Cкептик

Дэвид Ҳюм

Hume(Дэвид Ҳюм (David Hume – 1711-1776) шотланд файласуфи, тарихчи ва иқтисодчиси. Классик эмпирицизмнинг йирик намоёндаси. Том маънода биринчи психолог, ахлоқшунос ва диншунос. (Унинг “Эхтирос ҳақида”, “Диннинг табиий тарихи” ва “Ахлоқий принциплар ҳақида” асарлари кишида худдики ХХ асрда ёзилгандек таассурот қолдиради.) Иммануил Кант, Адам Смит, Огюст Конт қарашларининг шаклланишида жиддий таъсир ўтқазиш баробарида позитивизм, прагматизм, феноменологиянинг вужудга келиб ривожланишида муҳим роль ўйнаган. “Инсон табиати ҳақида трактат”и (Treatise of Human Nature) XVIII асрда европада яратилган икки буюк фалсафий асардан (Кантнинг “Соф ақлнинг танқиди” асари унга жавоб тарзида ва қўйилган муаммо муҳокамасини давом эттириш мақсадида ёзилган) бири сифатида қаралади. Кантнинг “Ҳюм мени догматик мудроқдан уйғотди ва тадқиқотларимнинг келгуси ривожига кучли таъсир ўтказди. … У метафизикада ўт-олов ёқмади, бироқ учқун ҳосил қилдики, унинг ёрдамида алангани пайдо қилиш мумкин эди,” деган сўзлари ўзини унинг танқидчиси ва давомчиси сифатида тан олиши эди. Бу икки файласуф таълимоти билан яқиндан таниш бўлганлар бунга амин бўлишлари шубҳасиз. Унинг сабабийлик, индукция ва эмпирик билишнинг табиати тўғрисидаги қарашлари экспериментал-табиий фанлар ривожида муҳим ўрин тутади. Унга ҳайрихох булганлар орасида табиатшунос олимлар (хусусан Дарвин, Хаксли, Эйнштейн) кўплаб топилади. Таассуфки шўролар даврида В.И.Лениннинг уни махизмнинг ўтмишдоши сифатида қоралаши Ҳюм фалсафасининг ўрганилишини ортга суриб юборди. Эътиборингизга ҳавола эътилаётган эссе Ҳюмнинг нисбатан оммабоп услубда ёзилган эсселаридан бўлиб, унинг ахлоқий-эстетик ва инсон табиати тўғрисидаги қарашларини умумий тарзда қамраб олади. Эссени ўқир эканмиз, замонавий прогматизм, экзистенциализм ва абсурд масаласига дахлдор тамал ғояларнинг уч аср муқаддам буюк шотланд файласуфи томонидан қандай ифодалаб берилгани билан танишамиз. -Тарж.)

