“Қадимги Аҳд”ни ўқиб

(The New English Bible. Oxford University Press. 1995)

“Қадимги Аҳд” 2 млрд.41дан зиёд инсон муқаддас ва илоҳий деб биладиган қадимий диний битиклардан биридир. Баъзилар “Қадимги Аҳд” деганда Тавротни тушунади. Таврот Мусога нозил қилинган деб ишониладиган китоб бўлиб, “Қадимги Аҳд”нинг аввалги беш китобини қамраб олади. “Қадимги Аҳд” ҳажман Қуръондан қарийб уч баробар катта асар.
Мен бу ўринда ушбу асарни ўқиб чиқиш асносидаги таассуротларим ва баъзи мулоҳазаларимни ўртоқлашишни лозим топдим.
Ушбу асарни бир бошдан ўқир экансиз, унинг бир неча муаллиф томонидан минг йиллар оралиғида – турли даврларда ёзилгани яққол сезилиб туради. Услуб турлича, воқеаларга муносабат ҳам ўзгариб боради. “Қадимги Аҳд” дунёнинг ибтидосидан то эрамизнинг бошларигача бўлган даврда кечган воқеа-ҳодисалар ҳақида сўз юритади. Бу китобни маълум маънода Исроил ўғилларининг тарихи дейиш ҳам мумкин. Асар пайғамбарларга нозил қилинган илоҳий китоб эканига ишониш қийин. Мусога нозил қилинган китоб – Тавротда Мусо ҳақида мутлақо бошқа бир шахс ҳикоя қилади. Пайғамбар Самуэлга нозил қилинган деб ҳисобланиладиган китобда эса у вафот этгандан кейинги даврлар ҳам тилга олинган. “Қадимги Аҳд” пайғамбарлари ё подшоҳ, ёки подшоҳнинг башоратчиси бўлиб чиқади. Бундан ташқари яна қандайдир шахси номаълум пайғамбарлар ҳақида ҳам гапириладики, улар тўда-тўда бўлиб куй чалиб, рақсга тушиб юришади. Афтидан ўша даврларда зоҳид, биздаги сўфийларга ўхшаш инсонларни ҳам пайғамбар деб атайверишган чоғи. Ҳукмдорлар, раҳнамолар бирор ишга қўл уришдан олдин гўёки Худодан кўрсатма оладилар ва шу орқали ўз қилмишларини Худонинг иродаси деб кўрсатадилар. Масалан, Иброҳим, Ёқуб, Мусо, Иесус Навин, Довуд, Сулаймон каби пайғамбарлар ё уруғ оқсоқоли ёки давлат ҳукмдори бўлган.
Бугунги кунда ҳам ахлоқнинг асоси дин дейдиганларга инсониятнинг салкам учдан икки қисми муқаддас санайдиган “Қадимги Аҳд”ни ўқиб чиқишни тавсия қилган бўлардим. Негаки инцест, геноцид, зўрлик, хийла, ирқчиликни оқлаш учун истаганча асос топиш мумкин бу асардан. Масалан:
Инцест: Genesis 19:30-38.
Геноцид: Deuteronomy 2:34-35; 3:6; 7:1-11. Joshua 6:21; 8:22-25; 10:37-39; 11:14-15. Samuel I 15:3-4.
Хийла ва алдов: Genesis 27:1-46. Samuel I 11:1-27.
Ирқчилик: Genesis 9:18-29.
