Фан ва дин муносабати: кўҳна масала ҳақида баъзи мулоҳазалар

Ричард Фейнман

(Ричард Фейнман (1918-1988) америкалик назариётчи физик; квант электродинамикаси асосчиларидан бири; Нобел мукофоти лауреати (1965); Америка физиклар жамияти, АҚШ ва Бразилия фанлар академияси, Лондон қироллик жамияти аъзоси.)

rfҲозирги ихтисослашув даврида муайян соҳани мукаммал эгаллаган одам аксар ҳолларда бошқа бир соҳа ҳақида бахс юритишга ноқобил бўлади. Шунинг учунми турли соҳалар ўртасидаги муносабатларга даҳлдор муаммоларни оммавий муҳокама қилиш борган сари камайиб бормоқда. Айни масалаларда ўтмишдаги баҳсларни ўқиганимизда улардаги кучли иштиёқни кўриб, ўша даврларни қумсаймиз. Дин ва фан муносабати каби эски муаммолар ҳал этилмаган, ҳозир ҳам мураккаб дилемма сифатида қаршимизда турибди. Бироқ маҳдуд ихтисослашув боис, кўпда очиқ муҳокама қилинмаяпти.

Мен бу масалага анчадан бери қизиқиб юраман, уни муҳокама қилишни истайман. Дин ҳақидаги тушунчам ва билимим чекланганлигини назарда тутиб (муҳокама қилганим сари бу янада яққолроқ намоён бўлиб боради), мулоҳазаларимни қуйидаги тартибда баён қилсам: Фараз қилайлик бир гуруҳ одам мазкур масала юзасидан баҳс қиляпти. Бу гуруҳ турли соҳа – турли фан ва динлар мутахассисларидан таркиб топган.  Улар масаланинг турли жиҳатларини алоҳида секцияларга бўлинган ҳолда муҳокама қила бошлашади.  Ҳар ким баҳс давомида қайта кўриб чиқилиши мумкин бўлган фикрларни билдира бошлайди. Ким биринчи бўлиб сўзга чиқиши қуръа натижасига кўра аниқланиши керак бўлсин ва у менинг чекимга тушсин.

Мен муаммони қуйидагича шаклда қўйиш билан бошлардим: Бир йигит диндор оилада ўсган, лекин фан билан шуғулланиб аста секин ўз боболари эътиқод қилиб келган Худонинг мавжудлигига шубҳалана бошлайди ва ҳаттоки Уни мутлақо инкор этиши ҳам мумкин. Албатта, бундай ҳолат кам эмас. Бу ҳақда аниқ бир статистик маълумотни бера олмасам-да, кўплаб олимлар – уларнинг ярмидан кўпи бўлса ҳам ажабмас – ўз ота-боболари эътиқод қилган Худога ишонмаслигига аминман. Яъни улар анъанавий маънодаги Худога ишонишмайди.

Худога ишониш диннинг тамал тоши экан, мен келтирган ушбу ҳолат фан ва дин муносабати масаласига бевосита даҳлдор.  Нима учун ёш олимлар ўз диний эътиқодларини тарк этишади?

Бу саволга бериладиган аксар жавоблар асосан шундай бўлади: кўриб турибсизки, уларнинг устозлари бўлмиш олимлар (юқорида айтганимдек) атеистдир. Бинобарин, даҳрийлик биридан иккинчисига юқиб, тез тарқайди. Агар сиз шу фикрда бўлсангиз, сиз фанни мен динни билишимдан ҳам кўра ёмонроқ билар экансиз.

Бошқа жавоб шуки, оз билим ҳавфлидир. Бу ёш олимлар оз нарсани ўрганиб, кўп нарсани биламан деб ўйлашади. Бироқ тез орада улар бу каби толиби илмларга хос қусурлардан покланиб, борлиқнинг ўзлари ҳаёл қилганларидан кўра мураккаброқ эканлигини англаб етишади ва аста-секин Худонинг мавжудлигини тан олишади.

