Шижоат ва матонат манбаи

Сўзбоши

“Диндорлик” ва “художўйлик” тушунчалари айни бир маънони ифодаламайди. Муайян динга эътиқод қилиш, унинг талабларини ўрнига қўйиб адо этиш диндорликдир. Барча самимий диндорлар айни пайтда художўйлардир. Бироқ барча динларни танқид қиладиган, аммо борлиқнинг қандайдир Яратувчиси ёки фундаментал Асоси бор деб ишонадиганларни қайси тоифага қўшиш мумкин? Уларни кўп ҳолларда атеист деймиз, улардан хавфсираймиз. Лекин атеист динларни танқид қилиб қолмай, Яратувчининг мавжудлигига ҳам ишонмайди-ку! Деярли барча инсон ўша Кучни муайян даражада ҳис этади, турлича тасаввур қилади. Аслида, динларни ўша тасаввурдаги турфахилликнинг инъикоси дейиш мумкин. Шу маънода, менимча, қайси динга мансуб ёки мансуб эмаслигидан қатъи назар, ҳамма бир хил ҳисни туяди. У тилга чиқиб, амалда намоён бўлгач, қарама-қаршиликлар юзага келади. Айримлар Яратувчи ҳақидаги тушунчалари ғайриодатий бўлгани сабабли даҳрийликда айбланади. Ваҳоланки, улар ҳам қалбан бошқа диндорларга ўхшайди. Муваққат ва нотавон инсон (ҳатто атеист ҳам) азалийлигу абадийлик, беададлик қаршисида ўзини ожиз сезади, даҳшатга тушади. Инсон қаршисидаги ўша нарса нима? Уни барчамиз яхши ҳис этамиз. У ҳақда эркин гапира бошласак (шуни гапирсанг, диндан чиқасан, дўзахи бўласан, деб қўрқитишмаган бўлса албатта), ўртамизда тушунмовчилик пайдо бўлади. Зеро, бу туйғуни тилда ифода этиш қийин.
Альберт Эйнштейнни атеистлар атеист, диндорлар эса эътиқодли инсон бўлган деб ишонади. Ҳолбуки, Эйнштейн бир неча марта “Мен Спиноза худосига ишонаман” деб таъкидлаган (Karen C. Fox, Aries Keck. Einstein: A to Z. New Jersey: Wiley Publishing, 2004, p. 264). Спиноза яҳудийлар жамоасидан қувилган, мусулмон ҳам, насроний ҳам бўлмаган. Унинг Худо ҳақидаги тушунчаси маълум маънода пантеизмга яқин турса-да, неоплатонистик пантеизмга ўхшамайди. Асарлари синчиклаб ўқилса, у беҳудуд, ибтидосию интиҳоси номаълум коинотни ва унинг қандайдир мавҳум асосини мажозий маънода “Худо” деб атагани аён бўлади. Биз борлиқни қанчалик чуқур ўргансак, Худони ҳам англай борамиз. Эйнштейн фикрича, умримиз давомида коинот қаршисида қўрқувга тушмай, уни англашга интилишимиз жараёнида қалбимизни тўлқинлантириб, билишга ундайдиган, билганимиз сари олам-олам завқ берадиган, ғайрату шижоатимизни оширадиган туйғу ва қадриятларни ҳис эта олган инсон чинакам диндордир. Бу ўринда Эйнштейннинг “диндорлик” тушунчаси муайян динга эътиқоддан фарқ қилади. Яъни ташқи белгилар – муайян гуруҳга мансублик, маросимлар эътибордан соқит қилиниб, соф туйғунинг, барча инсонлар бирдек ҳис этиши мумкин бўлган туйғунинг ўзи қолган. (Минг афсуски, назаримда, бугунги кунда аксар диндорлар ана ўша соф туйғу бир четда қолиб, кўпроқ ташқи белгилар ҳақида жон куйдираётгандек. )
Эйнштейн шахслашган (антропоморфик, физиологик ёки психологик жиҳатдан инсонга ўхшаш) худо ҳақидаги тасаввурларни танқид қилади. Шахслашган худонинг бандага муносабатини подшоҳнинг фуқарога муносабатига менгзайди. У ҳам подшоҳ каби бандаларни жазолайди, афв этади. У ҳам маддоҳларни мукофотлайдиган подшоҳ каби, ўзига тинмай ҳамду сано ўқишларини буюради, шундай қилганларни жаннатга йўллайди. У ҳам нафратланади, ғазабланади, раҳми келади ва ҳ.к. У – жуда инжиқ. Бандалар кунбўйи Унинг кўнглига йўл топиш, рози қилиш учун турли аркон ва амалларни ўрнига қўйиб адо этади. Ўз фуқароларини бошқа бир ҳукмдор фуқароларига қарши отлантирган подшоҳ каби У ҳам ўзига эътиқод қилган бандаларни ўзга худога топинганларга қарши урушга даъват этади. Эйнштейн бутун борлиқни яратган Холиқи Оламда ожиз бандага хос бундайин хусусиятлар бўлиши мумкинлигига ишонмаган. Қолаверса, у фан ва дин муносабатларининг таранглашувига шахслашган худо ғояси сабаб бўлаётганига ҳам алоҳида урғу берган. Бу масалада олим маърифатчилик даврида Ғарбда кенг тарқалган агностик ва пантеистик руҳдаги таълимотлар таъсиридан четда қолмагани шубҳасиз.