Миллионлаб қора танлилар Америкада қул қилиб сотилганида қулдорлар виждонига далда берадиган қудратли восита бор эди. Бу – Нуҳ пайғамбарнинг ўз ўғли Хомни қулликка ҳукм қилгани ҳақидаги оят. Унга кўра, Нуҳ Буюк тўфондан сўнг кўп шароб ичиб қўйиб, чодирида ялонғоч ҳолда ухлаб қолади. Хом отасининг ялонғоч ётганини кўриб қолади ва бу ҳақда Сом ва Ёфасга айтади. Улар отасига қарамаган ҳолда унинг устини ёпиб қўйишади. Нуҳ уйғониб, бўлган воқеани эшитгач, Сом ва Ёфасни алқайди, Хом ва унинг авлодларини эса дуоибад қилади: “Лаънат бўлсин Канъонга, у ўз биродарл2арига қул бўлсин. Яратган эгам, Сом ва Ёфасга марҳамат кўргаз, Канъон уларнинг қули бўлсин ” (Genesis 9:25-27). Хом қора танлиларнинг аждоди дея эътиқод қилинади. Канъон эса унинг ўғли. Ажабо, қайси ота ўз фарзандларидан бири иккинчисига қул бўлишини истайди. Худо эса бунга эътироз билдирмайди. Хўш, XXI аср кишиси учун буни ахлоқий намуна қилиб кўрсата оламизми? Шу маънода айтиш мумкинки, XV – XIX асрларда қулдорликни ҳадди аълосига олиб чиқиб қўйган омил фан-техника тараққиёти ҳам, дарвинизм ҳам, дин таъсирининг сусайиши ҳам эмас эди. Зеро қулдорлар орасида руҳонийлар, динга эътиқод қилганлар оз эмасди. Агар шундай бўлганида европаликлар фақат қора танлилар билан чекланмай, осиёликларни ҳам қул қилиб сотишарди. Бунга имкони ҳам бор эди. Бироқ улар қора танлилар табиатан паст ирқ ва қул бўлишга муносиб эканини тақдири азал деб қаттиқ ишонган. Бошқача айтганда, қора танлиларнинг оқ танлиларга қул бўлиши Яратган иродасидир. Буни баъзилар ўйлаганидек фан ҳам, капитализм ҳам эмас, айнан дин қонунлаштириб қўйган эди.
Иброҳимнинг қарғишига учраган Содом ва Гоморра аҳолиси қирилиб битгач, у ердан икки қизи билан қочиб омон қолган Лут пайғамбар мастликда кетма-кет иккала қизи билан қовушади. Улардан Моаб ва Аммон халқларининг аждодлари дунёга келади (Genesis 19:30-38). Содомликларнинг ҳатто гўдагига ҳам шафқат қилмаган, бир гуруҳининг гуноҳи учун барчасини бараварига қириб юборган Худо Лут ва унинг қизларини жазоламайди. Хўш, бу нимани англатади? Яна бир мисол. Довуд пайғамбар ўз аскари бўлмиш Уриянинг хотинини ёқтириб қолиб, уни хийла йўли билан тортиб олади. Уриянинг ўзини бўлса, энг ҳавфли ҳудудларга жўнатиб, душман қўлида ўлдиртириб юборади (Samuel I 11:1-27). Ёқуб пайғамбар эса кўзи кўрмай қолган отаси Исҳоқнинг дуосини олиш учун ўзини унга акаси Эсов деб таништириб алдайди (Genesis 27:1-40). 3Мусо пайғамбар Синай тоғидан қайтгач, қавми олтиндан бузоқ ясаб, унга сиғинаётганини кўради. Сўнг Худонинг номидан қуйидаги жазони тайинлайди: “Ҳар бирингиз қўлингизга қилич олинг. Чодирма-чодир юриб, ака-укаларингиз, дўстларингиз, қўшниларингизни ўлдиринг” (Exodus 32:27-28). Ўша куни уч минг одам ўлдирилади. Иесус Навиннинг китоби эса геноцид, қатли ом манзарасига тўла. Қайси уруғ, қабила ёки шаҳар босиб олинса, эркагу аёл, ёшу қари, ҳаттоки чорва молларигача ўлдириш ҳақидаги Худонинг амри беистисно бажарилади.
