“Қуръон илмлари”ни ўқиб

SAM_1947Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг бу китобини қўлимга олиб ўқий бошлаганимда тўғриси ундан Қуръон ҳақидаги билимларимни янада бойитишни кўзлаган эдим. Бироқ китобнинг ўртасига келганимда муаллифнинг баъзи мулоҳазаларига нисбатан менда эътирозлар туғила бошлади. Бу эътирозлар асосан айрим тафсилотларнинг чалкашлиги, мулоҳазалардаги қарама-қаршилик юзасидан эди. Улардан баъзиларини қоралаб қўйган эканман. Ўқувчилар билан бўлишиш истадим.

1. “Қуръонни Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўзи тўқиб олган” деган даъвога қарши муаллиф қуйидагича раддия беради. Нух алайҳиссалом ва у кишининг қавмлари аллақачон ўтиб кетган. Уларнинг ҳабарини Муҳаммад алайҳиссалом ҳам, у кишининг қавмлари – Арабистон аҳолиси ҳам билмас эдилар” (86-бет). “Қуръон нозил бўлгунига қадар Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Мусо алайҳиссалом ва қавмлари ҳақида ҳеч нарса билмаганларидан, бу тўғрида бир оғиз ҳам гапирмаган эдилар” (87-бет) Арабистон ярим оролида ўша вақтлари христиан ва яхудий жамоалари яшаган. Уларнинг диний китобларида бу ҳақда ёзилган. Ўзлари ҳам ҳар ерда айтиб юрган бўлишларига шубҳа йўқ. Араблар Эрон ва Шом билан яқин савдо алоқаларига эга бўлган. Шундай экан Арабистон аҳолиси бу ҳақда ҳеч нарсани билмас эди деб бўладими? Буни қандай асослаш мумкин. Муҳаммад алайҳиссалом “бу тўғрида бир оғиз ҳам гапирмаган эдилар” деган гап етарли асос эмас. Одам билган нарсасини гапирмаслиги ҳам мумкин.

2. Дарвин инсоннинг маймундан пайдо бўлганини кўрганми? Йўқ. Демак у ўз ҳаёлида назария тўқиб чиқарган. (248-бет) Яъни, Дарвин бу жараённинг гувоҳи бўлмаган, ўз кўзи билан кўрмаган, демак унинг назарияси ҳам ёлғон. Муаллиф шу орқали Дарвинни гўё инкор қилади. Бошқа ўринда эса Қуръон илмий кашфиётларга мувофиқлигини асослаш учун мана буни келтиради: “Астроном олим Жеймс Жинс айтади: Борлиқ яратилишидан аввал ундаги моддалар газдан иборат бўлган ва шу газларнинг ўзаро бирикиши натижасида сайёралар келиб чиққан” (202-бет) Қизиқ, Жеймс Жинс бу жараённи ўз кўзи кўрганмикан? Муаллиф бу ўринда нохолислик қилаётгандек кўринади. Яъни илмий фактлар диний эътиқод нуқтаи назаридан сараланмоқда. Агарда Қуръонда одам маймундан келиб чиққан дейилганда, муаллиф дарвинизмни ҳам Қуръоннинг илоҳийлигига далил қилиб келтирармиди?