Мен улар муқаррар шу фикрга келишади деб ўйламайман. Аллақачон улғайган, бироқ ҳали ҳам Худонинг мавжудлигига ишонмайдиган кўплаб олимлар бор. Аслида ёш олим мен биламан деб ўйлагани учун эмас, аксинчадир. Буни қуйида изоҳлайман.

Бошқа бир одам ёш олим фанни яхши тушунмайди, фан Худонинг мавжудмаслигини исботлай олмайди, бундай бўлиши мумкин эмас, дея жавоб бериши мумкин. Агар мумкин бўлмаса, фанга ва Худога – динлардаги анъанавий Худога ишониш бир-бирига мувофиқми?

Ҳа, мувофиқ. Гарчи айтганимдек олимларнинг ярмидан кўпи Худога ишонмаса-да, қолган олимлар фанга ҳам, Худога ҳам бирдек мувофиқ шаклда ишонади. Бироқ бу мувофиқликка эришиш, мумкин бўлса-да, осон эмас. Ушбу ҳолатда икки жиҳатга эътибор тортмоқчиман: Нима учун бунга эришиш осон эмас ва умуман бунга эришишга уринишдан бирор наф борми?

“Худога ишониш” деган жумланинг ўзи жумбоқли – Худо нима? Мен бу ўринда ғарбий динларга (яхудийлик, ислом, насронийлик, – тарж.)  хос бўлган, ибодат қилинадиган, борлиқни яратиш учун бир нималар қилган ва инсонга ахлоқни ўргатган шахслашган Худони назарда тутмоқдаман.

Фанни ўрганаётган талаба фан ва динни бир-бирига пайвандлашда дуч келадиган муаммонинг икки манбаси бор. Биринчи манба шуки, фанда шубҳа қилиш муҳим талаб саналиди. Онгингизда доимо ниманингдир ноаниқ қолиши фан тараққиёти учун ўта муҳимдир. Билимимизнинг илдамлаши учун мудом камтарликни ўзимизга касб қилишимиз ва билмаслигимизни эътироф этмоғимиз лозим. Ҳеч нарса шубҳадан ҳоли даражада аниқ бўлмайди. Сиз номаълум бўлгани учун ҳам қизиқиш билан ниманидир тадқиқ қиласиз, жавобини билганингиз учун эмас. Фанда маълумотингиз ортгани сизнинг ҳақиқатни билганингизни эмас, балки муайян нарсанинг эҳтимоли қанчалик кўп ёки озлигини билганингизни англатади.

Таҳлилимизни давом эттирсак, фан хулосалари нима ҳақиқат ёки ёлғонлиги ҳақида эмас, балки билганларимизнинг аниқлик даражаси ҳақидадир: “шу-шунинг ҳақиқатлик эҳтимоли мана бунисига нисбатан юқори” ёки “шу-шу ҳақиқатга анча яқин, лекин баъзи шубҳалар ҳам йўқ эмас” ёки ”бу ҳақда ҳозирча ҳеч нарсани билмаймиз”. Фан хулосалари мутлақ ҳақиқат ва мутлақ ёлғон оралиғидаги муайян шкалага тўғри келади, аммо уларнинг ҳеч бири мутлақ ҳақиқат ёки мутлақ ёлғон устига тушмайди.

Мазкур ёндашув, менимча, нафақат фан, бошқа соҳалар учун ҳам зарур – билмасликни тан олиш юксак фазилатдир. Ҳаётимизда маълум бир қарорларни қабул қилаётганимизда тўғри иш тутаётганимизни билмаймиз, бироқ бажаришимиз керак бўлган ишни қудратим етганча қилаяпман деб ўйлашимиз мумкин, холос.