* * * *

Файласуфларнинг барча нарсани қамраб олувчи умумий хулосаларига доимо шубҳа билан қараганман. Уларга ишонишдан кўра, таҳлил ва танқид қилишга бўлган майлим кучлилик қилади. Аксар файласуфлар йўл қўядиган хатолик шундаки, улар табиий ўзгаришларнинг ҳар бири ўзига хос бўлишини эътибордан соқит қилиб, ўз принципларини барча нарсага беистисно бирдек тадбиқ этадилар. Қачонки файласуф кўпгина табиий жараёнларни қамраб олиши мумкин бўлган муайян қоидани дастакласа, у бу қоиданининг амал қилиш соҳасини бутун мавжудликка ёйиб юбориш ва барча ҳодисаларни атиги биргина қонун ёрдамида тушунтиришга, бемаъно ва саёз мулоҳазаларга асосланиб бўлсада, уринади. Ақлимиздаги ноқислик бизга ўз тушунчаю фаразларимизни табиатдаги барча турфа хил нарса ва ҳодисаларга нисбатан тадбиқ этиш имконини бермайди. Фақатгина тафаккуримизда бўлгани каби табиатдаги барча ўзгариш ва ҳаракатлар ҳам чекланган деб фараз қилишимиз мумкин.
Файласуфларнинг заифликлари инсон ҳаёти ва бахтга эришиш йўллари борасидаги фикрларида кўпроқ кўзга ташланади. Бунда улар нафақат ўз тушунчаларининг торлиги, шу билан бирга, ўзларидаги эҳтиросу майллар сабабли хатога йўл қўядилар. Деярли ҳар бир инсон ўз ҳаёти мобайнида баъзи тўхташлар билан бўлсада, муайян бир нарсага кучли майл сезади ва барча эҳтиросу истакларини айни ўша майлга бўйсундиради. Бундай вазиятда унинг учун мутлақо аҳамиятсиз бўлган нарса бошқаларга завқ бағишлаши, унинг эътиборидан четда қолган нарса кимларнидир ўзига мафтун этиши мумкинлигини англаш осон бўлмайди. Унинг наздида ўз машғулотигина энг жозибали; эҳтирослари йўналган объектлар энг қадрли; у тутган йўл бахтга элтувчи ягона йўлдир.
Бироқ бу мутаассиб мутафаккирлар бир муддат ўз камчиликларини очиб берувчи далилу мисоллар қанчалар бисёр экани тўғрисида чуқурроқ ўйлаб кўрганларида эди, ўз максима ва принципларини анчагина мукаммалаштирган бўлардилар. Улар кишиларнинг машғулот ва майллари қанчалар турфа эканини кўрмайдиларми, ҳар ким ўз танлаган ҳаёт тарзи билан қониқиши, қўшниси истаган йўлдан бориш унинг учун катта бахтсизлик бўлишини билмайдиларми? Наҳотки улар истак-майлнинг ўзгариши баробарида муайян вақтда ёқимли бўлган нарса бошқа пайт жирканчга айланиши мумкинлигини ўзларида ҳис қилиб кўришмаган бўлса! Ёки қачонлардир муайян бир нарсага мафтун қилган дид ва ҳаваслари ёқимсиз бўлиб қолганини эслай олишмаса. Жамоавийлик ёки ёлғизлик, кайфу сафога тўла ёки қизғин фаолиятга бой ҳаёт, қишлоқ ёки шаҳар ҳаётини афзал билишдек умумий қизиқишу интилишлардаги фарқнинг маъноси нима? Гарчи кишилар ўзаро фарқли майлларга эга бўлсалар-да, ҳар ким ўз ҳаётий тажрибаси ёрдамида турли яшаш тарзлари ўз ўрнида маъқул экани, уларнинг турфа хил ва омихта шаклларининг мавжудлиги мақсадга мувофиқ эканига амин бўлади.
Бу масала ечимини ҳар кимнинг ўзига қўйиб бериш керакми? Киши қайси йўл афзал экани ва саодатга элтишини ўз ақлига таяниб аниқлаши керакми ёки майлу кайфиятига? Бир кишининг хулқ-атвори бошқа бириникидан фарқли эмасми?
Мен бунга ўртада катта фарқ бор, деб жавоб бераман. Ўз майлу эҳтиросига ён берган киши ҳаёт йўлини танлашда айни шундай феъл-атворли ва айни мақсадга интилган бошқа бир кишидан кўра воситанинг ишончлироғини ишга сола билиши мумкин. Бойлик орттириш барча истакларингизнинг пировард мақсадими? Ўз касбу корингизда моҳир бўлинг; ўз фолиятингизда шижоатли бўлинг; дўсту танишларингиз доирасини кенгайтиринг; ортиқча кайфу сафо ва ҳаражатлардан қочинг; хаддан зиёд сахий бўлманг, фақатгина тежамкор бўлганингиздан кўра кўпроқ нарса қозонишингиз мумкинлигига кўзингиз етса сахий бўлинг. Одамларнинг ҳурмату иззатини қозонмоқчимисиз? Меъёрдан ортиқ мағрур ёки сермулозамат бўлишдан сақланинг. Ўзгаларнинг иззат нафсига тегмайдиган шаклда ўз қадрингизни билишингизни намойиш қилинг. Агарда меъёрни бузсангиз, ўз юзсизлигингиз билан ўзгалардаги мағрурликини кучайтирасиз ёки ортиқча мутеълигингиз ва ўзингиз тўғрингизда паст ўйлашингиз билан улар олдида қадрингизни йўқотасиз. Сиз буларни ҳар бир ота-она ўз фарзанди онгига сингдирадиган, оқил ҳар бир киши ўз танлаган ҳаёт йўлида амал қиладиган оддий ҳақиқатлар дерсиз. У ҳолда бундан ортиқ яна нимани истайсиз? Ёки гўё бир афсунгарнинг олдига боргандек файласуфдан сеҳру жоду кучи билан одатий ақл ва донолик билан билиб бўлмайдиган ниманидир ўргатишини сўрайсизми? Ҳа, биз файласуфдан мақсадга эришиш воситасини эмас, балки мақсадни қандай қилиб белгилашни ўргатишини сўраймиз. Биз қандай истакларни маъқуллашу қандай эҳтиросларга берилиш ва яна қандай зарурату эҳтиёжларга бўйсунишимиз кераклигини билишни хоҳлаймиз. Қолган пайт эса, ўз ҳулқ-атворимизни тарбиялашда соғлом ақл (common sense) ва умумқабул қилинган меъёрларга асосланамиз.
Ўзимни файласуфдек тутаётганимдан ҳижолатдаман, зероки, сизнинг саволланигиз жуда мураккаб. Агарда жавобим қатъий ва совуқ бўлса, схоласт ва педант бўлиб ва аксинча осон ва ноқатъий бўлса, ахлоқсизлик ва ёвузликка даъват қилувчи бўлиб кўринишдан хавотирдаман. Шунга қарамай, кўнглингизни қолдирмаслик учун, айни масала юзасидан ўз мулоҳазаларимни баён қилай. Сиз бу мулоҳазаларга у қадар жиддий оқибатларга олиб бормайдиган фикрлар сифатида қарашингизни истайман. Зеро мен ҳам уларни шундай қабул қиламан. Айни шу орқали сиз уларни кулгили ёки ғазабни қўзғайдиган деб ўйламайсиз. Биз файлсуфона мушоҳада орқали кашф қилганимиз принципларга суянишимиз мумкин. Фикримча, улар аниқ ва шубҳасиз деб ишонилса-да, ўз ҳолича олганда қийматли ёки қийматсиз, маъқул ёки жирканч, гўзал ёки хунук эмас. Бинобарин, бу каби хусусиятлар инсондаги эҳтирос ва ҳиссиётларнинг муайян ҳолати ва кайфиятидан келиб чиқади. Бир ҳайвон учун мазали бўлган емак бошқа бири учун ёқимсиз; бирини завқлантирган нарса, бошқа бирида ўнғайсизликка сабаб бўлади. Бу каби ҳол тана сезгиларининг барчасига тааллуқли. Бироқ масалани янада чуқурроқ ўргансак, онг тана билан мувофиқ фаолиятда бўлганда ва ундаги ҳиссиётлар жисмоний истаклар билан қоришиб кетганда ҳам айни вазият кузатилади.