3. Қуръоннинг халифа Усмон замонида жамланиши борасида гап кетар экан, халифа “ихтилоф чиқмасин” (254-бет) дея бошқа мусҳафларни ёқиб юборишга буйруқ бергани айтилади. Халифанинг мақсади ҳақиқий Қуръонни сақлаб қолиш бўлганми ёки сиёсий барқарорликни таъминлаш? Сўнг муаллиф Усмон мусҳафлари Абу Бакр замонида жамланган мусҳафдан нусха кўчириш бўлгани, таҳрир қилиш бўлмаганини гапира туриб (248-бет), “Ҳафса онамиз розияллоҳу анҳо вафот этганларидан кейин Марвон ибн Ҳакам уларни (Абу Бакр мусҳафини) олиб, ёқиб юборган ва: “Буларда бор нарса ёзилиб сақланган. Замон ўтиб, баъзи бирлар бундан фитна чиқармасин, дедим”, деган” (251-бет) деб ёзади. Агар шунчаки нусҳа кўчириш бўлган бўлса, нега энди фитна чиқишидан қўрқишган. Фақатгина ҳар икки мусҳаф ўртасида фарқ бўлсагина, фитна чиқиши мумкин. Бунга қўшимча ўша вақтда катта саҳобалардан Қуръонни тўлиқ ёд билган Абдуллоҳ ибн Масъуднинг ҳам ўз мусҳафи бўлгани, у халифа Усмоннинг бошқа мусҳафларни куйдириб ташлаш ҳақдаги буйруғига эътироз билдириб қаршилик кўрсатгани ёзилади. Нега у қаршилик кўрсатган. Унинг эътирозларининг боиси нима? Бу билан Ибн Масъуд расман қабул қилинган мусҳафлардаги қайсидир жиҳатларга қўшилмагани кўриниб қолган. Муаллиф бу муаммоли вазиятдан шундай чиқиб кетади: “Аллоҳ таоло у кишини Усмон розияллоҳу анҳунинг фикрига қайтишига илҳомлантирди” (253-бет). Усмон мусҳафи эркин баҳслар асосида эмас, маъмурий йўл билан, халифанинг шахсан аралашуви, босим ўтказиши ва расман тасдиқлаши орқали бўлгани сезилиб турибди. Китоб муаллифи берган изоҳлар эса етарли бўлмаган.

4. Қуръоннинг ўқилиши осон бўлиши учун етти ҳарфда нозил бўлгани ҳақида гап кетганда, шундай жумлалар кетади: Аллоҳ ”Оммани ўзлари учун осон ва енгил бўлган жорий тилдан бошқа лаҳжада нутқ қилишга мажбурламади” (296-бет). Лекин форсу туркчи? Улар ҳам мажбурланмаганми? Арабларнинг Қуръонни ўқиши ҳақида шунчалик енгиллик берилган экан, нега бошқа халқларга бу берилмайди? Қуръон арабу ажамга мутлақ юборилмаганми?

5. Қуръоннинг суннат билан насх қилиниши борасида гап кетганда яна чалкашликка йўл қўйилган. “Бир эмас, бир қанча ҳадис бўлса ҳам, Қуръоннинг кучига эга бўла олмайди” (336-бет). “Қуръони Карим ҳамма тарафдан Суннатга нисбатан юқори туриши борасида ҳеч ким хилоф қилмаган ва қилмайди ҳам” (331-бет). Яъни ҳадис, у мутавотир бўлса ҳам Қуръондан қуйида туради. Энди бунисига қаранг: “Қуръони Карим ҳам, Суннат ҳам ваҳийдир ва уларнинг бири иккинчисини, кучлиси ўзидан кучсизроғини насх қилиши мумкинлиги ҳаммага аён” (331-бет). Сунг Қуръоннинг Суннат билан насх бўлганига мисоллар кетади. Бу ҳолатни қандай изоҳлаш мумкин?