Номуайянлик ёндашуви

Номуайянлик ичида яшаётганимизни билсак, буни албатта тан олишимиз лозим, менимча. Бу ҳамма саволларга ҳам жавоб беролмаслигимизни англаб етишимизда муҳим рол ўйнайди. Бу каби тафаккур тарзи – номуайянлик ёндашуви – олим учун сув ва ҳаводек зарур. Айни шу тафаккур тарзи толиби илм эгаллаши лозим бўлган илк кўникмадир. Тафаккур шунга одатланади. Ана шу одат бир марта касб қилинса, ундан воз кечиб кетиш қийин.

Ёш олим мутлақ ҳақиқатга етишолмаслигини билса, ҳар бир нарсага шубҳа кўзи билан қарай бошлайди. Шу аснода савол энди “Худо борми?”дан “Худонинг борлиги қанчалик эҳтимолга яқин?”га ўзгаради. Ана шу кичик ўзгариш фан ва диннинг масалага ёндашувидаги фарқни кўрсатади. Олимнинг ишончи олим бўлмаганнинг ишончидан фарқ қилади. Гарчи Худога ишонувчи олимлар бўлса-да, уларнинг ишончи оддий диндорларнинг ишончига ўхшамайди. Агар уларнинг ишончи ўзлари шуғулланаётган фаннинг хулосаларига мувофиқ келса, у қуйидагича ифодаланади. “Худонинг борлигига деярли аминман. Шубҳаланишга асос жуда оз.” Бу “мен биламан Худо бор” дейишдан хийла фарқ қилади. Чинакам олим Худонинг борлигига мутлақ ишонадиган диндорнинг тушунчасини қабул қилишига ишонмайман.

Шубҳаланиш Худонинг борлигига ишончни саволга тутиш билан бошланмайди, албатта. Одатда шубҳа аввал бошда жузъий жиҳатлар, дейлик, нариги дунё борлиги ёки диний ақидаларнинг баъзи тафсилотлари, масалан, Исо Масиҳ ҳаёти ҳақидаги тасаввурларга қаратилади. Муаммонинг мағзини самимий ўрганиш, Худонинг борлигига шубҳа уйғотувчи энг кескин фикрларни қўрқмай муҳокама қилиш кўпроқ қизиқарлироқ.

Худонинг мавжудлиги масаласи четлаб ўтилган таҳлиллар бир-биридан фарқли хулосаларга олиб бориши мумкин. Улар кўп ҳолларда у ёки бу нуқтаи назарга муайян даражада амин бўлиш билан якунланади. Бироқ бошқа томондан, ўз аждодлари ишониб келган Худо ҳақидаги тасаввурларни синчиклаб, ҳолис текшириш уларни ёлғонга чиқаришга сабаб бўлади.

Худога ишониш ва фан фактлари

Дин ва фанни бир-бирига пайвандлаш бизнинг талаба дуч келадиган иккинчи муаммо: Нима учун Худонинг борлигига бўлган – жуда бўлмаганда, анъанавий типдаги диний Худога – ишонч ақлга тўғри келмайдиган ва эҳтимолдан узоқ бўлиб кўринади? Менимча, бу саволнинг жавоби илмий фактлар билан бевосита боғлиқ. Масалан, космоснинг улканлиги кишини хайратга солади: Қуёш теграсида гир айланаётган биз яшайдиган заррача, галактикадаги шу каби юз миллиард қуёш, камига бу галактиканинг ўзи миллиардлаб галлактикалардан биригина, холос. Шунингдек, инсон биологик жиҳатдан бошқа ҳайвонлар билан яқин алоқага эга, бир ҳаёт шакли иккинчиси билан чамбарчас боғланган. Инсон эса эволюция саҳнасига энг сўнггида чиққанлардан. Қолган жонзотлар унинг яратилиши учун шунчаки ҳавозамиди? Камига жамики жонзот ўзгармас қонунларга бўйсунувчи атомлардан таркиб топган. Ҳеч нарса бу қисматдан қочиб қутула олмайди – юлдузлар ҳам, ҳайвонлар ҳам айни шу ҳомашёдан бунёд бўлган. Фақат жонзотлар, жумладан, инсон шу қадар мураккаб шаклланганки, сирли ҳилқат ҳаёт вужудга келган.