Мухтасар қилиб, Эйнштейнни миллати яҳудий, ўз маданияти, тарихи ва динини ҳурмат қилса-да, яҳудий худоси – шахслашган худо Яхвенинг борлигини инкор қилган олим дейиш мумкин. (Шахслашган худо ғояси бошқа динларга ҳам сизиб кирган.)
Сирасини айтганда, ким нима деяётгани, қандай ибодат қилаётгани эмас, у нимани ҳис этаётгани муҳимроқ. Бизнингча, ана шундай муносабат диний бағрикенгликнинг асоси бўла олади. Динларни танқид қилиб, авра-астарини ағдариб ташлаётган одамнинг ҳам қалбида Худо бўлиши мумкин. Фақат у буни бошқача тушунади ва изоҳлайди. Ўзиникига ўхшамагани учун ҳам динларни танқид қилади. (Ёки шу асосда бир дин бошқасини қоралайди.) Уни динсиз дейиш мумкиндир, аммо худосиз деб бўлармикан? Зеро, динни танқид қилиш Худони инкор этиш дегани эмас.
Альберт Эйнштейн ХХ асрнинг энг машҳур физиги десак хато бўлмайди. Унинг фикрларига эътибор берсангиз, ҳеч бир диннинг қолипига тўлиқ тушмаслигига амин бўласиз. (Йирик олим, ёзувчи, файласуфлар орасида ҳукмрон диний ақидалар жиловини узиб кетганлар оз эмас.) Башарти диндорлик ва художўйлик тушунчаларини фарқлаб олмасак, аксар мутафаккирларни даҳрийга чиқаришимизга тўғри келади. “Динга мансуб эмасмисан, демак, атеистсан” қабилидаги гаплар ўта мураккаб масалани жўнлаштириб қўяди, холос. Хўш, бундан ким манфаатдор?..

Таржимон

Дин ва фан
Альберт ЭЙНШТЕЙН

(Ушбу мақола “New York Times Magazine”нинг 1930 йил 9 ноябрь сонида босилган.)

Инсон зоти нимаки қилмасин, нима ҳақида ўйламасин, у мудом инсоннинг муҳим эҳтиёжларини қондириш, оғирини енгиллатишга боғлиқ бўлиб келган. Динлар ва уларнинг ривожланиш қонуниятларини англашга бел боғлаган одам ана шуни ёдда тутмоғи лозим. Ҳиссиёт ва кучли истак – унинг қанчалик рўёбга чиқишидан қатъи назар – инсон шижоати ва ижодкорлиги манбаидир. Хўш, қандай ҳиссиёт ва эҳтиёж кенг маънодаги диний тафаккур ва эътиқодга асос бўлади? Диний тафаккур ва туйғунинг пайдо бўлишида беқарор ҳиссиётлар муҳим роль ўйнаганини билиш учун бироз мулоҳаза қилиш кифоя. Ўлим, касаллик, йиртқич ҳайвонлар ва очлик ваҳимаси ибтидоий одамларда диний тасаввурларни уйғотган. Бу босқичдаги инсонларда воқеликдаги сабабий боғланишларни пайқаш қобилияти суст ривожлангани боис, улар даҳшатли офатларга “сабаб бўлувчи” хаёлий мавжудотларни “яратган”. Инсон ана ўша мавжудотларнинг назарига тушиш, уларнинг марҳамати ва шафқатига сазовор бўлишга уриниб, авлоддан авлодга ўтиб келган турли маросимлар, қурбонликларни бажо келтирган. Бу ўринда мен қўрқув дини ҳақида сўз юритмоқдаман. Инсонлар ва уларни қўрқувга солаётган мавжудотлар ўртасида воситачилик қилиш даъвоси билан ҳукмрон мавқега эришган руҳонийлар тоифаси, гарчи бу диннинг ижодкорлари бўлмаса-да, унинг қарор топишида муҳим роль ўйнаган. Кўп ҳолларда раҳнамо, тождор ва ҳукмрон табақа вакиллари, гарчи нуфуз ва мавқеларига мутлақо бошқа йўллар билан эришган бўлса-да, ўз ҳокимиятлари хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш илинжида ўзларига руҳонийлик вазифасини ҳам қўшиб олишган. Ёки ҳукмдор ва руҳонийлар ўз манфаатлари йўлида аҳдлашган.