6. Қуръоннинг лафзий насх бўлиши, яъни қайсидир оятлар нозил бўлган-у, лекин кейинчалик мусҳафга кирмай қолган бўлиши мумкинлигини муаллиф рад қилади. Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилган саҳиҳ ҳадислардан бирида Умар ибн Хаттобнинг оилали зинокорларни тошбурон қилиш тўғрисида оят (ражм ояти) нозил бўлгани ҳақидаги гаплари келтирилади. (335-бет). Лекин бу оят Қуръонда йўқ. Умар ибн Хаттоб нега оят нозил бўлди деяпти? Қаерда ўша оят. Камига бу ҳабар энг ишончли манбаларда келмоқда. Бухорийдан бошқа юқоридагиларнинг барчаси ривоят қилган яна бир ҳадисда “харом қилувчи маълум ўнта эмизиш” борлиги борасида оят нозил қилингани ҳақида гапирилади (333-бет). Аммо бу оят ҳам мавжуд мусҳафда йўқ. Муаллиф бу муаммоли ҳолатдан чиқиб кета олмай, тахминий гапларга таяниб масалани ҳал қилмоқчи бўлади. Саҳобалар “мазкур иборалар ортида турган маъноларни ўзларигина биладилар. Бу маъноларни уларнинг тилини билган, аммо жамият аъзолари орасидаги сирлардан хабардор бўлмаганлар англай олмайдилар” (334-бет). Яъни ривоятлар саҳиҳ бўлса-да, биз уларнинг маъноларини тушунмаймиз. Қуръонни тафсир қилганлар ҳадисни шарҳлай олмаяпти. (!) Юқорида айтилганидек бир неча мусҳафларнинг бўлгани, Усмон мусҳафидан бошқаси ёқиб юборилганини назарда тутсак, жорий мусҳафдан баъзи оятлар тушиб қолган бўлиши мумкинлиги эҳтимоли ортади. Муаллиф эса буни тан олгиси келмайди. Бақара сураси 106-оятида “оятлардан биронтасини насх қилсак ёки УНУТТИРСАК, ундан яхшисини ёки унга ўхшашини келтирурмиз”, дейилади. Бу оят баъзи оятлар унуттирилган бўлиши эҳтимолига ишора қилади. Хижр сураси 9-оятда эса “Албатта, Зикрни биз нозил қилдик ва албатта, унга биз муҳофазачимиз”, дейилади. Буниси эса ҳар бир оят тўлиқ сақланиши кафолатланганини баён қилади. Бу икки оятни қандай келиштирса бўлади? Муаллиф эса бирорта ҳам оят тушиб қолмаган демоқда. Бир неча мусҳаф ёқилган. Муаллиф эса саҳобалар маъносини ҳеч ким тушунмайдиган тилда сўзлашишган бўлса керак деб таҳмин қилаяпти, холос.

7. Муаллиф бир неча ўринда Қуръон жумлаларининг бирдан ортиқ маънога далолат қилишини унинг муъжизаси деб атайди. (361-бет) Бошқа тилларда бир нечта маънони билдирувчи сўзлар йўқми? Навоий ғазалларининг ҳар бир мисрасидан бир қанча маънони чиқариш мумкин. Ҳўш, у ҳам илоҳий мўъжизами?

8. Баъзи суралар бошида келувчи “кесик ҳарфлар” ҳақидаги бобни ўқиб мана бунга кўзим тушди: Саҳобалар “бу ҳарфлардан мурод нималигини яхши билганлар, шунинг учун ҳам бир-бирларидан сўрамаганлар ва ривоят қилмаганлар” (379-бет). Кейинги бетда мана бу ривоят берилади: “Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Ҳар бир китобда Аллоҳнинг сири бордир. У Зотнинг Қуръондаги сири сураларнинг аввалидаги ҳарфлардир”” (380-бет). Демак, Абу Бакр бу ҳақда билмаган. Муаллифнинг саҳобалар уларни яхши билгани ҳақидаги гапи ўринсиз бўлиб қолмоқда.

9. Салафлар даврида, яъни ҳижрий илк уч асрда “турли ихтилофлар, фирқалар, фалсафалар бўлмаган, бўлса ҳам, кучсиз ва таъсирсиз бўлган”лиги (384-бет), салафлар “турли фитналарга дучор бўлмагани” (385-бет) таъкидланган. Халифа Усмон ва Али қандай ўлдирилган эди? Кимлар уларни ўлдирди? Шиа, хавориж, мўътазила каби тоифалар қачон пайдо бўлган? Уларнинг тўқнашувлари авжига чиққан паллалар қачон эди? Наҳотки муаллиф очиқ кўриниб турган нарсани кўрмаяпти ёки кўрса ҳам кўрмаганликка олаяпти!