Инсондан ташқаридаги борлиқ, бутун космос ҳақида тафаккур қилиш, уни инсондан холи ҳолда – коинот тарихининг аксар даврида инсон умуман бўлмаган, унинг жуда катта қисми инсонга мутлақо бегона – тасаввур қилиш қизиқ машғулотдир. Борлиқ ҳақида объектив тасаввурга эга бўлиш, материянинг маҳобати ва сирини англаш, сўнг инсонга моддий бир ҳилқат сифатида назар ташлаш, ҳаётни сиррул асрор ўлароқ ҳис этиш инсонда тил билан ифода этиб бўлмас туйғуни пайдо қилади. Борлиқни тугал англашга иложсизлигимизни билганимизда бундан ҳам завқланамиз, ҳам уринишларимизнинг самарасизлигидан кулгимиз келади. Бу илмий қарашлар охир оқибатда хайрат ва сирлилик билан якун топади, мубҳамлик дуч келаверади. Шунга қарамай, борлиқ Худонинг инсонлар қай йўсинда эзгулик ва ёвузлик учун курашаётганини томоша қилиши учун бунёд қилинган саҳна эканлиги ҳақидаги заиф таълимотга нисбатан қиёслаганда илмий қарашлар анча таъсирлироқ ва чуқурроқдир.

Ёш олимнинг ҳаёлидан айни шу ўйлар ўтган деб фараз қилайлик. Унда инсоннинг ибодату илтижоларини ҳеч ким эшитмайди деган ишонч кучайиб боради. (Мен Худонинг реаллигини инкор қилишга эмас, балки аксар олимлар ибодатнинг маъносизлигига ишониши сабабини изоҳлаш ва уларга нисбатан ўз ҳайрихохлигимни билдиришга уриняпман.) Албатта, бу каби шубҳалар охир оқибатда ахлоқ масаласидаги шубҳаларга етаклайди. Зеро, у таълим олган динда ахлоқ нормалари Худонинг сўзларига боғлаб талқин қилинади. Башарти Худо йўқ экан, унинг сўзи ҳақида нима дейиш мумкин? Бироқ ажабланарлиси шундаки, пировардида ахлоқий нормаларга барибир жиддий зарар етмайди. Аввалига у эҳтимол  баъзи бир нарсалар мантиқсиз, деган қарорга келиши мумкин, аммо, шунга қарамай, ахлоқий масалалардаги аввалги муҳим қарашларини ўзгартирмайди.

Афтидан ахлоқий ва диний қарашлар бир-биридан нисбий мустақилликка эга. Исо Масиҳнинг илоҳийлигига шубҳа қилган ҳолда, ўзингизга нимани раво кўрсангиз, қўшнингизга ҳам шуни раво кўринг, деган қоиданинг тўғрилигига бўлган кучли ишончни сақлаб қолиш мумкин. Бу икки қарашга бир пайтда ишониш мумкин, лекин бунга қўшимча шуни ҳам таъкидлаш ўринлики, сиз ҳам бунга ишонч ҳосил қилишингиз мумкин, менинг атеист ҳамкасбларим жамиятда одатда ўзларини жуда муносиб тутишади.