Ижтимоий талаблар динни қарор топтирувчи яна бир манбадир. Ота-она, жамоа йўлбошчилари маъсум эмас, улар ҳам адашади. Бошқарилишга мойиллик, севги ва қўлловга эҳтиёж кишиларни Худонинг ижтимоий ва ахлоқий аҳамиятга молик образини шакллантиришга ундайди. У жазоловчи, мукофотловчи, бошқарувчи ва ҳимоя қилувчи Тақдир Худосидир (God of Providence). У, одамлар тасаввурида, инсон зоти ёки муайян қабила ҳаётини муҳофаза этади ва уларни севади. У ҳаётнинг ўзидир. У азоблардан халос этади, истакларни рўёбга чиқаради. У ўлганларнинг руҳини асрайди. Ана шу Худонинг ахлоқий ва ижтимоий образидир.
Яҳудий диний китобларида қўрқув динининг ахлоқ динига қандай ўсиб борганини кўриш мумкин. Янги Аҳдда бу янада яққолроқ намоён бўлган. Маданийлашган инсонларнинг, айниқса, Шарқ халқларининг динлари, аввало, ахлоқ динидир. Қўрқув динининг ахлоқ динига эврилиши башарият тараққиётидаги муҳим ўзгариш бўлди. Бироқ барча ибтидоий динлар қўрқувга, маданийлашган одамларнинг динлари эса батамом ахлоққа таянади деган хато фикрдан тийилишимиз лозим. Барча динлар ушбу икки асоснинг қоришмасидан иборат. Жамият ривожлангани сари ахлоқ дини қарор топа боради.
Бу икки тур диндаги муштарак жиҳат шундаки, уларда антропоморфлашган Худо образи марказий ўринни эгаллайди. Ақлан ўта қобилиятли шахслар, юксак маърифатли жамиятларгина бу босқичдан бирмунча юқори кўтарила олади. Диний туйғу тадрижига дахлдор, соф ҳолатда камдан-кам учрайдиган учинчи бир босқич ҳам бор. Бу – космик диний туйғу. Бу туйғуни ундан мосуво одамга тушунтириш анча мушкул. Антропоморфик Худо образи бўлмаганда бу янада тушунарсиз бўлиб қолади.
Инсон, бир томондан, ўз истак ва мақсадлари беҳудалигини, иккинчи томондан, тафаккур ва табиатдаги мукаммал тартиботнинг қанчалар улуғворлигини ҳис этади. Индивидуал мавжудлик унинг учун мисоли бир зиндон, у борлиқни ягона бир бутунлик ўлароқ қабул қилишни истайди. Космик диний туйғунинг ибтидоси жуда қадимга – Довуднинг муножотларию баъзи пайғамбарларнинг таълимотларига бориб тақалади. Шопенҳауэр асарлари орқали ўрганганимиз буддизмда бу туйғу айниқса кучлироқ намоён бўлган.
Ўтмишда яшаган чинакам диний даҳолар турли ақидалару инсон образидаги худони тан олмаган. Улар ўзларининг ана шу диний туйғулари билан ажралиб турган. Бундай шароитда черковга ҳам ҳожат қолмайди. Ҳукмрон эътиқодга ён бермай яшаганлар ичида айни туйғуни ҳис этган ва замондошлари орасида даҳрий, баъзан эса авлиё сифатида ном чиқарган одамлар кам эмас. Ана шу нуқтаи назардан, Демокрит, ассизилик Франциск, Спиноза каби инсонлар бир-бирига маслакдошдир.
Башарти Худо тўғрисида ҳеч қандай тасаввур ва ақидалар бўлмаса, инсон қандай қилиб ўзи ҳис этган ўша туйғуни бошқаларга етказа олади? Менимча, бу туйғуни уйғотиш, уни сақлаш фан ва санъатнинг муҳим вазифасидир.