10. Қуръони карим тафсири билан шуғулланувчи кишига қўйиладиган талаблар қаторида “тарафкашлик дардига чалинган бўлмаслик” (455-бет) ҳам бор экан. Бу яхши талаб, албатта. Лекин бошқа талаб ҳам бор. Аҳли сунна ва жамоа мазҳабидан оғмаслик, қадария, мўътазила каби тоифаларга мансублар тафсирини қабул қилмаслик. Бу ерда яна тарафкашлик кўзга ташланаяпти. Аҳли сунна vs. қадария ва мўътазила. Аз-Замахшарийдек буюк ватандошимиз мўътазила бўлгани учун тафсир билан шуғулланмаслиги керакмиди? Мўътазилийлар тафсирларидан фойдаланмаслик шартини илгари сурган муаллиф китобнинг “Тафсир ва муфассирлар” бобида Замахшарийнинг “Кашшоф”и кўпгина муфассирлар фойдаланган муҳим тафсирлардан бўлгани ва тафсир илмида муҳим ўрин тутишини таъкидлайди. Бу билан ўзи шарт деб қўйган нарсага кўпда амал қилинмаганини очиб қўйган.
Мен юқорида бир қисм чалкашликларнигина келтирдим. Агар мазкур асарга баҳо берсак, унда муаммоли вазиятлардан чиқиб кетиш учун муаллиф асосан тахминларга суянгани, “буни биз билмаймиз”, “маъноси Аллоҳга аён” каби гаплар ёрдамида қутулиб қолгани кўп учрайди. Ваҳоланки муаллиф ўз муҳолифларини таҳминга таяниб хулоса чиқарганликда айблайди-ю, ўзи ҳам гоҳ-гоҳ шундай қилиб туради. “Қуёш галактикаси” (200-бет) деган иборани мен шу китобда ўқидим. “Қуёш галактикаси” деган галактика борлиги ҳақида ҳеч жойдан маълумот тополмадим.

Ғарб шарқшуносларининг фикрлари танқид қилинганда ҳам уларнинг китобларидан манбани аниқ кўрсатган ҳолда иқтибос келтирилмайди. Ўша шарқшунослар нимага асосланиб у ёки бу фикрни айтгани очиқ кўрсатилмаган. Шунчаки улар чиқарган хулосаларгина айтиб кетилган. Уларга эътироз билдирилган, уларнинг нохолислиги, исломга душманлиги, калтафаҳмлиги айтилган, вассалом. Оппонентнинг шахси хурмат қилиниши, фақат фикрларгина танқид қилиниши илмий бахс одоби эканини ёдда тутсак, бу жуда ёмон. Ислом уламоларининг муҳолиф фикрдагиларни “калта фаҳмлар, хаста назарлар, жинни каллалар” (392-бет) деб аташи боисини тушуниб бўлмайди.

16 thoughts on ““Қуръон илмлари”ни ўқиб

  1. Бундай танқидий фикрларни билдирадиган одам Қуръони Карим, Суннати Набавийя, муҳкам ва мутошибиҳ, носих ва мансух, хабар, унинг шартлари ва ҳоказоларни ҳамда ақл, назар, таъвил, ижтиҳод ҳамда далил ва ҳужжатларни келтириш ҳукмларини ҳам билиш керак.

    Like

    1. Афсуски мақола муаллифи ҳар сохани фалсафа деб тушунади ва шунинг оқибатида ўзининг ботил фикрларини оқлаш учун фалсафий мушоҳада қилаяпман, деб ўйлайверади. Аслидачи, аслида муаллиф ўзи умуман хабари йўқ илмга раддия ёзаётган бўлиб чиқади.
      Шундай бўлсада бу демагогияни ўқиб шубҳага тушуши мумкин бўлганларга ҳақиқатни баён қилиш лозим деб билдик. Аллоҳнинг иродаси билан бу ишни якунласак, ўқувчи эътиборига ҳавола қиламиз!

      Like

      1. Bu maqola raddiya emas. Ojiz aqlim va bilimim yetmagan joylarini yozdim. Toki ularni menga har taraflama tushuntirib berishsin. Kitobdagi aynan osha joylar etarlicha ochib berilmagan. Mendan boshqa odam o’qisa, unda ham shunday savollar tug’ilib qolishi mumkin. Javobingizni kutaman. E’tiboringiz uchun tashakkur.