Коммунизм ва илмий дунёқараш

“Коммунизм” ва “атеизм” тушунчаларини боғлиқ ҳолда тушуниш одат тусига киргани боис бу ҳақда ҳам тўхталиб ўтсам. Коммунистик дунёқараш моҳиятан фанга қаршидир. Коммунизмда барча саволларга, жумладан, сиёсий ва ахлоқий масалаларга қатъий шаклда, муҳокама ва шубҳаларсиз жавоб берилади. Илмий дунёқараш эса бунинг мутлақо аксидир. Яъни, барча масалалар шубҳа асосида муҳокама қилиниши, ҳар қандай нарса кузатилиши, текширилиши ва керак бўлса, ўзгартирилиши лозим. Демократик бошқарув ана шу ғояга яқин келади. Зеро, унда баҳс-мунозара ва ўзгаришлар қилиш имкони бор. Кемани аниқ бир йўналишда ҳаракатлантириб бўлмайди. Тўғри, ғояларингизни мутлақ тўғри деб ишонсангиз, қатъий қарорлар қабул қила оласиз. Сирттан қараганда бу яхши фазилат, бироқ унинг яхшилиги муваққат. Кема хато йўналишда харакатланаётган ва уни ўзгартирмасликка қатъий қарор қилинган бўлса, оқибат тайин. Демократик жамиятдаги ҳаёт номуайянликлари фандагига жуда ўхшайди.

Гарчи фан диний қарашларга бир қадар таъсир ўтказса-да, унинг ахлоқий мазмунини ўзгаришсиз қолдиради. Дин турлича қиёфага эга. У барча саволларга, масалан, нарсаларнинг қандайлиги, қаердан келгани, инсоннинг моҳияти, Худо, унинг сифатлари ҳақидаги саволларга жавоб беришга уринади. Келинг буни диннинг метафизик аспекти деб атай. У шунингдек қандай яшаш ҳақида ҳам гапиради. Бундан муайян маросимларда ўзини қандай тутиш, қандай ритуалларни бажариш ҳақидаги қисмини чиқариб ташлайлик. Шундан қолганлари умуман ахлоқан қандай ҳаёт кечириш кераклиги ҳақидаги масалалардир. У ахлоқий масалаларга жавоб беради, ахлоқ кодексини тақдим қилади. Мен буни диннинг ахлоқий аспекти дея қолай.

Ахлоқий қадриятлар бўлганда ҳам инсон барибир ўз ожизлигини кўрсатиб қўяди. Унга ўз виждонига бўйсуниб ҳаракат қилиши учун ахлоқий қадриятларни эслатиб туриш керак. Бу шунчаки виждон софлиги масаласи эмас, айни дамда инсоннинг ўзи тўғри деб билган нарсасига амал қилишида журъатини кучайтириш масаласи ҳамдир. Айни шу жойда дин инсонга ахлоқли бўлиши учун куч, илҳом ва кўтаринкилик бериши зарур. Бу диннинг илҳомбахшлик аспектидир. У инсонни нафақат ахлоқий хатти-ҳаракатларга ундайди, шу билан бирга, санъатга, буюк ғоялар ва ишларга илҳомлантиради.

 

Ўзаро боғлиқлик

Ушбу уч аспект ўзаро боғлиқ бўлиб, улардан бирининг танқид қилиниши ҳаммасини танқид қилгандек таассурот уйғотади. Уларнинг ўзаро муносабати қуйидагича: ахлоқий аспект, ахлоқ кодекси Худонинг сўзидир. Худо эса метафизик аспектга даҳлдор. Инсон ўзини Худонинг иродасини амалга оширяпман деб ишонса, илҳоми жўшади, ғайрати ошади; ўзини Худога яқиндек ҳис этади. Ана шу кучли илҳом киши амалини бутун космосга туташтиради.

Шу жиҳатдан мазкур уч аспект ўзаро мустаҳкам боғлиқ. Бироқ муаммо шундаки, фан улардан биринчиси, метафизик аспект билан зиддиятга бориб қолади. Хусусан, ўтмишда Ернинг космосдаги мақоми – у марказда туриши ёки қуёш теварагида айланиши юзасидан тортишувлар бўлган. Гарчи бу тортишувлар даҳшатли оқибатларга ҳам олиб келган бўлса-да, масала ахийри ечилди – дин ниҳоят чекинди.  Яқин-яқинларгача инсонннинг пайдо бўлиши борасидаги айни турдаги тортишувлар бетўхтов давом этиб келди.