Эҳтиросли ошиқдан ўз маъшуқасини тасвирлаб беришини сўранг. У ўз маъшуқасининг шаклу-шамойилини тасвирлашга сўз тополмаётганини айтади ва ўз навбатида сиздан ҳаётингизда бирор илоҳа ёки фариштага йўлиққанмисиз, деб сўрайди. Агарда “йўқ” деб жавоб берсангиз, у яна давом этиб, “у ҳолда сиз менинг маъшуқамдаги каби илоҳий гўзалликни – шу қадар мукаммал шакл, ўзаро уйғун хусусиятлар, мафтункор чеҳра ва шўх-шаддодликни ҳеч қачон тасаввур эта олмайсиз”. Унинг бу гапларидан бечора йигитнинг муҳаббат ўтида қовурилаётганию табиат барча жонзодларга ато этган жинслар ўртасидаги умумий боғлиқлик унда ўзи учун ёқимли сифатларни муйян объектда кўриш майлини пайдо қилганинигина била оласиз, ҳолос. Ваҳоланки, у илоҳийлаштирган хилқат нафақат бошқа жонзотлар, балки ўзга инсон учун ҳам шунчаки муваққат бир нарса сифатида кўринади, бинобарин, бутунлай бефарқлик билан қабул қилинади.
Табиат барча жонли мавжудотларга ўз зурриёти учун ғамхўрлик қилишдек англанмаган майлни ато этган. Мурғак гўдак дунё юзини кўргач, гарчи бошқа мавжудотлар учун жирканч ва ёқимсиз бўлганда ҳам, ота-онаси уни ўзгача бир меҳрла бошқа мукаммалроқ ва тугал мавжудотлардан афзал кўради. Инсон табиати ва кайфиятидан келиб чиқувчи эҳтиросгина (passion) энг аҳамиятсиз нарсаларга ҳам қадру қиймат бера олади.
Айни кузатувни давом эттирсак, онг мустақил тарзда маъқулловчи ва инкор қилувчи ҳиссиётни вужудга келтира олиши, бир объектни хунук ва беўхшов, бошқа бирини эса гўзал ва ёқимли деб қабул қилишига амин бўлишимиз мумкин. Айтишим жоизки, айни вазиятда ҳам ўша хусусиятлар объектда мавжуд бўлмай, балки онгдаги маъқулловчи ва қораловчи ҳиссиётларга (sentiment) боғлиқ бўлади. Бу нуқтаи назарни тафаккур қилишга беҳафсала кишилар учун ишонарли ва очиқ ойдин тушунтириб бериш қанчалар мушкул бўлишини тахмин қиляпман. Зеро, табиат тана сезгиларимизда эмас, онгимизда кўпроқ бир бутун (uniform) ҳолатда бўй кўрсатади; инсоннинг ташқи сезгиларидан кўра ички оламида нисбатан яхлит бирликда акс этади. Маънавий дидимиз шундай ўзига хос принципларни шакллантиргани учун ҳам ошпаз ёки парфюмерлар эмас, балки танқидчилар (эстетлар) мавзуни ишончлироқ таҳлил ва муҳокама қила олади. Шунга қарамай кишилар ички оламида табиатнинг бир бутун ҳолда намоён бўлиши уларнинг гўзаллик ва қийматни ҳис қилишда турлича ёндашувларга эга бўлишларини инкор қилмайди. Таълим, одат, хурофоту майллар ва кайфият дидимизни мудом ўзгартириб туради. Италиян мусиқасини тингламаган, унинг ички мураккабликларидан бехабар кишини бу мусиқа шотланд мусиқасидан афзал эканига ишонтира олмайсиз. Бунда ўз фикрингизни асослаш учун ўз дидингиз чиқарган ҳукмдан бошқа бирорта ҳам аргументингиз бўлмайди. Мубоҳисингиз учун ҳам унинг ўз диди энг ишончли аргументдир. Агарда сизлар бу борада оқил йўл тутсангиз, иккингиз ҳам қарама-қарши томоннинг фикрлари чин бўлиши мумкинлигини тан оласиз. Диднинг ранг-баранг бўлишига етарлича мисоллар топилганда иккингиз ҳам гўзаллик ва қиймат нисбий табиатга эгалиги ва у муайян объект томонидан маълум бир онгда ўша онгнинг ҳолат ва тузилишига кўра пайдо қилинган ёқимли ҳисдан бошқа нарса эмаслигини эътироф этасиз.
Инсонларда кузатилувчи ҳиссиётларнинг турфа хиллиги орқали табиат эҳтимол ўзининг улуғворлигини намойиш қилиш ва ташқи оламдаги нарсаларда эмас, балки ички дунёларида ўзгаришлар қилиш билан кишиларнинг хоҳиш ва ҳиссиётларида нималарни пайдо қилаётганини кўришимизни истар. Оддий инсон шу фикрнинг ўзи билангина кифояланиши мумкин. Бироқ тафаккур эгалари бу билан чекланмай нарсанинг табиати ҳақида янада ишончлироқ, жуда бўлмаганда умумийроқ аргументни шакллантиришга иштиёқманд бўладилар.
Мулоҳаза юритиш жараёнида онг нарсаларни ўзидан бирор нима қўшмай, улардан ниманидир олиб ҳам ташламаган ҳолда, улар гўё реал мавжуддек кўриб чиқади. Агар мен Птоломей ёки Коперник тизимларини ўргансам, бу билан мен сайёраларнинг реал ҳолатларини билишга интиламан. Бошқача айтганда, мен сайёралар фазода ўзаро бир-бирларига қандай муносабатда бўлсалар, айни муносабатни доимо диққат марказида тутаман. Онг бу фаолиятида афтидан инсонларнинг билиш имкониятларидаги нотенглик сабабли ўзгариб турувчи ҳақиқат ёки ёлғон тасаввурлар билан эмас, нарсалар табиатидаги қандайдир реал, бироқ номаълум стандарт билан доимо мувофиқ ҳаракат қилади. Хатто барча инсонлар қуёш ҳаракатланади ер эса ҳаракатсиз бўлади деб ўйласаларда, қуёш бир инч ҳам жойидан жилмай тураверади ва бу каби ишонч доимо ёлғон ва хато бўлиб қолади.
Бироқ гўзаллик ва хунуклик, мақбуллик ва манфурлик сифатлари борасидаги вазият ёлғон ва чинлик масаласи каби эмас. Биринчи ҳолатда онг нарсаларни ўз ҳолича, қандай бўлса шундайлигича кузатиш, муҳокама қилиш билангина қаноатлана олмайди; у бу кузатиш орқали завқ ёки дамонгирлик, маъқуллаш ёки қоралаш ҳисларини ҳам туядики, бу ҳислар онгни объектга гўзаллик ёки хунуклик, мақбуллик ёки манфурлик сифатларини беришга ундайди. Демак, бу ҳиссиёт (sentiment) онгнинг муайян ҳолат ва тузилишига боғлиқдир. Айнан онгнинг тузилиш ва ҳолати муайян шаклнинг у ёки бу тарзда юзага келиш имконини туғдиради; онг ва унинг объектлари ўртасида умумийлик ва мувофиқликни келтириб чиқаради. Онг тузилиши ёки ички аъзоларни ўзгартирсангиз ташқи нарсалар ўз ҳолича сақланса-да, ҳиссиёт айни шаклда қолмайди. У (ҳиссиёт) ташқи объектлардан фарқли экан ва нарсаларнинг сезгиларга таъсиридан вужудга келар экан, у ҳолда сезгилардаги ҳар қандай ўзгариш ҳиссиётларни ҳам ўзгартириши керак. Айни объект турлича хусусиятга эга бўлган икки кишининг онгида айни бир ҳиссиётни вужудга келтира олмайди.
Ҳар ким нарса ва ҳиссиёт яққол фарқли эканини чуқур фалсафий тафаккурнинг ёрдамисиз ҳам била олиши мумкин. Ким ҳам инсондаги эҳтирослар сабаблимуайян қиймат касб этувчи, ўз ҳолича олганда матлуб ҳам марғуб ҳам бўлмаган ҳукмронлик, шон-шухрат ва кимдандир қасос олиш каби ҳиссиётлардан таъсирланмаган? Бироқ аксар кишилар гўзаллик масаласига келганда, у хоҳ табиий хоҳ ахлоқий бўлсин, вазият бошқача тус олади деб ҳисоблайдилар. Мақбул сифат ҳиссиётда эмас, нарсаларнинг ўзида бўлади ва ҳиссиёт объектни идрок қилиш ва ўзи ўртасидаги фарқни пайқамаслик қадар мубҳам ва бетизгин эмас деб ишонилади.
