинг тадбирлари билан Салмон Рушдийнинг “Шайтоний оятлар”и ўртасида қандай фарқ бор? Ёки мусулмон ва ҳинд диний туйғулари фарқлими? “Шайтоний оятлар”ни сатини бекор қилишга қаратилган тадбирлар билан муқояса қилишимиз боиси шундаки, улар – ҳар иккиси ҳам диний туйғуларга дахл қилади. Бироқ нима учундир аксариятимиз диний туйғуларга дахл қилгани сабабли “Шайтоний оятлар” муаллифини қоралаймиз-у, бобурийларнинг тадбирларини ёқлаймиз ва ўзимиз билмаган ҳолда нохолис фикр юритамиз. Ваҳоланки, муайян нарсага ижобий ёки салбий баҳо бераётганимизда қандай асос ёки мезонга таянсак, ўша нарса билан бир хил хусусиятга эга бошқа нарсаларни баҳолаётганимизда ҳам айни шу мезонга суянишимиз лозим. Демак, шундан кейин ҳам туйғулар ва қадриятларни рўкач қилиб танқидни бўғиш тўғримикан?

д) Виждон эркинлиги нуқтаи назаридан инсон атеист бўлиш ҳуқуқига ҳам эга. Бир диндор атеизм ахлоқсизлик ва виждонсизликдир деса, у атеистнинг шахсиятини топтаган бўладими?

е) Бир динга эътиқод қилувчи икки кишидан бири толерантроқ, иккинчиси мутаассиброқ бўлсин. Диннинг танқид қилиниши уларга бирдек руҳий таъсир этмаслиги аниқ. Қонун ишлаб чиқилаётганда уларнинг қай бирининг муносабати эътиборга олиниши керак? Мўътадил диндор нормал қабул қилган танқид радикалроғининг нафсониятига тегиб кетиши мумкин. Танқиднинг меъёрда ёки меъёрдан ошганини қандай аниқласа бўлади?

ё) Танқидни шоир шеър, рассом тасвир, қизиқчи латифа орқали ифода этади. Журналист мақоласи орқали етказган айни бир фикрни шеър, карикатура ёки ҳажвия воситасида ҳам ифодаласа бўлади. Танқид бир, фикр бир, восита ҳар хил. Бундай вазиятда жиддий, конструктив танқид билан, шунчаки масхаралаш ёки ҳақоратлашни қандай фарқлаш мумкин? Қолаверса, 1.5 млрд мусулмон ёки 2 млрд насронийга бирдек маъқул келадиган танқиднинг ўзи бормикан?

Кўриниб турибдики, масала ечими жуда мушкул. Адолат принципи эса қонунларда ҳар бир шахснинг ҳуқуқи беистисно ҳимояланишини талаб этади. Дин ёки ижтимоий, фалсафий, сиёсий, ахлоқий таълимотни танқиддан ҳимояловчи махсус қонунларни ишлаб чиқиш тўғрими? Бизнингча, эътиқодни танқид қилишни шахсиятга қарши қаратилган ҳақоратдан фарқлаш лозим. Барча мусулмонларни террорчи, хотинбоз, мутаассиб сифатида кўрсатиш таълимотни танқид қилиш эмас, балки эътиқодига кўра камситиш, ўзга диндагиларга нисбатан нафрат ва ишончсизлик уруғини сочишдирки, бу каби ҳаддан ошишларни халқаро ва миллий қонунчилик асосида тартибга солиш мумкин. Бироқ таълимотни танқид қилиш бу меъёрларни муқаррар бузади, деб айта оламизми?

Аксилзўравонлик аргументи. Сўз ва матбуот эркинлиги жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида чекланиши мумкин. Шу боис зўравонликка ундовчи, диний ёки миллий нафрат уйғотувчи, урушга тарғиб қилувчи чиқишлар тақиқланади. Диний эътиқоднинг танқид қилиниши кўп тартибсизликларга сабаб бўлмоқда. Бинобарин, бу борада чеклов ўрнатиш мақсадга мувофиқ. Бу каби чекловлар деярли барча давлатларнинг меъёрий ҳужжатларида назарда тутилган. Бироқ “Ким жамоат тартибини бузмоқда?” “Ким зўравонликка ундамоқда, ким диний ёки миллий нафратни уйғотмоқда?” “Ким урушга даъват қилмоқда?” каби саволлар пайдо бўлади. Шу каби масалалардаги чигаллик ва уларга муносабатимиздаги иррационалликни очиб бериш учун қуйидаги икки гипотетик вазиятга эътибор берайлик:

а) Бир журналда бирор дин ҳажв (ёки танқид) қилинган мақола босилди. Ўша динга мансуб жамоанинг раҳнамоси журнал муҳарририни ўлдириш ва таҳририятга ўт қўйиб юборишга даъват этди. Унинг амри бажарилди. Тартибсизликлар бошланиб кетди. Ким жазога маҳкум этилиши керак – таҳририятми ёки раҳнамо? Тартибни ким бузяпти? Аксар кишилар бу саволга таҳририят дея жавоб берса ажаб эмас. Журналнинг ўша мақолани эълон қилишига чеклов қўйиш керакмиди? Ҳа, албатта!

б) Бир журналда анархизм ҳажв (ёки танқид) қилинган мақола (ёки карикатура) босилди. Радикал анархистлар журнал муҳарририни ўлдиришди ва таҳририятни ёқиб юборишди. Ким айбдор – таҳририятми ёки анархистлар? Бу саволга аксариятимиз анархистлар дея жавоб берсак керак. Журнал карикатурани чоп қилишига чеклов қўйиш керакмиди? Албатта йўқ!

Вазиятлар деярли бир хил, улар юзасидан жавоблар эса турлича. Хўш, қайси жавоб рационалроқ? Аслида асл айбдорлар бир ёнда қолиб, бегуноҳ ёки ўз вазифасини бажарган одам жазоланса, қандай бўларкан? Бир тўда мутаассибни деб, муҳим қадриятлардан бирига чеклов қўйиш керакми? Мутаассибликка қарши курашиш тўғрироқ эмасми? Аслида ким зўравонликка ундаяпти?

Баъзида туппа-тузук зиёлилар ўша журналистларни қоралагани ҳолда, элчихоналарга бостириб кириб, мутлақо бегуноҳ ёки бу ишга алоқаси йўқ одамларни калтаклаб, ҳатто ўлдираётганлар ва уларни шунга ундаган раҳнамолар ҳақида лом-мим демаслиги ажаблантиради кишини. Туйғулари ҳақоратланганмиди уларнинг? Нега бир ярим миллиард мусулмон бош кўтармади? Ёки ўша бир тўда – мусулмон-у,  қолганлар ғайридинми? Хочга михланган яланғоч аёлнинг расми тагига “Сизлар шунга сиғинасизлар!” деб ёзиб босган журнал муҳаррири насроний юртида бемалол яшайверади. Насронийларда диний туйғу йўқми? Нега биров уни ўлдириб кетмайди? Экстремистларга қарши чора кўриш ўрнига уларнинг талабларига ён бериш қанчалик тўғри? Қачонлардир нацистларни тинчитиш учун Судет бериб юборилган эди. Шу билан нацистлар дўстга айланганмиди? Аслида урушга чорлайдиганлар, динлар ўртасида нифоқ уруғини сочадиганлар мутаассиб гуруҳлар экани сир эмас. Бир томонда – салб юришига, иккинчи томонда – жиҳодга даъват.

Бизнингча, бу ўринда муаммо динда ҳам, сўз эркинлигида ҳам эмас, мутаассиблик, ўзгаларни кўра олмаслик, сўз эркинлигидек ажойиб имконият барчага бирдек берилганини ҳазм қилолмасликдадир. Мутаассиблар кўпайиб, уларнинг жамиятга салбий таъсири ортгани сари уларга танқидий қаровчилар сафи ҳам кенгаяди. Бир томондан, мутаассиблик кучайса, иккинчи томондан, унга қарши танқид тиғи ҳам ўткирлашаверади. Танқид тиғининг ўткирлашиши эса мутаассибларни баттар ғазаблантиради. Бу ёғи занжир реакцияси! Данияда карикатуралар эълон қилингандан сўнг баъзи мусулмон мамлакатларда рўй берган тартибсизликлар ғарблик журналистларнинг Исломдан хавфсирашига ва уни янада ёмон кўриб қолишига сабаб бўлди. Бу эса уларнинг чиқишларига ҳам таъсир этмай қолмади, албатта. Демак, бу вазиятда фақат биргина ечим бор: танқидга қарши – танқид, карикатурага қарши – карикатура, кинофильмга қарши – кинофильм. Ўз жоҳилликлари, нафрат ва ғазаблари билан нафақат ўзларини, балки исломни ва бутун мусулмонларни бадном қилаётганларни оқлаб бўлмайди. Исломнинг обрўсини карикатура эмас, мутаассиб мусулмоннинг бегуноҳ одамга қарши отган ўқи кўпроқ тўкади. Кимлардир учун бу айни муддао. Бинобарин, диний туйғуни карикатурадан ҳам кўра кўпроқ журналистларни сўйиб, видеотасвирини оламга намойиш этаётганлар топтамаяптими? Қуръон ва қон томиб турган ханжар ёнма-ён қўйилган тасвирни бутун дунёга кўрсатаётганлар миллиардлаб одамлар онгида исломнинг номақбул образини яратаётганларини билишармикан?