Бундай баҳслар асосан диний метафизик нуқтаи-назарнинг чекиниши билан якунланмоқда. Бироқ дин бутунлай йўқ бўлаётгани йўқ. Шунингдек, ахлоқий қарашлар борасида жиддий фундаментал ўзгаришлар кузатилмаяпти.

Ер қуёш атрофида айланяпти. Шу билан бир юзга уришса, иккинчисини тутиб бериш тўғрими? Ернинг марказда туриши ёки қуёш атрофида айланиши масаласи ахлоқда нимани ўзгартириши мумкин? Зиддиятлар келажакда ҳам рўй беришини тахмин қилишимиз мумкин. Фан ривожланяпти, у кашф қилаётган янги фактлар баъзи динларнинг метафизик мавқеи билан тўқнаш келади. Гап шундаки, дин ўтмишда фанга бир неча марта ён берган бўлса ҳам, фан билан шуғулланаётган ва айни дамда диндан ҳам ҳабардор бўлганлар учун зиддият ҳали ҳам мавжуд. Мукаммал мувофиқлик йўқ. Зиддиятлар бор, бироқ бу ҳолат ахлоқий қарашларга таъсир этаётгани йўқ.

Метафизик соҳада зиддиятни ҳал этиш жуда қийин. Биринчидан, фактлар дин билан тўқнашади, ҳатто тўқнашмаганда ҳам ёндашув турлича. Фаннинг метафизик масалаларга шубҳа билан қараш кайфияти диннинг қатъий ва мутлақ ишончни талаб қилишига терсдир. Фактларда ҳам, ёндашувда ҳам диннинг метафизик аспекти билан қарама-қаршилик борлиги шубҳасиз.

Менимча, дин номаълумдан маълум сари бардавом ривожланиб, ўзгариб борадиган фан хулосаларига доимо мувофиқ келувчи ғоялар тизимини ишлаб чиқа олмайди. Барча саволларга бирдан жавоб беролмаймиз. Бир кун келиб хато бўлиб чиқиши эҳтимолидан ҳимояланган жавоблар эса йўқ.  Зиддиятлар туғилаверади, чунки фан ҳам, дин ҳам айни бир соҳадаги саволларга жавоб беришга уринмоқда.

Фан ва ахлоқий масалалар

Бошқа томондан диннинг ахлоқий аспекти билан фан ўртасида тўқнашув бўлмаслигига аминман. Зеро, ахлоқ масаласи фан тадқиқотлари доирасидан ташқаридадир.

Келинг нима учун шундай деб ҳисоблашим сабабини изоҳласам. Биринчидан, ўтмишда диннинг метафизик аспекти ва фан ўртасида зиддиятлар рўй берганига қарамай эски ахлоқий қарашлар барбод бўлгани йўқ, ўзгармади ҳам.

Иккинчидан, христиан ахлоқига амал қиладиган, бироқ Исонинг илоҳийлигига ишонмайдиган кўплаб яхши инсонлар бор. Улар ўз қарашларида жиддий номувофиқлик бор деб ҳисоблашмайди.

Учинчидан, гарчи фан аста-секин Исонинг ҳаётига доир ёки бошқа динларнинг ақидаларини тасдиқлай оладиган далилларни топиши мумкин бўлса ҳам, у ахлоқнинг Олтин қоидасини тасдиқловчи далилни топа олмайди. Ахлоқ мутлақо бошқа масала.

Келинг, не учун фан ахлоқнинг фундаментал асосларига даҳл қила олмаслигини фалсафий жиҳатдан изоҳлашга уриниб кўрай.

Дин мудом жавоб беришга уринадиган, инсонга хос бўлган муаммони олайлик: Мен буни қилишим керакми? Биз буни қилишимиз керакми? Ҳукумат буни қилиши керакми? Бу саволларга жавоб топиш учун саволни икки қисмга ажратиш лозим. Биринчиси – агар шуни қилсам, оқибати нима бўлади? Иккинчиси – бу ишни қилишни истайманми? Бундан нима яхшилик чиқади?