        Like

    2. Бу ер изоҳ ва муносабат билдириладиган жой. Бошқа сайтлардаги мақолалани тўлиғича шунчаки жойлаштирилмайди. Сиз қўйган мақолаларни ўша сайтларда ўқиганман ва истаган одам ўша ерлардан ўқиб олади. Иккинчидан, мен исломнинг бугунги ҳолати, Қуръоннинг илоҳийлиги ва ҳ.к. масаларда бир гап айтганим йўқ. Фақат “Қуръон илмлари”даги баъзи мантиқий чалкашликлар ва очилган муаммоларнинг етарлича ҳал қилинмагани ҳақида, бошқача айтганда, бир ўқувчи сифатида китобга ўз муносабатимни билдирганман. (Ҳар бир инсон ўқиган китобига муносабат билдириш, фикр алмашишга ҳақли.) Ислом динига апологетлик қилишга хожат йўқ. Мен ислом душмани эмасман. Шу сабабли изоҳлар мавзу доирасида бўлиши нуқтаи назаридан, баъзи изоҳларингизни бу ерга қўймадим. “Қуръони Карим, Суннати Набавийя, муҳкам ва мутошибиҳ, носих ва мансух, хабар, унинг шартлари ва ҳоказоларни ҳамда ақл, назар, таъвил, ижтиҳод ҳамда далил ва ҳужжатларни келтириш ҳукмлари”ни билиш билмаслигимни сиз қаердан билдингиз?

      Like

  2. «Аниқ ва тўғри фикрлаш. Мана, ҳар қандай ақлга ва барчага зарур восита; фақат у кенг тарқалган хурофотлари билан бепарво мутафаккирлар учун англаш мушкул фан ҳамда донишмандлик бўлиб кўринадиган, метафизик жаргонли мавҳум фалсафани ағдаришга қодир» (Д.Юм). Менимча сиз ҳам шу йўлдан бормоқчисиз чоғи.

    Like

  3. “Қуръони Карим, Суннати Набавийя, муҳкам ва мутошибиҳ, носих ва мансух, хабар, унинг шартлари ва ҳоказоларни ҳамда ақл, назар, таъвил, ижтиҳод ҳамда далил ва ҳужжатларни келтириш ҳукмлари”ни билиш учун аввало Оллоҳ бу илмни инсон қалбига солиши ва у бир неча йиллар мобайнида етук исломшунос олимлардан дарс олган бўлиши керак.

    Like

    1. Демак, мен “Қуръон илмлари”га ўз муносабатимни билдиришим учун “бир неча йиллар мобайнида етук исломшунос олимлардан дарс олган бўлиши”м шарт. Дунёвий фанларда алифни калтак деб юрган диндорлар исталган гапини айтиши мумкин-у, мен уларнинга гапларини муҳокама қилолмаслигим керак, шундайми? (Мадрасада илм юқиши учун устозларни ҳурмат қилиш керак дейишарди. Фикрини танқид қилма, нима деса ҳаммасига ишон. Уларни тушунса бўлади, у ерда файласуфлар тайёрланмайди. Менга юқмаган чоғи:) Сиз ҳам фалсафадан кетиб, бирорта мадрасага ишга ўтиб, муллабаччаларга дарс бериб юрсангиз бўларкан.) Улар ўрта асрлардаги католик черкови руҳонийлари каби диний илмни ўзларининг хос томорқалари деб билишади. Диний уламолар дунёвий фанларни ҳам, фалсафани ҳам динга ҳазмат қилдириш пайида. Схоластлар каби. Сиз ҳам уларни ўзингизга авторитет қилиб олибсиз. As a supporter of free and critical thought, I entirely reject authority of religion and claims of religious folk to absolute truth. The central tenet of philosophy is independence; independence from credulity, irrationality, and superstition. Only impartial reason can lead us to truth, not mullahs. We can’t live with the mind of seventh century people.