Ниҳоят, фаннинг динга муносабати масаласига доир нисбатан ноанъанавий қарашга ҳам тўхталсак. Мазкур масалани тарихий нуқтаи назардан ўрганувчилар муайян асосларга таяниб, фан ва динга ўзаро келишмайдиган соҳалар сифатида қарайди. Сабабийлик қонуниятининг универсаллигига астойдил ишонган одам табиий ҳодисаларга четдан аралашувчи қандайдир зот ҳақидаги ғояни ҳазм қилолмайди, албатта. Бундай одамга қўрқув динидан ҳеч қандай, ахлоқ динидан эса деярли наф йўқ. Азобловчи ва мукофотловчи худо унинг учун англаб бўлмас бир хилқат. Сабаби оддий – инсоннинг феъл-атвори ташқи ва ички заруриятлар билан белгиланади, шундай экан, у худонинг назарида бирор нарсага масъул бўлиши мумкин эмас. Унинг бу ҳолати жонсиз жисмнинг ўз ҳаракати учун масъул эмаслигига менгзайди. Шу сабабли фан ахлоқни барбод қилишда айбланмоқда. Бироқ бу айбловни ёқлаб бўлмайди. Инсон ахлоқи ўзгаларни ҳис эта билиш, таълим, ижтимоий муносабатлар ва эҳтиёжларга таяниши даркор. Бу ўринда динга асосланиш шарт эмас. Нариги дунё азобидан қўрққан ва мукофотидан умид қилибгина ўз хатти-ҳаракатларини бошқаришга мажбур бўлган инсон ўзини носамимий тута бошлайди, холос.
Черков не сабаб фанга қарши курашиб, олимларни таъқиб қилгани аён. Бошқа томондан, космик диний туйғу илмий тадқиқот учун кучли ва муносиб ундовдир. Фақатгина ўта кучли шижоат ва, айниқса, фидойилик – буларсиз назарий фанларда янгилик қилиш мушкул – касб этган олимгина реал ҳаётга тўғридан-тўғри боғланмаган тадқиқотдан маънавий лаззат ола билади. Кеплер ва Ньютонда мавжудликнинг ақлга мувофиқлигига бўлган ишонч, билимга ташналик шу қадар кучли эдики, бу уларга йиллар мобайнида оғир меҳнат билан самовий жисмлар механикаси қонунларини очиб беришга имкон яратди. Фан билан фақат амалий натижалар учун шуғулланадиган олимлар скептикларнинг ҳар қандай эътирозини енгиб ўтиб, ўз фикрларини асрлар оша ва бутун дунёга ёя олган бундай инсонлар ҳақида мутлақо хато тасаввурда юради. Шундай машаққатли ишга умрини бағишлаганларгина ўша инсонларни нима руҳлантиргани, кетма-кет келган муваффақиятсизликларга қарамай, ўз мақсадида собит қолишида нима мадад берганини тушунади. Космик диний туйғу ўша ғайрату матонатнинг манбаидир. Замондошларимизнинг биридан эшитдим – у айни ҳақиқатни айтди – бизнинг моддиюнчи замонимизда жиддий илмий тадқиқотларга бел боғлаганлар чинакам диндор инсонлардир.

Фан ва дин

(Ушбу мақола Эйнштейннинг “Ideas and Opinions” (Crown Publishers, Inc. 1954) номли мақола ва қайдлар тўпламида чоп этилган. Унинг биринчи қисми 1939 йили 19 майда Принстон университети Теология семинариясида, иккинчи қисми эса 1941 йили Нью Йоркда ўтган “Фан, фалсафа ва диннинг демократик жамиятдаги ўрни” мавзуидаги конференцияда сўзланган нутқдан олинган.)

I

Билим ва эътиқод ўртасида ўтиб бўлмас жарлик мавжуд деган қараш ўтган икки аср мобайнида пеш қилиб келинди. Маърифатли кишилар орасида эътиқод ўз ўрнини билимга бўшатиб бериш вақти келгани, билимга таянмаган ишонч эса хурофот экани, бинобарин, унга қарши курашиш зарурлиги ҳақидаги ғоя кенг тарқаган эди. Бу нуқтаи назарга кўра, ўқувчини билиш ва фикрлашга ўргатиш таълимнинг ягона вазифасидир; мактаб халқ таълимининг муҳим бўғини сифатида айни шу вазифани бажариши даркор. Бундай қатъий рационалистик қарашни гоҳ-гоҳ эшитиб қоламиз. Ҳар бир соғлом фикрли киши унинг бирёқламалигини дарров илғайди. Аммо масаланинг моҳиятини очиб бериш учун мазкур фикрни аниқ ва тушунарли шаклда ифодалашимиз лозим.
Ишонч тиниқ мантиқ ва тажриба ёрдамида далилланиши мумкин, албатта. Бу ўринда қатъий рационалистга эътироз билдириш ўринсиз. Айни пайтда, унинг қарашларидаги нозик нуқта шундаки, хатти-ҳаракатларимиз ва ахлоқий меъёрларимизни шакллантирувчи ишончу эътиқодни соф илмий йўл билан асослаб бўлмайди.