Юқоридаги мисоллар “Қадимги Аҳд”да баён этилганларнинг юздан бири холос. Яҳудий ёки насроний динидаги киши (“Қадимги Аҳд” насронийликда ҳам муқаддас китоб саналади) ўз ахлоқи учун меҳвар ўлароқ ўз динига суянса, у бу китобдан қандай ахлоқий меъёрларни қабул қилади? Тўғри, Сулаймон насиҳатларида (Proverbs) маълум даражада XXI аср кишиси наздидаги ахлоққа ўхшаш нималардир бор. Асарнинг қолган асосий қисми-чи? Бугун яҳудий ва насронийлар бирмунча дунёвийлашган. Улар “Қадимги Аҳд”ни жиддий қабул қилмаслиги, аксар қисми умуман ўқимаган бўлиши ҳам мумкин. (Сайёрамиздаги аксарият кишилар ўз диний китобларини ўқимай туриб, улар ахлоқ маёғи эканига ишонади.) Бироқ уларга ахлоқнинг асоси дин деган ғоя сингдирилса, улар ўз динига эргашиб, хусусан, “Қадимги Аҳд”га амал қилиб қандай ахлоқли бўлиши мумкин? Бир нарсани тахмин қилсак бўлади: Исроил Иесус Навинга тақлид қилса борми, фаластинликларнинг бешикда ётган боласигача тирик қўймайди.
Китобда ўқувчи диққатини тортадиган яна бир жиҳат шуки, унда динлар қандай қилиб ривожланганига далолат қилувчи ўринлар бор. Маълумки, динлар аввал бошда бугунги кундагидек яккахудолик – монотеистик бўлмаган. Инсоният кўпхудолик – политеизмдан аста-секин монотеизмга ўтиб келган. (Гарчи политеистик динлар бугун ҳам бор бўлса-да, монотеизм тарихи кўпхудоликка бориб тақалади.) Бироқ яккахудолик бир кун ёки бир йилда пайдо бўлиб қолмаган. Якка Худо ҳақидаги ғоя минг йиллар мобайнида ривожланган, янгича кўринишлар касб қилиб, пишиб етилган. Менимча, монотеизмнинг ривожланиш эволюциясини мухтасар шаклда шундай жойлаштириш мумкин:
– политеизм – кўплаб худолар бор деб ишониш;
– монолатризм – Бошқа худоларнинг ҳам борлигини инкор қилмаган ҳолда муайян қабила, уруғ, миллатнинг ўз ҳомийси бўлган худогагина топиниши;
– монотеизм – Ягона Худогина бор. У ҳам бўлса, менинг миллатим, қабилам ёки уруғим эътиқод қиладиган худодир. Бошқаларнинг худоси сохта.
Яҳудийлик монотеистик дин ҳисобланса-да, “Қадимги Аҳд”нинг аввалги қисмларида монолатризм яққол намоён бўлган. Ягона худога сиғинишга даъват кучли. Ўзга худоларга оғиб кетганлар Исроил худосининг ғазабига гирифтор бўлиши таъкидланади. Бироқ бошқа худоларнинг умуман мавжудмаслиги масаласи кўтарилмаган. Монотеизм яҳудийлар орасида миллатчилик, миллий ғурур ва ксенофобиянинг ўсиши билан параллел равишда ривожланган. Яъни, ягона худо халқнинг бирлиги рамзи ва ҳимоячиси ҳисобланган. Ўзга халқлардан қўрқиш, улардан нафратланиш (яҳудийларда бунинг учун ўша даврларда етарлича сабаблар бор эди) уларнинг худоларини бутунлай инкор этишга олиб келган. (Бу ҳақда Роберт Райтнинг “Худо эволюцияси” (The Evolution of God, New York: Little, Brown and Company, 2009) номли китобида батафсил берилган.) Ўша даврларда турли халқлар бир-бири билан иттифоқ тузмоқчи бўлса, ўз худоларини бир-бирига “қариндош” қилиб қўйишган. Масалан, эр-хотин, ота-бола ва ҳ.