      Like

  4. Мен фандаги ҳақиқатни кўпроқ қабул қилишга ҳаракат қиламан. Лекин баҳслашмоқчи ва эътироз билдирмоқчи бўлган одам шу соҳани чуқур ўрганган бўлса бошқа гап. Сиз мантиқдаги айният қонунининг мазмунини биласиз. Ундан кейин илмдаги баҳс-мунозара этикетидан ҳам хабарингиз бор. Агар айнан ўзингизга тушунарсиз бўлган масалада ўша одамни ўзларига бевосита мурожат қилишингиз ҳам мумкин эди. Агар исломдаги белгиланган таомилдан келиб чиқадиган бўлсак у киши сизга керакли жавоб ёки тушунтириш, ё эътирозларингиз ўрнли бўлса тузатишлар киритилганлигини маълум қилишади. Бу этикетга тўғри келарди.
    Ҳа шу ўринда яна бир нарса Сиз эргашаётган позитивизм ёки сенсуализм вакиллари рационал-назарий илмий билимларни энг ишончли деб ҳисоблаб, иррационал билимларни инкор этган бўлсалар ёки иррационализм тарафдорлари билимнинг ақлий бўлмаган диний, ғайришуурий, сирли, иродавий, инстинктив, ҳиссий ва бошқа томонларига урғу бериб, рационализм тарафдорлари томонидан ақлнинг ролини бўрттирилишига қарши чиқганлар. Бундай бирёқламаликлар, тарафкашликлар асрлар бўйи давом этиб келмоқда. Масалан, ҳозирги кунларда ҳам ўз якка ҳукмронлигини бир қадар сақлаб турган баъзи фан вакиллари рационал назарий билимларнинг кераклиги, ишончлилиги, тўғрилиги ҳақидаги фикрларга асосланаётган бўлса, сиз назарда тутган схоластика даврида диний дунёқараш яккаҳукмрон бўлган бўлган бўлса ҳозида ҳозирда фан янги илмий ютуқларга таянган неорационализмга ишонч билдирмоқда. мазкур ёндашувда рационализм ва иррационализмни мавжуд имкониятларидан конструктив фойдаланишга ҳаракат қилинмоқда. Менимча шундагина инсон сиз билан биз қидираётган ҳақиқатни асл моҳиятини англайди ва атрофида содир бўлаётган бу муаммоларларнинг туб сабабини билиш ва уларни батараф этиш, ва энг муҳими асл ҳаётнинг маъносини англашга эришади. Сиз ва биз идеал даражага олиб чиқаётган фалсафани Стивен Хокинг “ўлик фалсафа” деб атамоқда. Бунинг ўзига хос объектив ва субъектив сабаблари бор. “Большинство из нас не беспокоится об этих вопросах большую часть времени. Но все должны время от времени спрашивать себя: почему мы здесь? Откуда мы пришли? Традиционно, эти вопросы ставит перед нами философия, но философия мертва. Философы не идут в ногу с современными достижениями в области науки. Особенно это касается физики”, – добавил Стивен Хокинг. http://www.yuga.ru/news/228045/

    Like

    1. Ўқиган китобларингиз ҳақида ёзиш этикетга тўғри келади. Қолаверса мен муаллифнинг шахсиятини танқид қилмаганман. Хокингга келсак, у умуман фалсафани ўлик тафаккур тарзи деб билади. Ашаддий рационалист ва сциентист. Ҳаётнинг маъноси ҳақидаги кўхна фалсафий бахсларни бемаънилик деб билади. Ўтган йили унинг”Brief history of time” ини ўқигандим. Физика охир оқибат барча муаммоларни ҳал қилади деб ишонади. “Grand Unified Theory” устида тинмай ишлаётгани бежиз эмас. Нисбийлик назарияси, квант механикасини ягона формулага келтириш орқали дунёнинг тўлиқ материалистик манзарасини чизиб бермоқчи. Унинг фикрича, шунда борлиқни тушунтириш учун “Худо” ғоясига ҳам эхтиёж қолмайди. Дин борлиқни изоҳловчи восита сифатида йўқ қилинади. Унга эҳтиёж қолмайди. Ҳамма нарса физика ва математиканинг ёрдами билан бўлади. Фашистларнинг оқ ирқ ҳақидаги ғоялари иррационал, террорчиларнинг ўз-ўзини портлатиши иррационал хатти-ҳаракат, кук-клукс клан иррационал, жиннихонада ўтирган шизофреникнинг гаплари иррационал, шопаголиклик иррационал, консумеризм иррационал, шаҳвати қўзғаган эркакнинг ҳаракатлари иррақионал, алкоголиклик иррационал, воркаголиклик иррационал – иррационаллик инсоният бошига кулфат солади.