Илмий метод фактларнинг ўзаро муносабати, зарурий алоқадорлигини очиб беришдан нарига ўтолмайди. Бу каби объектив билимга эга бўлиш инсон эриша оладиган энг юксак маррадир. Инсониятнинг бу соҳада қўлга киритган қаҳрамонона муваффақиятларини камситиб бўлмайди. Бироқ “нима” ҳақидаги билим “нима бўлиши лозим” борасидаги масалалар эшигини очолмаслиги ҳам бор гап. “Нима” ҳақида аниқ ва тўлиқ билим олиш мумкин, аммо бундан қандай мақсадга интилиш – “нима бўлиши лозим”лиги ҳақида хулоса чиқариб бўлмайди. Объектив билим муайян мақсадга эришишнинг энг мақбул йўлини кўрсатиб беради, лекин пировард мақсад, унга етишиш истагининг манбаси бошқа ёқда. Ҳаётимизнинг пировард мақсади ва шу мақсадга уйғун қадриятларсиз мавжудлигимиз ҳам, қилаётган амалларимиз ҳам ўз маъносини йўқотишини асослаб ўтиришга ҳожат йўқ. “Нима”нинг қандайлигига дахлдор чин билимга эга бўлиш муҳим, бироқ бу чин билимга бўлган иштиёқни қадрият даражасига кўтаришимиз учун етарли эмас. Ана шу ерда инсон борлиғи ҳақидаги рационал концепциянинг чекланганлиги билиниб қолади.
Бироқ бундан интеллектуал тафаккур мақсад ва ахлоқий меъёрларни белгилашда ҳеч қандай ўринга эга эмас экан-да, деган хаёлга бормаслик керак. Киши муайян мақсадга эриштирувчи воситани топганда ўша воситанинг ўзи мақсадга айланади. Ақл мақсад ва восита орасидаги боғлиқликни аниқлаштиради. Аммо ақл энг охирги, пировард мақсадни белгилай олмайди. Асос мақсад ва қадриятларни инсоннинг ҳиссий-руҳий дунёсига олиб кириш, менинг назаримда, диннинг ижтимоий ҳаётдаги энг муҳим функциясидир. Хўш, фундаментал мақсадларни ақл ёрдамида ифодалаб ва асослаб бўлмаса, уларнинг таъсир кучи қаердан келади? Бунга шундай жавоб бериш мумкин: улар соғлом жамиятда шахснинг феъл-атвори, интилиш ва ахлоқий меъёрларига таъсир этувчи кучли анъана сифатида қарор топади. Улар рационал асосларсиз ҳам яшайверади. Улар ақлий исботлар билан эмас, балки ваҳий ва ноёб қобилиятли шахслар орқали вужудга келади. Уларни асослаш эмас, ҳис этиш керак.
Яҳудий ва насроний диний матнларида ҳаётий истак ва ахлоқий муносабатларни тартибга солувчи юксак принциплар ифода этилган. Уларни инсонга хос ожизлигимиз сабаб тўкис бажара олмаймиз. Шундай бўлса-да, улар истак ва қадриятларимизга мустаҳкам асос саналади. Улардаги диний жиҳатларни олиб ташлаб, соф инсоний томонларга эътибор қаратсак, қуйидагича хулосага келиш мумкин: шахс ҳурлик ва масъулият ҳисси билан камол топиши керакки, токи у башарият манфаати йўлида бор куч-ғайратини мамнуният билан сафарбар эта олсин.
Бу ўринда муайян миллат, синф ёки шахсни илоҳийлаштиришга ўрин йўқ. Диний матнларда таъкидланганидек, биз бир отанинг фарзандлари эмасмизми?! Албатта, эҳтимол, инсониятни қандайдир мавҳум бир бутунлик сифатида муқаддаслаштириб бўлмас. Чунки жон ҳар бир инсонга алоҳида берилади. Шахснинг зиммасига юкланган вазифа эса бошқариш эмас, балки хизмат қилишдир. Шаклига эмас, моҳиятига қарасак, бу сўзларни фундаментал демократик принцип ифодаси деб олиш мумкин. Биз назарда тутаётган диндор одам ўз миллатига қанчалик кам сиғинса, ҳақиқий демократ ҳам шундай.
Бинобарин, таълим тизими бу йўлда нима қилиши керак? Ўқувчи шундай руҳда тарбия топиши лозимки, фундаментал принциплар унинг учун ҳаводек зарур бўлсин. Бироқ таълимнинг ўзи билангина бунга эришиб бўлмайди.