Шунга қарамай озгина мулоҳаза қилиб кўрсак, уларни осонгина фарқлай оламиз. Ҳар ким Коперникча тизимдаги эллипсларни ва Птоломейча носимметрик ҳаракатларни аввалгиси кейингисидан гўзалроқ эканини ҳис қилмасдан ҳам била олади. Евклид айлананинг барча хусусиятларини унинг гўзаллиги тўғрисида бир сўз ҳам демай изоҳлаб берди. Нима учун шундайлиги аён: гўзаллик айлананинг сифати эмас. Гўзаллик ундаги марказдан бирдай узоқликда ётган чизиқда ҳам эмас. Гўзаллик шу каби ҳиссиётни пайдо қилувчи онгнинг тузилиш ва кайфияти маҳсули, холос. Уни сезги ва математик мулоҳазаларни ишга солиб, айланадан, унинг сифату хусусиятларидан қидиришингиз бефойда. Вергилийни ўқиб завқ олмаган математик Энейнинг саёҳатларини ҳаритадан текшириши ёки буюк шоир ишлатган лотинча ҳар бир жумлани мукаммал тушуна олиши мумкин. Оқибатда эса ўқиганларидан мутлақо ўзгача таассурот олади. У достонда тилга олинган жўғрофик жойлардан хабарсиз кишиникидан ҳам фарқли ҳисларни туяди; достондаги ҳар бир нарсани билсада, унинг гўзаллигидан бебаҳра қолиши мумкин. Чунки гўзаллик, очиғини айтганда, шеър ёки достонда эмас, балки ўқувчининг дид ва ҳиссиётидадир. Қаердаки киши мазкур ҳиссиётни пайдо қиладиган кайфият назокатига эга бўлмаса, у гарчи фариштанинг ақлию билимига эга бўлсада, гўзалликдан бебаҳра қолиши аниқ.
Келтирилган барча мулоҳазаларимизни шундай хулосаймиз: Инсон интиладиган завқ-шавқ нарсаларнинг қиймат ва аҳамиятидан эмас, балки ўша интилишга ундовчи эҳтирос ва айни интилиш сабабли қўлга киритиладиган муваффақиятдан келиб чиқади. Нарсалар ўз ҳолича ҳеч қандай қадр ва аҳамиятга эга эмас. Улар ўз аҳамиятини эҳтиросдан олади. Агарда у (эҳтирос) кучли, қатъий ва муваффақиятли бўлса, инсон мамнунликни туяди. Рақс мактабидаги балга янги либосини кийиб борган қизалоқ ҳис қиладиган завқ нотиқнинг ўз таъсирчан маърузаси билан минглаб тингловчиларнинг эҳтирос ва фикрларини бошқаришидан оладиган қониқишчалик бўлади, деган гапга шубҳа билдириш мушкул. Кишилар ҳаётидаги барча фарқлар уларнинг эҳтирос масрур ҳисларидан келиб чиқади. Айнан мана шу фарқ бахт ва бахтсизлик ўртасидаги улкан масофани пайдо қилади.
Бахтли бўлишда эҳтироснинг тийиқсиз ҳам, мудроқ ҳам бўлмаслиги жуда муҳим. Биринчи ҳолатда онгимиз доимий тиғизлик ва бетартиблик қуршовида бўлса, кейинги ҳолда эса ғафлат ва хафсаласизлик ичида бўлади.
Бахтли бўлиш учун эҳтирослар қўпол ва шиддаткор эмас, мулойим ва дилкаш бўлмоғи лозим. Қўполлик ва шиддат туйғуларимиз учун маъқул сифат эмас. Ким ҳам нафрат ва адоват, хасад ва қасоскорликни дўстлик, мулойимлик, муруввату миннатдорлик туйғуларига қиёслай оларди?
Бахтли бўлиш учун эҳтирос масрур ва қувноқ, тушкунлик ва умидсизликдан йироқ бўлмоғи лозим. Ҳақиқий бойлик умид ва шодлик, қашшоқлик эса қўрқув ва ғазабга мойилликдадир.
Баъзи эҳтиросу майллар бошқа бирлари каби ўз объектига нисбатан қатъий ва изчил бўлмайди, давомли завқ ва қониқишга олиб бормайди. Масалан, фалсафага ихлос шоирнинг илҳоми каби кўтаринки руҳ, ажойиб эрмак, кучли истеъдод, ўқиш ва фикрлашга бўлган одатнинг муваққат ҳосиласидир. Бироқ, шунга қарамай, табиий дин тасвирлайдигани каби кўринмас, мавҳум объект онгни узоқ вақт машғул қилолмайди, ҳаётнинг муайян даври учун асос бўлолмайди. Эҳтироснинг давомли бўлиши учун тасаввур ва сезгиларимизга таъсир этувчи қандайдир усулни топишимиз, илоҳий олам тўғрисида муайян фалсафий ва тарихий изоҳ, тушунтиришни қабул қилишимиз лозим. Оммалашган ирим-сиримлару маросимлар айни масалада асқотиб келади.
Гарчи кишилар кайфияти турлича бўлса-да, дангал айтиш мумкинки, завқу шавққа йўналган ҳаёт амалий фаолиятга йўналган қизғин ҳаётчалик узоқ давом этмайди; кўнгилга тегиши ва жирканишни пайдо қилиши мумкин. Давомли қизиқишлар одатда, ўйин ва ов каби кучли қунт ва эътиборнинг қоришмасидан юзага келади. Умуман олганда, меҳнат ва фаолият инсон ҳаётидигаи катта бўшлиқни тўлдиради.
Қаердаки феълимиз ҳузур-ҳаловатга мойил ва мослашган бўлса, доимо нимагадир эҳтиёжни ҳис этамиз. Бу жиҳатдан, ташқи нарсаларга қаратилган эҳтирос ўз ичимиздаги нарсаларга йўналган эҳтиросга нисбатан бахт учун камроқ ҳисса қўшади. Чунки ташқи объектларга тўлақонли ишонч билан эга чиқолмаймиз, эга чиққанимизда эса уларни йўқотишдан ҳавотирланмай ўзимизда сақлаб юра олмаймиз. Ўқиш ва ўрганишга бўлган чанқоқлик саодатли бўлиш масаласида, бойликка бўлган эҳтиросдан афзалроқдир.
Руҳияти кучли шундай кишилар ҳам бўладики, улар ташқи объектларга хоҳиш билдирганларида ҳам, умидсизликка осонликча тушмайдилар, аксинча ўз ғайрату шижоатларини кўтаринки кайфиятда сақлаб қола оладилар. Ҳеч нарса руҳиятнинг бу каби мослашувчанлиги каби бахтга элтмайди.
Инсон ҳаёти тўғрисидаги мазкур қисқа ва нотугал баёну таҳлилимиздан келиб чиқадики, онгнинг энг бахтли ҳолати бу унинг фазилатли бўлиши, бошқача айтганда, бизни фаолият ва машғулликка ундайдиган, бизга ижтимоий ҳис туйғуларни англатадиган ва юрагимизни тақдир зарбаларига тайёрлайдиган, ҳиссиётларимизни мўътадиллаштирадиган, ўз ўй-ҳаёлларимиздан завқ олишга ўргатадиган, туйғуларимиздан кўра кўпроқ ўзгалар билан суҳбат ва дилкашликдан ҳузурланишга бўлган майлимизни орттира оладиган бўлишидир. Бошидан оғир кунларни ўтказаётган аксар саёз фикрли кишиларга шу нарса маълум бўладики, онгнинг барча ҳолатлари бахтли бўлиш учун мақбул эмас; муайян ҳиссиёт ёки кайфиятнинг бўлиши қанчалар маъқул кўрилса, бошқа бири шунчалик қораланади. Дарҳақиқат, ҳаёт шароитлари ўртасидаги фарқнинг қандай бўлиши кишиларнинг онгу тафаккурига боғлиқ. Ҳолбуки, ўз ҳолича олганда турли вазиятлар (ҳаётий шарт шароитлар) ўзаро бир-биридан афзал эмас. Эзгулик ва ёвузлик – у хоҳ табиий хоҳ ахлоқий бўлсин – инсонинг ҳиссиёт (sentiment) ва эҳтиросига (affect) тамоман боғлиқдир. Агарда инсон ўз ҳис-туйғуларини ўзгартира олганда (бошқара билганда) эди, ҳеч ким бахтсизликни ҳис қилмас, Протей каби ўз шаклу шамойилини ўзгартириб, тақдирнинг барча зарбаларига чап бериб кета оларди.
Бироқ табиат ўзидаги етарлича мавжуд мослашувчанлик қобилиятидан бизни маҳрум қилган. Онгимизнинг тузилиш ва асоси бизнинг танловимиздан кўра кўпроқ жисмимизга бўйсунади. Кўпгина кишилар онгимиздаги ўзгариш биз учун қанчалар зарурлиги ҳақиида тасаввурга ҳам эга эмас. Дарё ўз ўзанидан чиқиб кета оламай ҳаракатлангани каби инсониятнинг жоҳил ва мулоҳазасиз қисми ўзларининг нафсоний майлларига қул бўладилар. Улар фалсафа – онгимиздаги иллатларга қарши олқишланган малҳамдан мосуводирлар. Шундай бўлсада, табиат доно ва мулоҳазакор кишиларга ҳам ўз хукмини ўтказади. Ўз феъл-атворини тўғрилаш ва маъқул фазилатларга эга бўлиш учун мукаммал моҳирлигу шижоат билан ҳам инсон ўз ўзи устидан тўла ҳукмронлик қила олмайди. Фалсафий тафаккур эса жуда оз кишиларга берилган. Хатто фалсафанинг ўзи ҳам бу масалада анчагина ожиз ва чекланган. Кишилар фазилатларнинг қийматини билсалар ва унга соҳиб чиқишга интилсалар-да, улар ўз истакларига эришишда доим ҳам комил ишончда бўлавермайдилар.