      Like

  5. Сиз инсон ҳаётида муҳим ҳисобланган иррационал тушунчалар севги, меҳр-муҳаббат, иймон, эътиқод ва бошқаларни эътиборингиздан четда қолдирдингиз менимча. Ундан кейин энг машҳур файласуфлар В.Дилтьтей, Э.Гуссерл, М.Хайдеггер, М.Шелер, Н.Гартман, Э.Левинас, Р.Ингарден ва бошқа машҳур файласуфларни иррационализм ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини инкор қилмоқчимисиз. Агар ҳабарингиз бўлса Россияда иррационал ҳодиса ҳисобланган интуиция масаласига кучлироқ эътибор 1989 йилдан бошланган. 1997 йилда марказий “Эпистемология ва фалсафа” фалсафий журналининг редактори В.А.Лекторкий журналнинг 50 йиллигига бағишланган “Журналхонларга” деб номланган мақоласида дунёни билишда рационалликнинг роли ва чегаралари, фанда ва инсон ҳаётида унинг ўрни ҳақидаги анъанавий қарашларни қайта кўриб чиқиш кераклиги ҳақидаги ўз фикрини билдирган эди. Иррационалликнинг рационал билимларни ривожлантиришдаги роли масаласида рус олимларидан биология соҳасида академик В.Казначеевнинг, физикада академиклар А.Е.Акимов, Г.И.Щипов кабиларнинг, техника ва космонавтикада Халқаро информация академиясининг академиги Л.Мельниковнинг ва бошқа жуда кўп олимларнинг ишлари билан яқиндан танишиб чиқсангиз мақсадга мувофиқ бўларди.

    Like

  6. Muhammad Sohib

    Xurshid Yuldoshev muallifni shaxsiyatini muhakama qilmaganman deb nuqul shaxsiyatga tekkansiz… Xup bularni quying… Siz uz aqlingiz yetmagan narsani, muallif nazarda tutgan narsani tushunib yetmasdan bunda Shayxni aybdor sanayapsiz… Barchaa savollarizga izohi bn kerakli javobni berardim ammo telefondaman… kn kitob yonimdamas… Quron ilmlari kitobini uqib tushunish uchun undan avval uqiladigan bir qancha kitiblar bor. Ushalarni uqigan bulganingizda hozir boshingizni garang qilgan savollar bulmasdi. Lekin siz shoshibsiz