Ушбу юксак принциплар ҳақида мушоҳада юритиб, уларнинг бугунги ҳаётимиздаги ўрнига диққат қаратсак, инсоният тобора жарга қараб кетаётгани маълум бўлади. Тоталитар мамлакатларда ҳукмдорлар фуқаролари қалбида инсонпарварликни бутунлай сўндиришга астойдил уринмоқда. Аҳвол нисбатан дуруст давлатларда эса миллатчилик, тоқатсизлик, иқтисодий қийинчиликлар мазкур қадриятлар илдизига болта урмоқда.
Ўқимишли одамлар хавф қанчалик яқинлигини англаб етмоқда. Миллий, халқаро қонунчилик ва сиёсатда унинг олдини олиш воситаларини излаб топишга кўп ҳаракат қилинмоқда. Кўрилаётган бундай чора-тадбирларнинг аҳамияти беқиёс. Шундай бўлса-да, қадим аждодларимиз билган неларнидир унутиб қўйгандекмиз, чамамда. Ҳар қандай восита агар ҳаётий руҳ, жўшқинлик билан тобланмас экан, ўтмас пичоқдек бўлиб қолаверади. Муҳими, мақсадга етишиш истаги қудратли кучга айланса, воситани топиб, уни ишга солишдан осони йўқ.

II

Фаннинг моҳияти борасида бир тўхтамга келиш унчалик қийин эмас. Фан – изчил ва тизимли тафаккур воситасида тажрибада ўрганиш мумкин бўлган барча ҳодисаларнинг ўзаро алоқадор ва яхлит образини яратиш йўлида асрлар мобайнида олиб борилаётган курашдир. Сирасини айтганда, у турли тушунчалар воситасида онгимизда мавжудликнинг яхлит образини яратишга бўлган уринишдир. Дин нима деган саволга фанга таъриф бергандек осон жавоб беролмайман. Ўзимни қониқтирадиган жавоб топганимда ҳам, бу масалада жиддий мулоҳаза юритадиган барча одамларни ишонтира олишим даргумон.
Дин нима деган саволни қўйишдан аввал, қайси хусусиятлар инсонни диндор деб аташга асос беради, деб сўраган бўлардим. Нафс жиловидан ўзини имкон қадар озод қилган, ўта юксак қадрият (superpersonal value) бўлгани учун ҳам муайян фикр, туйғу ёки иштиёққа ўзини бағишлаган шахс менга чинакам диндор инсон бўлиб кўринади. Менимча, бу борада энг муҳим жиҳат ўша ўта юксак қадрият ва унинг теран маъносига – у илоҳий зотга алоқадор ё алоқадор эмаслигидан қатъи назар – эътиқод қилишдир. Акс ҳолда, Будда ва Спинозани диндор эди деб бўлмайди. Бунга мувофиқ, диндор одам шу маънода тақводордирки, у ўта юксак қадрият ва мақсаднинг аҳамияти ва буюклигига, гарчи рационал асос бўлмаса-да, шубҳа қилмайди. У ўзининг мавжудлигини қанчалик теран англаса, ўта юксак қадриятларни ҳам шунчалик мавжуд деб билади. Шу маънода дин инсониятнинг мазкур қадрият ва мақсадларни чуқурроқ англаш, уларни ҳаётга янада кенгроқ татбиқ этиш йўлида асрлар давомида олиб борган курашидир. Дин ва фанни ана шу шаклда тушунсак, улар ўртасидаги қарама-қаршилик ҳам йўқолади. Фан фақат “нима” деган саволга жавоб топа олади, “қандай бўлиши лозим”лиги масаласини ҳал этмайди. Дин бошқа томондан инсон тафаккури ва ҳаракатларини баҳолайди. У фактлар ва уларнинг ўзаро муносабати масаласида хулоса чиқаришга ожиз. Ана шу талқинга таянсак, ўтмишдаги зиддиятлар мазкур икки соҳанинг ўзига хосликлари эътиборга олинмагани оқибати экани маълум бўлади.
Жумладан, диний гуруҳлар Библиядаги барча ҳукмларнинг мутлақ тўғрилигига даъво қилган чоғи қарама-қаршиликлар пайдо бўлаверган. Бу эса диннинг фан “томорқа”сига дахл қилишини англатарди. Черковнинг Галилео ва Дарвин таълимотларига қарши кураши бунинг яққол намунасидир. Бошқа томондан, фан намояндалари илмий методлар асосида қадрият ва пировард мақсадлар борасида жиддий хулосалар чиқаришга уринишди ва бу билан ўзларини динга мухолиф қилиб қўйишди. Муносабатлардаги таранглик жиддий хатоларнинг оқибати эди.