Кимдир ҳолислик билан инсон хатти-ҳаракатини кузатса, у жисмоний тузилиш ва кайфиятига бўйсунаётгани, умумий принципларнинг таъсири озлиги ва асосан ҳиссиёт ва дид билан чекланишига гувоҳ бўлади. Агарда киши жўшқин аммо мўътадил ор-номус ва эзгулик туйғусига эга бўлса, унинг ҳаракатлари доимо ахлоқ меъёрларига мувофиқ келади. Мўътадилликни йўқотганларнинг пастга шўнғиши жуда тез ва осон. Бошқа томондан, инсонийлик ва эзгуликка майл, ўзга инсонларга ҳамдардлик, ўзгаларни қадрлаш ва олқишлашга хоҳиш бўлмаслик қадар табиатан бузуқ, шафқатсиз ва ҳиссиз руҳият билан дунёга келган кишини даволаб бўлмайди. Ундайлар учун фалсафадан малҳам излаш бефойда. У тубан ҳиссий объектлар, зарарли эҳтиросларга берилишдангина хузур олади; ўзидаги бузуқ майллардан халос бўлмасликдан асло афсусланмайди. Унда яхшироқ феъл-атворга ундовчи дид ва туйғунинг ўзи йўқ. Ўзимга келсак, бу каби кишиларга қандай муносабатда бўлиш кераклиги, уларни қандай тарбиялаш мумкинлигини билмайман. Агарда унга инсоний хатти-ҳаракатлар, беғараз севги ва дўстлик, комил хулқ атвор ва ҳурмат эътибордан юзага келадиган мамнунлик ҳисси тўғрисида гапирсам, у “бу каби мамнунлик ким учундир қадрилидир, эҳтимол, аммо менинг ўз қизиқиш ва майлларим бор”, деб жавоб беради. Қайтараман, бу каби вазиятга менинг фалсафам даво бўлолмайди. Бунда унинг ачинарли аҳволига куюнишдан ўзга бирор нарса қўлимдан келмайди. Унга бошқа бирор фалсафа ёрдам бера оладими? Бирор таълимот орқали кишиларни, гарчи табиатан ахлоқсиз бўлсалар-да, эзгуликка ундаш мумкинми? Тажриба аксини кўрсатади. Мен фалсафадан келадиган асосий наф унинг бевосита қўлланилишидан эмас, балки сирли, билинмас таъсиридан билвосита майдонга чиқишини таъкидлашга журъат қиламан. Шу нарса аниқки, фан ва нафис санъатга берилган эътибор феъл-атворни юмшоқ ва инсонийроқ қилади, ҳақиқий эзгулик ва ор-номус билан боғланган нафис туйғуларни тарбиялайди. Дидли ва ўқимишли кишининг жуда бўлмаганада носамимий ва ахлоқан заиф бўлиши камдан кам учрайди. Унинг онгидаги спекулятив тафаккурга мойиллик ундаги худбинлик ва шон-шуҳрат ҳиссини жиловлайди ва айни дамда ахлоқ ва бурч туйғуларини мустаҳкамлайди. У кишилар ҳарактери ва хулқ-атворидаги ахлоқий фарқларни осон пайқайди. Унинг бундай сезгирлиги камаймайди, аксинча, спекулятив тафаккур ёрдамида янада кучайиб боради.
Ўқиб ўрганиш ва тиришқоқлик кайфият ва феъл-атвордаги сезилмас ўзгаришлардан ташқари яна бир қанча натижаларга ҳам сабаб бўлади. Таълимнинг улкан таъсири бизга шуни кўрсатадики, онг бутунлай ўжар ва букилмас нарса эмас, аксинча, ўзининг бошланғич ҳолатига бир қанча ўзгартиришларни кирита олади. Кишига ўзи учун маъқул бўлган феъл атвор намунасини ишлаб чиқишга имкон беринг. У ўз ҳулқидаги ўша намунадан оғиш ҳоллари ҳақида хабардор бўлиб борсин; ўз ўзини мудом кузатиб борсин ва давомли ғайрат ва шижоат билан ўз онгини иллатлардан фазилатларга томон бурсин. Шубҳа йўқки, вақт ўтиши билан у ўз хулқида ўзгариш бўлаётганини пайқайди.
Одат онгни ислоҳ этиш, унда фазилат ва яхши майлларни пайдо қилишнинг яна бир кучли воситасидир. Доимо ҳушёр ва мўътадилликда яшаган киши ғалаёну бетартибликдан нафратланади; агарда муайян амалий фаолият ёки илм билан шуғулланса, дангасалик унинг учун жазо; одамларга ёрдам бериш ва дилкашликни одат қилса, манманлик ва зўравонликнинг барча кўринишларидан жирканади. Қачонки киши фазилатли ҳаётнинг афзаллигига ишонса ва муайян муддат ўз нафсини зўрлаб бўлсада ислоҳ қилишга қарор қилса, у ўз ҳаракатларининг натижасидан ноумид бўлмаслиги лозим. Толесизлик етарлича фозил бўлмаган кишида бу каби ишонч ва қарорнинг йўқлигидадир.
Мана шу ерда фалсафа ва санъатнинг асосий ютуғи намоён бўлади. У бирдан илғаб бўлмайдиган шаклда хулқ-атворимизни сайқаллайди, одатлантириш ва онгу шууримизни муттасил мажбурлаш орқали қандай ҳарактерга эга бўлишимиз лозимлигини кўрсатиб беради. Унинг бундан бошқа кучлироқ таъсири ҳам борлигини тан ололмайман. Спекулятив мутафаккирлар ўртасида кенг тарқаган насиҳатгўйлик ва юпатишларга эса шубҳа билан қарайман.
Юқорида қайд этганимиздек, ҳеч нарса ўз ҳолича мақбул ёки жирканч, қийматли ёки арзимас бўлмайди. Балки уларнинг бу хусусиятлари уларга баҳо берувчи онгимизнинг табиатидан келиб чиқади. Бирор нарсага бирор кишининг берадиган баҳосини орттириш ёки камайтиришда эҳтиросларни мўътадиллаштириш ёки кучайтириш лозимдирки, бунда ҳеч бир ақлий мулоҳаза ёки аргумент етарлича куч ва таъсирга эга бўлмайди. Домицианнинг пашша тутиб ўтиришга бўлган иштиёқи, башарти у шундан кўпроқ ҳузур олаётган бўлса, Уильям Руфуснинг ёввойи хайвонларни овлаши ёки Александрнинг мамлакатларни истило қилишидан афзалроқдир.
Гарчанд ҳар бир нарсанинг қиймати тегишли ҳиссиёт ва эҳтирос орқали белгиланса-да, ҳиссиёт объект ҳақидаги ўз муносабатини уни қандай бўлса шундайлигича шунчаки кузатиш билангина эмас, бунга қўшимча унга тегишли барча жиҳат ва шароитларни ҳам эътиборга олган ҳолда шакллантиришини таъкидлашимиз мумкин. Олмосни қўлга киритганидан масрур кишининг назари нафақат ярқираётган тошга тушади, у шунингдек тошнинг ноёблиги ҳақида ҳам ўйлайдики, бу унда роҳат ва шодлик ҳиссини пайдо қилади. Шу ерда файласуф ўртага тушиши, эътиборимиздан четда қолиши мумкин бўлган муайян бир фикр, фараз ва шароит ҳақида гапириб, қайсидир эҳтиросимизни мўътадиллаштириши ёки кучайтириши мумкин.
Бу масалада фалсафанинг нуфузини инкор қилиш мутлақо хатодир. Тан олиш лозимки, бу фикрга қарши кучли раддия келтирилиши мумкин: агарда файласуф гапирмоқчи бўлган шарт-шароитлар табиий ва очиқ ойдин бўлса, улар ўз ўзидан фалсафанинг ёрдамисиз ҳам вужудга келади. Агарда улар табиий бўлмаса эҳтиросларга айтарли таъсир ўтказолмайди. Эҳтирослар ниҳоятда нозик табиатли бўлганидан уларни мукаммал санъат ёки шижоат билан чеклаш ёки бирор нарсага мажбурлаб бўлмайди. Қийинчилик билан тушуниладиган, эътибор ва эҳтиёткорлик билан амалга ошувчи, муайян мақсад йўлида шакллантирилган мулоҳазаларимиз онгнинг ҳолати ва табиати маҳсули бўлган асл ва давомли эҳтиросларни ҳеч қачон пайдо қилолмайди. Киши ўзидаги севгидан ҳалос бўлиш учун маъшуқасини сунъий шароитда заррабин ёки лорнет билан кузатиши, унинг терисидаги дағаллик, тана бичимидаги даҳшатли ноуйғунликни аниқлаши ёки ўзидаги бирор эҳтиросни Сенека ёки Эпиктетнинг сунъий аргументларига таяниб қўзғаш ёки мўътадиллаштиришга умид қилиши мумкин. Бироқ юқоридаги икки вазиятда ҳам объектнинг табиий ҳусусият ва ҳолати унинг хотирисида қайта-қайта тикланаверади. Фалсафий мулоҳазалар кундалик ҳаётдан ўрин олиши ёки муайян эҳтиросни йўқ қилишда жуда кучсиз ва воқеликдан ниҳоятда узоқ. Атмосферадаги булут ва шамолдан юқорида бўлган ҳаво нафас олиш учун ҳийла озлик қилади.