к. Бу ҳам бир дипломатия воситаси саналган. Ҳомий худолари бир-бирига “қариндош” бўлган қабилалар ўзаро урушлардан тийилган. Иттифоқ диний асосда мустаҳкамланган. Иттифоқнинг бузилиши эса ўз навбатида “қариндош” худолар ўртасидаги адоватларга ҳам боис бўлган. (Антик давр юнонлари пантеонига кирувчи худоларнинг ўзаро муносабати юнон шаҳар-давлатлари муносабатини акс эттириши сезилиб туради.) Яҳудийларда эса ишончли иттифоқчининг ўзи бўлмаган. Табиийки, “қариндош” худоларга эҳтиёж қолмаган. Натижада ўз худоларини мутлақлаштириб юборганлар. (Муросасиз монотеистик динлар айнан яҳудийлар билан боғлиқ ҳолда пайдо бўлгани бежиз эмас.) “Қадимги Аҳд”да миллатнинг ягона Худоси гўёки қандайдир ҳукмдор образида гавдаланади. У рашкчи, у раҳмдил, у шафқатсиз, у ўжар. У ҳатто ўз пайғамбари билан муштлашади (Genesis 32:22-32). У керак бўлса, отанинг қилмиши учун фарзандларини жазолайди (Deuteronomy 5:9-10), бутун бошли авлодни тавқи лаънатга гирифтор қилади. У ўта шафқатсиз қонунлар жорий этади. Шу қадарки, отасига қулоқ солмаган фарзанд ўлдирилиши лозим (Deuteronomy 21:18-21). У ўз бандаларини бир-биридан айиради, улар ўртасига нифоқ солади, бирини иккинчисига қарши урушга йўллайди. Яҳудий яҳудийга фоиз эвазига қарз бермайди, қолганларга эса мумкин (Deuteronomy 23:19-20). Қувғин, таҳқирланиш, бунинг ортидан келган ғазаб, нафрат, қўрқув ҳисси Исроил ҳалқи дунёқараши ва руҳиятига кучли таъсир қилган. Бу эса ўз навбатида уларнинг Худо ҳақидаги тасаввурларида из қолдирган.
“Қадимги Аҳд” – инсоният яратган бебаҳо асар. У яҳудий ва насронийларнинг эътиқоди, санъати ва адабиёти билан яқинроқ танишишимизга йўл очади; уч минг йиллар муқаддам яшаган инсонларнинг орзу-ҳаёллари, тасаввурлари ҳақида маълумот беради. Бироқ агар унга илоҳий пайғом сифатида ишонилса, астойдил амал қилинса, башарият уч минг йил ортга қайтиши тайин. Замонавий қирғин қуроллари билан эса янада мудҳишроқ оқибатларга рўпара бўламиз. Эътиқод қилмай, адабий асар сифатида ўқилса, завқи бўлакча. “Қадимги Аҳд”да турли тўқима шахслар, воқеалар ҳақидаги ҳикоялар бисёр. Шуниси билан ҳам қизиқ-да. Уларга сўзма-сўз ишонадиган одамлар ҳозир ҳам борлигини ўйласангиз, ҳайратингиз янада ортади.
Билмадим, агар диндор яҳудий ёки насроний бўлганимда, эҳтимол, бу асар ҳақида бошқача муносабат билдирар, уни оқлашга уринармидим. Уни танқид қилаётганларни сизнинг иймонингиз йўқ, агар иймон келтирганингизда эди унинг ҳикматини тушунар эдингиз дермидим. Ёки уларни яҳудий ва насронийликка душманлик ва нохолисликда айблармидим. Балки “Қадимги Аҳд”дек кўҳна китобни яхши тушунмагандирман. Диний эътиқод муқаддас китоблардаги нуқсонларни кўришга имкон бермаслиги сир эмас.

Advertisements

Izoh qoldirish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s