Гарчанд дин ва фан ўз вазифасини белгилаб олган бўлса ҳам, бу улар ўртасида ўзаро алоқа ва боғлиқлик йўқ дегани эмас. Дин яшашдан мақсадни белгилаб бериши мумкин, бироқ унга кенг маънода қандай воситалар орқали етиш мумкинлигини фандан ўрганади. Фанни эса ҳақиқат ва билишга иштиёқи баланд ўт юраклар яратади. Бу иштиёқни фан эмас, дин уйғотади. Бунга мавжуд дунёни тартибга солиб турувчи қонуниятлар ақлга мувофиқлиги ва уларни ақл ёрдамида билиш мумкинлиги ҳақидаги эътиқод ҳам тааллуқлидир. Бу эътиқодга бўй бермайдиган бирорта ҳам чинакам олим йўқ. Бу ҳолатни мажозан шундай ифодалаш мумкин: динсиз фан – оқсоқ, фансиз дин эса сўқирдир.
Дин ва фан ўртасида бирор асосли зиддият йўқлигини таъкидладим, шундай бўлса-да, ўтмишдаги динларга доир баъзи муҳим жиҳатларга тўхталмоқчиман. Аввало, “худо” тушунчаси ҳақида. Инсоният маънавий тараққиётининг “болалик” даврида худоларни ўзига ўхшатиб тасаввур қилди. Худолар ўз иродаси билан моддий оламдаги барча ҳодисаларга таъсир ўтказади, уларни бошқаради, деб ишонди. Инсон сеҳр ёки дуою илтижолари билан худолар “кўнгли”ни овлашга ҳаракат қилди. Ҳозирги динлардаги “худо” тушунчаси ўша кўҳна тасаввурнинг нисбатан ўзгарган кўринишидир. Масалан, антропоморфизм одамларнинг Илоҳий Зотдан ниятларини рўёбга чиқаришини сўраб дуо қилишларида намоён бўлади.
Чексиз қудратли, адолатли ва яхшилик қилувчи шахслашган Худонинг (personal God) мавжудлигига ишонч одамларнинг ўксик қалбига далда, оғир дамларида ёрдам бериши, раҳнамолик қилишини ҳеч ким инкор этмаса керак. Бу тасаввур соддалиги билан оддий одамлар кайфиятига жуда мос тушади. Бироқ, бошқа томондан, бу тасаввурнинг жиддий нуқсонлари ҳам бордирки, тарихнинг ибтидосидан бери инсониятга мудом панд бериб келади. Яъни, У ҳар нарсага қодир зот бўлса, барча ҳодисалар, шу жумладан, инсоннинг ҳамма ҳаракати, фикрлаши, туйғу ва орзу-истаклари ҳам Унинг ҳукмидадир. Қудратли зот инсонларни қилмишлари учун қандай жавобгар қилиши мумкин? Жазо ва мукофот тайин қилар экан, У ҳукм чиқаришни деярли Ўзига олади. Бу ҳол Унинг одил ва ҳожатбарор сифатига қанчалик мувофиқ?
Дин ва фан ўртасидаги замонавий баҳслар марказида айнан шахссимон Худо ғояси турибди. Нарса ва ҳодисаларнинг замон ва макондаги ўзаро муносабатига тааллуқли қонуниятларни очиб бериш – фаннинг иши. Табиат қонунларидан мутлақ умумаҳамиятлилик талаб қилинади. Лекин буни исботлаб бўлмайди. Фанда кашф этилган табиат қонунлари шунчаки муайян дастурлар бўлиб, уларнинг маълум бир турдаги барча ҳодисаларга нисбатан тўғри чиқишига (умумаҳамиятлилиги – тарж.) бўлган ишонч ўтказилган тажрибалардаги жузъий тасдиқларга асосланади. Бироқ бу жузъий тасдиқларни инкор қилиб, ўша дастурларни ёлғон дейдиган одамни топиш қийин. Ушбу қонунларга таяниб, биз муайян ҳодисаларнинг келажакда қандай кечишини тўкис башорат қилишимиз мумкин. Замонавий инсон фан очган ўша қонунлар мазмунини ҳатто етарлича англамаганда ҳам, унинг онги аниқликка ўрганган. Қуёш тизимидаги сайёралар ҳаракатини оддий, саноқли қонунлар ёрдамида мислсиз аниқликда ҳисоблаб чиқиб, аввалдан айтиб бериш мумкин. Шу каби, бунчалик аниқ бўлмаса-да, электр моторнинг қандай ҳаракатга келишини, ҳатто яқинда пайдо бўлган маълумот узатиш ва радиоалоқа тизимларининг қандай ишлашини аппарат яратилмасдан олдин ҳисоблаб чиқиш мумкин.