Фалсафа томонидан билдирилган нозик мулоҳазаларнинг бошқа бир ноқислиги шундаки, улар нафақат ёвуз туйғуларни йўқ қилади, балки бунга қўшимча айни жараёнда эзгу эҳтиросларни ҳам камайтириб йўқотиб юбориши ва онгни беҳафсала, нофаол қилиб қўйиши мумкин. Бу мулоҳазалар аксар ҳолларда жуда умумий бўлиб, барча эҳтиросларимизга бирдек тааллуқлидир. Уларнинг таъсирини бир томонгагина йўналтиришга уринишимиз фойдасиз. Агарда изчил таълим ва тафаккур қилиш орқали уларни (мулоҳазаларни) ўзимизга татбиқ этсак, уларнинг таъсири кенгайиб, онгимизда ялпи мудроқликни келтириб чиқаради. Асаб толаларини йўқ қилиш орқали инсон танасидаги оғриқ билан бирга лаззат ҳиссини ҳам барбод қиламиз.
Ўша фалсафий мулоҳазаларлардаги – улар хоҳ қадимий, хоҳ замонавий бўлсин – камчиликларни биргина уларга назар ташлаш билан билиб олиш осон. Етказилган жароҳат ва зўрликлар, – дейди файласуфлар, – сенда ғазаб ва нафратни пайдо қилмасин. Маймуннинг ёмонлиги ёки йўлбарснинг шафқатсизлигидан ғазабланасанми? (Plut. de ira cohibenda) Бу мулоҳаза бизда инсон табиати ҳақида салбий фикрни пайдо қилади ва, аниқки, ижтимоий туйғуларни йўқ қилади; хатто инсонни ўз қилган жиноятидан пушаймон бўлишидан тўсади. Зеро, у ёвузлик ёввойи ҳайвонларни инстинктлари каби инсонга табиий берилган деб ҳисоблай бошлайди.
Барча бахтсизликлар мутлақ мукаммал бўлган борлиқдаги тартибдан келиб чиқади. Сен ўз манфаатинг йўлида шундай илоҳий тартибни бузасанми? Мени қийнаётган барча муаммолар ўзгаларнинг хусумат ёки адолатсизликларидан келиб чиқаётган бўлса-чи? Инсоннинг барча ёвузлик ва иллатлари борлиқдаги тартибнинг узвий бир қисмидир:
Агарда ўлату зилзилалар борлиқ тартиботини барбод қилмаётган экан, наҳотки Божиа ёки Катилина буни қила олса?
Ўз ҳолича қолсин; мендаги барча иллатлар ҳам айни тартиботнинг бир қисми бўлсин.
Одамларнинг оддий фикрларидан юқори кўтаролмаганлар ҳеч қачон бахтли бўлолмайди, деган кишига Спарталик фирибгар ва талончиларгина бахтли, деб жавоб беради.
Инсон бахтсиз бўлиш учун туғилган. У ўзининг толесизлигидан ҳайрон бўлиши керакми? Ёки бирор фалокат учун ачиниш ва ғам андуҳга йўл бериши керакми? Ҳа, у ҳақли равишда ўзининг бахтсиз бўлиш учун дунёга келганидан қайғуради. Сиз берган тасаллиларингиз аҳволини юмшатмоқчи бўлган кишингиз учун юзлаб мушкулотни пайдо қилади.
Инсон табиатига хос бўлган иллатлар – ўлим, касаллик, қашшоқлик, сўқирлик, қувғин, тухмат ва тубанлик ҳамма вақт кўз олдингизда туради. Агарда булардан бирортаси сизнинг чекингизга тушса ва бунга аввалдан тайёр турган бўлсангиз, унга мардонавор қарши тура оласиз. Мен бунга шундай жавоб бераман: агарда инсон ҳаётининг муаммолари ҳақидаги бизни тақдир зарбаларига қарши тайёрлашда ёрдам беролмайдиган умумий, мавҳум мулоҳазалар билан ўзимизни чеклаб қўйсак; агарда ҳаловатимизни заҳарлаб, абадий бахтсизликка йўлиқтирувчи ҳақиқий оғу бўлмиш диққатли ва кескин мушоҳада орқали уларни (мусибатларни) ўзимизга яқинлаштирсак. (Хато тасаввур ва мулоҳазаларимиз ғаму кулфатларимизнинг бош сабабчисидир. Ҳюм бу ерда прагматизмнинг тамал ғояларидан бирини ифодалаб бермоқда. –Тарж.)
Азобу уқубатларингиз фойдасиз, улар тақдирни ўзгартира олмайди. Тўппа тўғри, айни сабаблар туфайли. Афсусдаман!
Цицероннинг карларга берган юпанчи эса янада қизиқроқ. Сиз тушунмайдиган қанча тил бор?– сўрайди у,– Пунча, испанча, галча, мисрча ва х.к. Буларнинг барчаси учун мисоли бир карсиз. Улар сизни безовта қилмайди. Яна бир тил учун ҳам кар бўлсангиз шу ҳам бахтсизликми? (Tusc. Quest. lib. v.)
Антипатр Кирениакнинг донолигига тан бераман. Баъзи аёллар унинг кўрлиги учун юпатганларида, у айтарди: Нима! Қоронғуликда лаззат бўлмайди деб ўйлайсизми?
Фонтенел айтади: ҳеч нарса шуҳратпарастлик, истилочиликка бўлган эҳтиросни астраномиянинг тўғри тизимичалик барбод қилолмайди. Табиатнинг чексизлигига қиёслаганда, қанчалар бечора бу замин! Бу мулоҳаза кимгадир таъсир қилиши эҳтимолдан узоқ. Агарда таъсир қилганда ватанпарварлик ва орзу-ҳавасни йўқ қилолармиди? Бир журъатли муаллиф асосли равишда қўшимча қилади, хонимларнинг чақнаб турган кўзлари ҳар қандай астронамик билим туфайли ўз ёрқинлиги ва қийматини йўқотмайгина қолмай, балки ҳар қандай тизимга қарши тура олади. Файлсафулар уларга бўлган эҳтиросимизни жиловлашга ёрдам берувчи бирор маслаҳатни бера оладиларми?
Қувғинлик, – дейди Плутарх бадарға қилинган бир дўстига, – ёвузлик эмас. Математикларнинг фикрича, бутун ер юзи коинотга қиёсланганда бир нуқта, холос. Юртни ўзгартириш бир кўчадан иккинчисига бори яшашдек гап. Инсон ўсимлик эмаски, ерниинг муайян нуқтасида илдиз отса. Барча мамлакат ва иқлимлар унга мос келади. (De exilio) Бу фикрлар қувғинликда сарсон бўлиб юрганлар учун фойдали. Бироқ, улар жамоат хизматидагиларнинг онгида пайдо бўлиб, уларни ўз она юртларига боғлаб турган барча ришталарни узиб ташласа, нима бўлади? Ёки улар фирибгар табибнинг дориси каби деабет ва истисқога бирдек даъво бўладими?
Аниқки, агарда олий бир мавжудлик инсон танасига кирса, ҳаёт унга жирканч, тубан ва ноқис бўлиб кўринадики, алал оқибат уни бирор машғулот билан шуғулланишга ундаб бўлмай қолади. У ўз атрофида юз бераётган ҳодисаларга ҳам етарлича эътибор бермай қўяди. Унга Филиппнинг ролини иштиёқ билан ўйнашдек димоғдорликни юклаш Филиппнинг ўзини ўн беш йиллик истилочилигу ҳукмдорлигидан сўнг Лукиан тасвирлаганидек унинг дўзахда шуғулланадиган машғулоти бўлмиш эски оёқ кийимини эътибор билан ямашга мажбурлашдек машаққатли. Мазкур ҳаёлий мавжудотда инсонларнинг ишларига нисбатан беписандлик айфиятини юзага келтирган фикрлар файласуфда ҳам пайдо бўлиши мумкин. Бироқ инсон имкониятига муайян даражада мос келмаслиги ва тажрибада етарлича асосланмагани боис бу фикрлардан таъсирланмайди. Уларнинг ҳақиқат эканини кўнгли сезсада, кераклича ҳис қилмайди. Қачонки унинг ҳеч нима эҳтиёжи бўлмаса, яъни ҳеч нарса уни безовта қилмаса ва турли эҳтиросларни келтириб чиқармаса, доимо буюк файласуфлигича қолади. Ўзгалар ўйин ўйнаса, у уларнинг иштиёқ ва эҳтиросидан ҳайратланади аммо уларга қўшилиб кетишдан ўзини тияди. Шундай қилиш оддий кузатувчи сифатида кўп марта қоралаган ўша эҳтиросларнинг ҳукми остида қолишдан афзалроқ.