Бизнингча, ҳукуматлар олдида вазиятдан чиқишнинг икки йўли турибди: биринчидан, фуқароларда толерантлик, кенгфеълликни тарбиялаш, таълимда шунга алоҳида эътибор қаратиш, мутаассибликка қарши изчил кураш олиб бориш; иккинчидан, ОАВни эълон қилаётган материаллари ортидан келиб чиқадиган оқибат учун масъулиятни ҳис этиш, қарама-қарши кучлар ўртасида ўйинчоқ бўлиб қолмаслик, холисликни сақлашга чорлаш, айтган сўзи учун ҳаёти хавф остида қолган ижодкорларни ҳимоя қилиш. Бунда нафақат ҳукуматлар, ноҳукумат ташкилотлар, жумладан, диний ташкилот ва ўқув юртлари ҳам фаоллик кўрсатиши зарур. Толерантликсиз ғояга қарши ғоя билан курашиб бўлмайди, маърифат ўрнини эса жаҳолат эгаллайди.

Сўз эркинлигини ҳимоя қилиб, ўзгаларга туҳмат ёғдираётган, ўзга маданиятлар, динлар ҳақида нотўғри тасаввур уйғотишга уринаётганларни оқлаш фикридан йироқмиз. Бироқ айтган сўзи учун инсоннинг жонига қасд қилиш, кескин чоралар кўриш муаммонинг ечими эмас. Бу каби ишлар ўзаро адоватни алангалатади, бошқа софдил журналистлар, ижодкорларнинг ўз-ўзини тийишига, цензура қилишига сабаб бўлади. Оқибатда одамлар айтилиши керак гапларни ҳам дилида сақлай бошлайди. Жоҳилга жоҳиллик-ла жавоб қайтариш эса ҳар икки томоннинг обрўсини тўкади.

* * * *

Европанинг ҳозирги илмий-техникавий тараққиёти пойдевори қарийб икки-уч аср давом этиб, ғалаба билан тугалланган Черков ҳукмронлигига қарши кураш, мустабид ҳукмдорлар ҳокимиятининг заифлантирилиши, сўз, матбуот ва виждон эркинлигининг қатъий қарор топиши билан қурилган. Бу ютуқлар уларга улкан муваффаққиятларни келтиргани сабабли амалда юксак қадриятга айланиб улгурган. Бугун улар Черков билан эмас, бир тўда мутаассиб мусулмонлар билан ўз юртларида (!) курашишга мажбур. Уларни ҳам тушуниш керак. Қонли курашлар эвазига қўлга киритилган ҳуқуқларини кимдир чеклаб қўйишидан хавотир бор уларда. Бироқ, бошқа томондан, Ғарб ҳам мусулмонларни тўғри тушуниши зарур. Ислом олами Ғарб бошдан кечирган секуляризацияни кўрмаган. Аксар мусулмон давлатлари номигагина дунёвий. Ғарбда нафақат давлат сиёсати, балки одамларнинг дунёқараши, тафаккури ҳам дунёвийлашиб улгурган. Мусулмон олами сўз эркинлигини чинакам қадриятга айлантириши учун улар аввало бу ҳуқуқдан баҳраманд бўлиши ва шу орқали муайян ютуқларга эришиши лозим. Шундан сўнггина унинг қадрият эканини англай борадилар. Қадриятларнинг вужудга келиши, қарор топиб сўнг йўқ бўлиб кетиши миллатларнинг тарихий тараққиёти, муаммою муваффақиятлари билан чамбарчас боғлиқ. Шу маънода бир халқда юқори баҳоланган қадрият бошқасида писанд қилинмаслиги табиий. Қадриятларни сунъий тарзда бошқа миллатлар онгига сингдиришга уринишлар кўпинча самарасиз якун топади.

(“Тафаккур” журнали 2015 йил, 2-сонда босилган.)

Advertisements

Izoh qoldirish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s