Ҳодисани вужудга келтирувчи омиллар жуда кўп бўлганда илмий методлар аксар ҳолларда иш бермай қолади. Мисол тариқасида об-ҳаво прогнозини олайлик: ҳатто бир неча кун кейинни аниқ башорат қилиб бўлмайди. Шундай эса-да, бу ўринда таркибий қисмлари аниқ, бироқ мураккаб сабабий боғланишларга дуч келамиз. Бу каби ҳодисаларни аниқ башорат қилиш имконсизлигининг сабаби табиатда тартиботнинг йўқлиги эмас, балки кўплаб турли омилларнинг бир вақтда намоён бўлишидир.
Биз тирик табиат замиридаги қонуниятларга ҳозирча чуқур кириб борганимиз йўқ. Аммо ҳозирга довур билганларимизнинг ўзи бу ерда ҳам қатъий зарурият устувор эканини ҳис этишимиз учун етарли. Ирсият қонунлари ёки турли заҳарли моддаларнинг, дейлик, алкоголнинг тирик мавжудотлар феълига таъсирини эслайлик. Бунда масала тартиботнинг йўқлигида эмас, аксинча, қамровдор сабабий боғланишларнинг номаълум қолганидадир.
Киши борлиқда тартиботнинг мавжудлигига амин бўлар экан, унинг мунтазам тартиблилик бор жойда “ғайритабиий сабаблар”га ўрин йўқлигига бўлган ишончи ҳам мустаҳкамлана боради. Унинг учун инсон бошқаруви ҳам, илоҳ бошқаруви ҳам табиий жараёнларнинг автоном сабаби бўлолмайди. Тўғри, табиий жараёнларга ташқаридан аралашувчи шахслашган Худо ҳақидаги таълимотни соф илмий йўл билан инкор қилиб бўлмайди. Зеро, илмий билимлар ҳали бу даражага кўтарилгани йўқ.
Бироқ, шунга аминманки, диндорлар жамоасининг бу каби таълимоти нафақат аҳамиятсиз, балки зарарлидир. Очиқ баҳслардан қочиб, ўзини туман ичига яширадиган ҳар қандай таълимот башарият ҳаётидаги муносиб ўрнидан мосуво бўлиб, инсоний тараққиётга беқиёс зарар келтиради. Дин раҳнамолари маънавий юксалишга интилар экан, шахслашган Худо ҳақидаги таълимотдан, яъники ўтмишда руҳонийлар қўлида қудратли қуролга айланган қўрқув ва умид манбаидан воз кечишлари даркор. Бу йўлда улар инсоният қалбида эзгулик, адолат ва гўзаллик уруғларини ундирадиган воситалардан фойдаланишлари лозим. Бу ғоят оғир вазифа, аммо уриниб кўришга арзийди. (Бу фикр Ҳерберт Самуэлнинг “Эътиқод ва ҳаракат” асарида ишонарли баён қилинган.) Руҳонийлар янгиланишнинг уддасидан чиқсалар, илмий билим чинакам динни янада юксалтириб, буюклаштиришини мамнуният-ла тан олади.
Агар диннинг асл мақсади инсониятни имкон қадар худбин майлу истаклар ва қўрқувдан халос этиш бўлса, илмий тафаккур унга яна кўмакка келади. Фактларнинг ўзаро муносабатини аниқлаб, уларни аввалдан башорат қилиш имконини берадиган қонунларни кашф этиш фаннинг асосий мақсади бўлса-да, у бу билан чекланмайди. Фан ўзи кашф қилган воқеа-ҳодисалардаги боғланишлар миқдорини оз сонли ўзаро мустақил тушунчалар ёрдамида соддалаштиради. Воқеликдаги турфахил ҳодисаларни рационал жиҳатдан унификациялаш баъзида иллюзиялар тўрига ўралиб қолишга сабаб бўлса-да, фаннинг ғоят улкан ютуқларига йўл очган. Бу соҳада муваффақиятга эришган олим борки, барчаси мавжудликдаги ақлга мувофиқликдан илҳом олган. Кўпроқ билгани сари у шахсий майлу истаклардан узоқлашиб, борлиқда жилва қилаётган бор бўй-басти билан инсон ақлига сиғмайдиган буюк ақл олдида ўз ожизлигини ҳис этади. Менинг назаримда, ана шу нарса чинакам диний кайфиятни намоён этади. Менимча, фан динни нафақат антропоморфизмнинг сарқитларидан тозалайди, шу билан бирга, ҳаётни тушунишимизнинг диний-маънавий томонларига ҳам катта ҳисса қўшади.
Инсоният маънавияти юксалгани сари ҳақиқий диндорлик қўрқув ва кўр-кўрона ишонч босқичидан ўтиб, рационал билим томон интилаверади. Шу маънода, руҳоний, агар у инсонни тарбиялашдек шарафли вазифасини сақлаб қолмоқчи бўлса, чинакам муаллимга айланиши керак.

Advertisements

Izoh qoldirish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s