Фалсафага доир адабиётларда инсон фаолиятини сиртдан кузатиш ва кундалик ҳаёт икир-чикирларидан келиб чиққан муҳим аҳамиятга молик икки тур хулоса учрайди. Ҳаётнинг қисқа ва ўзгарувчанлиги тўғрисида ўйлаганимизда бахтга бўлган барча интилишларимиз қанчалар аянчли кўринади-я! Қизиқишларимиз доирасини шахсий ҳаётимиздан кенгроқ миқёсга олиб чиқиб, буюк қонунлар, таълимотлар, асарлар ва салтанатлар аста-секин инсоният ҳаётидаги ўзгариш ва инқилоблар туфайли тошқин дарёда шитоб оққандек материянинг чексиз уммонига ғарқ бўлиб кетаётганини ўйласак, олдимизга қўйган қамровдор, улкан мақсадларимиз ҳаёлпарастликдек кўринади гўё. Шу қабилдаги ўй-фикр биздаги барча эҳтиросларни сўндиради, бироқ у инсон ҳаёти қандайдир аҳамиятга эга деган фикрга ишонтирувчи табиатнинг найрангига қарши аксиламал бўла олармикан? Шу ўй-фикрлар эҳтиросли фикрат эгалари қуролига айланиб, бизни шижоат ва эзгулик йўлидан ялқовлик ва кайфу сафо йўлига бошламасмикан?
Фукидиднинг ёзишича, Афинада ўлат тарқаб, ҳар ерда ўлим шарпаси кезиб юрганида тийиқсиз ишратга берилиш, ҳаёт экансан, ўйнаб қол, қабилида иш тутувчи кишилар ўртасида кенг тарқади. Боккачо ҳам Флоренцияда тарқалган ўлат билан боғлиқ айни йўсиндаги воқеани кузатади. Аскарларни уруш даврида ғалаён ва талончиликка ундайдиган ҳам айни мана шу принципдир. Ҳозирги лаззат ҳаммасидан муҳимроқ; бошқа барча нарсанинг аҳамиятини пасайтирувчи нимаики бўлса, унинг таъсир ва қийматини оширади.
Эҳтиросларимизга тез-тез таъсир ўтказувчи иккинчи хулоса ўз ҳолатмизни ўзгаларники билан солиштиришимиздан келиб чиқади. Бу каби солиштиришни кундалик ҳаётимизда ҳам муттасил қилиб турамиз. Бундаги ачинарли ҳолат шундаки, ўзимизни қуйироқдагилардагидан кўра юқоридагилар билан қиёслаймиз. Файласуф бу табиий камчиликни тақдир инъом қилган шароитга кўникиш учун эътиборини бошқа томонга қаратиш орқали тўғрилайди. Бундай хулосадан таскин топишга мойил бўлмаганлар жуда оз бўлса-да, ўзга инсонларнинг мусибатлари ҳақида ўйлаш эзгу табиатли кишида қулайликдан кўра қайғу ҳасратга сабаб бўлади. Ўз толесизлигидан ачиниш ва ўзгаларнинг бахтсизлигига нисбатан изтиробни пайдо қилади. Энг яхши фалсафий таскинлардаги ноқислик ҳам мана шунда.
Мавзуни шуни қайд этиш билан хулосалайман: гарчи фазилат ва эзгулик, башарти эришиш мумкин бўлса, энг яхши танлов бўлсада, бу ҳаётда инсон фаолияти шундай мужмал ва бетартибдирки, ундан бахту бадбахтликнинг мукаммал ва изчил тақсимотини кутиб бўлмайди. Нафақат моддий бойлик ва жисмоний имкониятлар (бу иккиси ҳам аҳамиятли) эзгулик ва ёвузлик ўртасида, айтишим мумкинки, нотекис тақсимланган, шу билан бирга хатто онгу тафаккуримиз ҳам муайян даражада бу тартибсизликда иштирок этади; энг яхши феъл атвор ҳам эҳтирослар туфайли юксак хузур ҳаловатдан бебаҳра қолади.
Маълумки, гарчи жисмоний оғриқ тана аъзоларидаги муайян бузилишдан келиб чиқса-да, у ҳар доим ҳам ўша бузилишга мутаносиб бўлавермайди. Бироқ зарарли таъсирга учраган аъзонинг таъсирчанлигига кўра у кучлироқ ёки кузсизроқ бўлиши мумкин. Тиш оғриғи сил ва истисқога нисбатан кучлироқ таъсирга эга. Онгнинг ҳолати масаласида ҳам иллатлар зарарли экани, аммо безовталик ва оғриқ иллатнинг даражаси билан ўлчанмаслиги, ташқи нохушликларга эътиборсиз, юксак фазилатли инсонни ҳар доим ҳам энг бахтли деб бўлмаслигини кузатишимиз мумкин. Фикримизча, тушкунлик ва умидсизлик иллат ва номукаммалликдир, албатта. Гарчи улар ҳаётни аччиқ қилиб, унинг таъсиридаги инсонни бадбахтга айлантириб қўйса-да, баъзан ҳалоллик ва номус туйғуси билан қўшилиб келиши ҳам мумкинки, маъқул феъл деб ҳисобланади. Бошқа томондан, бир худбин нобакор инсон фазилат бўлмиш жўшқин, мослашувчан кайфият ва қалб масрурлигига эга бўлиши мумкиндирки, аксар ҳолларда ундаги бу хусусият керагидан ортиқ баҳоланади. Айниқса улар (жўшқин кайфият ва масрур қалб) ўзга иллатлардан келиб чиқадиган надомат ва ноқулайликларни енгиллаштирганда буни яққол сезиш мумкин.
Шуни ҳам қўшимча қилиш мумкинки, номукаммаллик ва ёвузликка мойил бўлган шахс, кўп кузатиладиган муайян фазилатларга ҳам эга бўлса, мутлақо ёвуз бўлганларга нибатан ўзини бахтсизроқ ҳис этади. Мусибатларга таъсирчан бўлган бу каби ноизчил ҳарактерли кишилар агарда ўзгалар учун ғамхўрлик қилишдек дўстлик ва сахийлик хислатларига эга бўлсалар турли фалокату тақдир ўйинлари қаршисида ўзларини йўқотиб қўядилар. Ахлоқан номукаммал феъл-атворли кишида уят туйғусининг бўлиши яхши нарса, албатта. Аммо у баъзида ноқулайлик ва пушаймонликларга ҳам сабаб бўладики, мутлақ нобакор киши уларни ҳис қилмайди. Севгига мойил бироқ, дўстликни ҳис этолмайдиган қалб севги ва айни пайтда дўстона бўлган қалбга нисбатан бахтиёр, зеро у (қалб) кишини ўз эхтиросининг объектига қул қилиб қўймайди.
Нафсиламр, инсон ҳаёти ақлдан кўра тасодиф томонидан бошқарилади; ҳаётга жиддий машғулот деб эмас, зерикарли ўйин деб қараган маъқул; инсон ҳаётини умумий принциплардан кўра кўпроқ муайян кайфиятлар бошқаради. Шундай экан унга эҳтиросу хадик билан муносабатда бўлишимиз керакмикан? У бунчалар хавотирга арзимайди. Юз бераётган нарсаларга нисбатан бефарқ бўлайликми? У ҳолда ўз совуққонлигимиз ва эътиборсизлигимиз туфайли ўйиннинг лаззатидан мосуво қоламиз. Биз ҳаёт ҳақида ўйлаётганимизда у бизни тарк этади. Ўлимга ҳар ким ўзича муносабатда бўлса-да, омию мутафаккир унинг олдида баробар. Ҳаётнинг ягона бир қоида ва усул қобиғига жойлашга уриниш машаққатли, аксар ҳолларда фойдасиз. Бу эса ўзимиз курашаётган мукофотнинг қийматини жуда-жуда ошириб юбораётганимизнинг исботи эмасмикан? Ўз умрини ҳаёт тўғрисда бош қотиришга сарфлаётганлар учун мазкур машғулот ўта қизиқарли бўлса-да, у ҳақда чуқур мулоҳаза қилиб, энг тўғри тасаввурни шакллантириш ҳам аслида унинг қийматини бўрттиришдир.