Бу ердаги биринчи савол фанга тааллуқли. Фан методлар ва ўша методлар воситасида олинган маълумотлар йиғиндиси сифатида хатти-ҳаракат ва ундан келиб чиқадиган амалий оқибат ҳақидаги саволларга жавоб беради. Техникаси эса жуда оддий – кузат, синаб кўр ва оқибатини яна кузат. Тажрибада тўпланган маълумотларни мантиқан изчил шаклга келтир. Барча олимлар шунга якдилдирки, ҳар қандай савол – у фалсафий бўладими ёки бошқа – тажриба орқали текшириб кўриш имкони бўлмаса (бошқача айтганда, шу ишни қилсам, нима чиқади? Саволи каби), у фанга даҳлдор савол бўлмайди. Сиз нимани истайсиз, қилган ишингиз оқибатини қандай баҳолайсиз (мен буни қилишим керакми? Саволининг иккинчи жиҳати) – булар фан шуғулланадиган масалалар эмас. Чунки бу саволларга оқибатни кўриб жавоб бериб бўлмайди. Бироқ ахлоқий нуқтаи назардан хатти-ҳаракат оқибатларини баҳолайсиз. Айни шу назарий нуқтаи назардан ахлоқий қараш – диннинг ахлоқий аспекти ва илмий фактлар ўртасида номувофиқлик бўлмайди.

Диннинг учинчи аспекти – илҳомбахшлик хусусияти муаммонинг энг чигал нуқтасидир. Динларнинг илҳомбахшлиги – у шижоатни ошириш учунми ёки далда бериш учун – уларнинг метафизик аспекти билан узвий боғланган. Бу илҳом Худога хизмат қилиш, Унинг иродасига таслим бўлиш, У билан бирга бўлиш ҳақидаги ўй ва туйғулардан озиқ олади. Худонинг борлигига заррача шубҳа туғилса ҳам илҳом ва ахлоқ ўртасидаги ришта узилади. Худога эътиқод сусайса, айни шу турдаги илҳом ўз-ўзидан йўқолади.

Бу муаммонинг ечимини билмайман. Метафизик аспектдан воз кечиб ҳам кўплаб инсонларга куч ва ғайрат берувчи муҳим манба бўлмиш динни сақлаб қолиш мумкинми?

 

Ғарб тамаддуни таянчи

Ғарб тамаддуни, менинг назаримда, икки буюк асосга таянади. Биринчиси, нимани билмаслигини билиш ва ўша билмаганини билишга бўлган кучли иштиёқ. Дунёни барча сирларини билиб олиш имконсиз эканини тан олиш, бошқача айтганда интеллектуал камтарлик. Иккинчиси – асоси муҳаббат, барча инсонларнинг биродарлиги, шахс қадр-қиммати бўлган христиан ахлоқи, яъни руҳий хокисорлик.

Бу икки таянч ўзаро мувофиқдир. Бироқ мантиқнинг ўзи етарли эмас. Инсонда қалб ҳам бўлиши лозим. Агар инсон яна черковга қайтса, унинг борар манзили қаер бўлади? Черков Худонинг мавжудлигига аввалгидан кўра кўпроқ шубҳа қиладиган ёки унга умуман ишонмайдиган бугунги кун одами учун руҳий озуқа бера оладими? Ўзаро мувофиқ, бироқ амалда бири иккинчисининг қадриятларига даҳл қилаётган бу икки таянчдан фақат биттасидангина куч олмаяпмизми? Шундай бўлиб қолиши муқаррарми? Қандай қилсак ҳар иккала асосдан бирдек манфаат ола биламиз?  Айни шу масала бугунги куннинг муҳим муаммоси эмасми?

Айни шуни муҳокамага қўйишни истардим?

Advertisements

Izoh qoldirish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s