    Like

  7. Нодир Мажид

    Бисмиллаҳир Рохманир Роҳийм!
    Ассалому алайкум, муҳтарам азизлар!
    Бу ерда турлича муносабат бўлибди. Муносабатлар асносида ёзилган мантларда муаллифларнинг ўша пайтдаги кайфиятларини шундоқ пайқаб олдим. Кўпчилик асабийлашиб ёзган. Ғазаб келганда ноҳолислик бўлиши мумкин, назаримизда.
    Ҳозир камина Сиз муҳтарам азизларнинг ўзаро баҳсингизни муҳокама этиш ниятидан йироқман. Муаллиф ўз мулоҳазаларини ўртага ташлаган экан, унга ўзимнинг фикру ожизимни билдирмоқчиман ҳалос. Бунга Аллоҳнинг ўзи мадад берсин.
    Каминанинг мулоҳазалари қуйидагилардан иборат:
    1. Муқаддас Ислом ихтилофчиликни қоралайди. Буни барчамиз яхши биламиз. Ҳозир кимгадир ён босаётганим йўқ. Аммо Қозоқбой домла ўз фикрларини тартиб билан, изоҳлаб ёзибдилар. Мунозарада қатнашганларда эса бу ҳолатни кузатмадим. Уларда илмий асосланган жавоб эмас, фанатизм кайфиятидаги қоруқ гаплар кўпроқ, назаримда. Агар раддия бериладиган бўлса, бунинг ўзига яраша тартиби, қоидаси мавжуд. Муаллифнинг ҳар бир мулоҳазаларига ўринли, асосли раддия бермоқ лозим эди. (Абдулла Қодирийнинг Сотти Ҳусайнийга берган жавобларини эслайлик.)
    2. Бу ерда муаллиф айтганидек Ислом дини ҳақида эмас, бир китоб ҳақида бахс кетмоқда. Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ ўз раҳматига олсин, Шайх ҳазратларини ниҳоятда ҳурмат қиламан. Дарҳақиқат, у кишининг ёзган китоблари мусулмон умматига бебаҳо мерос бўлиб қолди. Буни ҳеч ким инкор этмаса керак. Аммо бу ердаги баҳс ўзаро фикр алмашиб, ҳақиқатни излашдан кўра, кўпроқ Исломни ким кўпроқ билишини кўз-кўз қиладиган мусобақага ўхшаб қолибди. Шундай экан, ҳар биримиз бир нимани қоралаб, уни жамога тақдим қилишдан аввал (Ўзим кимман ўзи, бунга нима ҳаққим, қандай ваколатим бор? деган саволни берсак, Иншооллоҳ бундай кўнгилсизликлар бўлмайди.) бунга ҳар жиҳаттан тайёр бўлмоқ керак, менимча.
    3. Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи” китобларини ўқиган бўлсанглар, ҳар бобнинг якунида “…бу бизнинг илм йўли билан тўплаган далилларимиздур. Аслиятини Оллоҳ билур” деган жумла мавжуд. Камина исталган мулоҳазага нисбатан шуни қўллайман. Чунки барчамиз бандаи ожиз (!) миз. Мулоҳазаларда эса бу жиҳатдан йироқлик, ўзини кўз-кўз қилиш авжида бўлган.
    4. “Диний илм” ва “дунёвий илм” деган тушунчалар ҳақида. Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, бу ҳолат қачондан бошланди? Бизнинг тарихимизда бу тушунчалар мавжуд бўлганми? Улар бир-бирини инкор этади, деган тушунчалар тўғрими? Бундай қарашларни ким ўртага ташлаяпти? Биз маълум бир уламонинг китоби ҳақида ихтилофли фикр юритсак (бунга жуда эҳтиёт бўлиш лозим) кимга нима фойда? Биз бошлаётган баҳс ўринлими деган саволларга ўзимиз учун ўзимиз жавоб берсак, фойдадан ҳоли бўлмас, Иншооллоҳ.

    Буларнинг каминанинг бир бандаи ожизча фикрлари. Аслияини Оллоҳ билур. У Олий ва Билгувчидир.

    Like

  8. Шерзод

    Нодир Мажиднинг фикрлари менимча тўғри. Эй одамзод дин фалсафа эмас, ахир инсон ҳамма ўқиган китоблари ҳақида фикр билдиравермайдику, агар фикр билдиргиларинг келса дунёда қанча кўп китоблар бор, ўшаларни ўқинглар, ўша китобларни айримларига фикр билдиришга ошиқинглар, динда эхтиёт бўлиш керак.

    Like

    1. Ҳар қандай китоб ҳақида фикр билдириш мумкин. Мусулмонлар христианлик ва буддизм ҳақида бемалол фикр билдирадилар-у, ўз динлари ҳақида фикр билдиришни фақат ўз уламоларигагина қўйиб беришади. Биологиядан тайинли бир нарсани билишмаса ҳам, биологларга ақл ўргатишади. Ўзлари ўз билмаган ишларига буринларини тиқишади-ю, ўзгалар шандай қилса, ҳазм қилиша олмайди. Бу икки томонлама стандарт нимани англатади? Шунчаки иммунитет, ёлғон-яшиқлари, хатоликлари очилиб қолмаслиги учун аввалдан қилинган страховка.

      Liked by 1 person

  9. Бир одам узи умуман тушунмаган фанни қуйидагича изохлаган:
    “Для меня задача по химии выглядет так: “Летят два верблюда,один рыжий,другой налево.Сколько весит килограмм асфальта,если ёжику 24 года?”
    Сиз ана шу одамга химия фанини тушунтириб бериш учун нима қилган булардингиз? Фақат шарт шу-ки,бу одам битта китоб ёки жавоб билан бутун химия фанини мукаммал тушунишни хохлаётганини эътибордан четда қолдирманг!

    Like

Izoh qoldirish