Инглиз тилидан
Хуршид Йўлдошев
таржимаси

[Ушбу таржима “Жаҳон адабиёти” журналининг 2012 йил, 3-сонида жузъий қисқартиришлар билан чоп қилинган.]

Advertisements

7 thoughts on “Cкептик

  1. Д.Юм бутун билиш жараёнини сенсуалистик талқин этиб субъективизмга берилиб кетган файласуфлардан бири ҳисобланади.

    Like

    1. Сенсуалистик талқин билишнинг ташқи нарсаларнинг сезгиларга таъсиридан бошланишини таъкидлайди. Шу маънода у инсондан мустақил реалликнинг мавжудлигини эътироф эътади. Бинобарин, сенсуализм айнан субъективизмнинг инкоридир. Изоҳингиз ичдан зиддиятли. Ҳюм билиш назариясининг асосида индуктив методнинг танқиди ётади. (Айни шу танқиднинг моҳиятини тушунмаганлар уни субъективизмда айблашади.)Унинг Ньютон механикасини айни шу асосда танқид қилиши қанчалик тўғри бўлганини нисбийлик назарияси исботлаб берди. Унинг назарияси табиий фанлардаги муҳим методологик муаммоларни ўртага чиқариши билан ниҳоятда аҳамиятли бўлган. Агар у субъективист бўлганида табиатшунос олимлар орасида хурмати бўлмасди. Мен унинг барча асарларини оригиналида бир неча марталаб ўқиб чиққанман ва тўлиқ ишонч билан айтишим мумкинки у субъективист эмас. Сизнинг гапингиз марксистларнинг унга қўйган саёз айбловини такрорлаяпти.

      Like

  2. Тўғри Д.Юм ўз даврида Ньютоннинг вақт ва маконни объектив борлиқ сифатида қарашини рад қилган. Чунки Д.Юм учун вақт ва макон инсон руҳий ҳолатига тааллуқли ҳодиса ҳисобланган. Бироқ Юм ўзининг билиш назариясида объектив борлиқни рефлексия тарзида талқин қилиб гносеологияни кўпроқ субъектив омилларга боғлаб қўяганлигини сиз каби оргинал таржимада ўқиганлар билади. Яхшиямки мен мустақилликдан кейин ўз дунёқарашим нуқтаи-назардан фалсафага оид адабиётларни ўқиганман.

    Like

    1. “Тўғри Д.Юм ўз даврида Ньютоннинг вақт ва маконни объектив борлиқ сифатида қарашини рад қилган. Чунки Д.Юм учун вақт ва макон инсон руҳий ҳолатига тааллуқли ҳодиса ҳисобланган. Бироқ Юм ўзининг билиш назариясида объектив борлиқни рефлексия тарзида талқин қилиб” Бу гапингиздан кейин Ҳюм ҳақида сиз билан тортишмайман. Файласуфларнинг ўз асарларини ўқиб, сўнг уларга баҳо бериш керак. Уларга ёзилган кимларнингдир шархларини эмас. Сиз доим файласуфлар ҳақидаги second hand китобларни ўқийсизми? Шўрванинг шўрвасини ичиб нима қиласиз? “Мустақилликдан кейин” дейсизми? Тушунаман Аристотел бечора мустақилликдан олдин яшагани учун уни ўқимайсиз. У ҳақда мустақилликдан кейин ёзилган мафкуравий жиҳатдан тўғри китобларни ўқийсизми? Ҳа, энг замонавий файласуфларни ўқийман демоқчимисиз? Ҳали русчага таржима қилинмаган китоблар билан андармон бўлиб, замондан ортда қолибман. 10 йилда таржима қилиниб, 30 йилда бизга кириб келганда сизга етиб оламан. Улар ҳақида ҳам бир нималар ёзсам дейман-у, замондан ортда қолганим билиниб қолмасайди, деб қўрқаман. Amazonга раҳмат. Kindle деган алламбалони чиқариб қўйган. Бир ҳафта олдин Oxford University Press чиқарган китобни бугун оламан. Хорижга чиқиб сотиб олишга ҳам хожат йўқ. “Ўз дунёқарашим нуқтаи-назардан фалсафага оид адабиётларни”. Сиз фақат ўзингизнинг фикрингизга мос китобларни ўқийсизми? Ахир бу догматизмга элтувчи энг қисқа йўл-ку! Қарама-қарши нуқтаи назардаги муаллифларнинг асарларини ўқимасангиз, уларнинг кучини қандай биласиз? Қандай қилиб уларни танқид қиласиз? Ўз қарашларингиздаги заиф жиҳатларни қандай пайқайсиз?

      Like

  3. Бироқ сиз билан биздан фарқли равишда Д.Юм ўз даврида «инсон билимлари чегараланган, у эгаллаган билимлар ҳажмининг ҳам, ишончлилигининг ҳам қониқарли бўлишига умид кам» деб тан олган. Шуни тушунган ҳолда ҳақиқатни билишга интилишимиз муҳим.

    Like

  4. «Инсоннинг хаёлидан эркин нарса йўқ» (Д.Юм). Хаёл мавзу танлашида, бир фикрдан иккинчисига, учинчисига ўтишида эркиндир, аммо у инсон ва жамиятдан мутлақ эркин эмас. Чунки инсоннинг ижтимоий мавжудот эканини тан олиш Юмнинг айнан юқоридаги фикрини рад қилади.

    Like

    1. Ҳюмни ҳимоя қилмоқчимасма-у, лекин изоҳингиз хато. Ҳюм ҳаёлдан эркин нарса йўқ демоқда. Бу бошқа нарсаларга нисбатан у эркинроқ дегани. Нисбий маънодаги эркинлик ҳақида гап кетмоқда. Сиз эса у мутлақ эркин эмас деяпсиз. Ҳюм мутлақо эркин демаяпти, балки ундан эркинроқ нарса йўқ деяпти. Бу ердага фарққа этибор беринг. Мас., кимдир “Х факультетда У талабадан кўра билимлироғи йўқ” деса, у “У талаба мутлақ билимли” деган бўлмайди-ку! Ундан кейин Ҳюмнинг бу гапини ассоцациялар билан боғлиқ қарашларига боғлаб талқин қилиш керак. Қушнинг қанотини отга боғлаб қанотли отни тасаввур қилишингиз мумкин, гарчи қанотли отни кўрмаган бўлсангиз ҳам. Тасаввурингиз хаддан ортиқ ёрқин бўлса, ўз ҳаёлингизга ўзингиз ишониб қоласиз. Ҳаёлда реалликда бўлмайдиган исталган нарсани тасаввур қилиш мумкин. Ҳюм ҳаёлнинг бу қадар бетизгин эркинлиги, мантиқ қонунларини менсимаслиги турли хурофий тасаввурларни пайдо қилиши адашишларга сабаб бўлишини, шунинг учун ҳар қандай тасаввурни экспериментал текшириш кераклигига урғу берган.

      Like

Izoh qoldirish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s