Заруриятдаги тасодиф

moses-modern-miracle-1280-800-2062Қадим тарих пайғамбару авлиёларга бой эди. Улар мўъжизаю кароматлар кўрсатар, кишилар ақлини лол қилиб, ўз ортидан эргаштирарди. Ҳа, у даврларда ғайритабиий ҳодисалар бисёр, улар асосида яратилган мифларнинг эса сон-саноғи йўқ эди. Нега бугун ўша мўъжизалар камроқ содир бўлмоқда? Бунинг сабаби субъективми ёки объектив? Мўъжизавий (ғайритабиий, инсон ақли изоҳлаб беришга ожиз) ҳодисалар ҳақида турли соҳалар (дин, фан ва санъат) ўзига хос ёндашувга эга. “Мўъжиза” тушунчаси кўп маъноли бўлгани боис, у ҳақда гап кетганда турлича фикрлар билдирилади. Чунончи, бу масалада табиатшунос олим билан ҳар нарсадан ҳайратланувчи шоир ўртасида якдиллик бўлиши эҳтимолдан анча йироқ. Шуни эътиборга олиб, мўъжизани икки муҳим белгига эга ҳодиса сифатида таҳлил қиламиз:

А) Ноодатийлик, фавқулоддалик. Умримиз бино бўлиб кўрмаганимиз, билмаганимиз ҳодисанинг рўй бериши. Фараз қилайлик, осмондан нон ёғса, қуёш ғарбдан бош кўтарса, тепамиздан қанотли от учиб ўтса, осмондан овоз келсаю келажакда юз беражак ҳар бир нарсани миридан-сиригача айтса ва улар ҳақиқатда рўй берса, уйқудан уйғонганимизда бўйимиз бир метрга чўзилиб қолган бўлса, бу каби ҳодисаларни мўъжиза деймиз. Агарда улар қайта-қайта такрорланса, мўъжизавийлик хусусиятини йўқотади. Жумладан, қуёшнинг мудом шарқдан чиқиши, тепамиздан бургут учиб ўтиши, кечагина ғунча бўлиб турган гул бир зумда очилиб қолиши, осмондан дўл ёғишига ўхшаш одатдаги бир нарсага айланади.

В) Сабабнинг номаълумлиги. Агарда сабаб маълум бўлса, ҳатто ноодатий ҳодиса ҳам мўъжиза дейилмайди. Ҳовлимизга осмондан тошга ўхшаш бир нарса тушиб, ҳамма ёқни вайрон қилиши, йил бўйи ёз бўладиган африканинг қайси бир чеккасида жойлашган қишлоғидан ташқари чиқмаган, дунё бехабар бир киши эрта тонг уйғонганда ҳамма ёқ оппоқ аллақандай нарса билан қопланганини кўриши мумкин. Гарчанд бундай ҳодисалар минг йиллар илгари яшаган аждодларимизга мўъжиза бўлиб кўринган эса-да, бугун мактабда етарлича таълим кўрган киши “тош”ни оддий метеорит, бемаврид ёққан қорни атмосферадаги муайян қонуният асосида рўй берган ҳодиса дейиши ҳеч гапмас. Шундан келиб чиқиб, мўъжизани маълум маънода субъектив ҳодиса деса ҳам бўлади. Саводлига ўз-ўзидан тушунарли ҳодиса, оми учун қиёмат аломати бўлиши мумкин.

Қуйида фалсафий таълимотлар тарихида мазкур мавзуга дахлдор нуқтаи назари билан ажралиб турувчи икки қарама-қарши оқим – субъектив ва объектив идеалистик фалсафанинг мўъжизага муносабатини кўриб чиқамиз. Улар юқоридаги саволларга берган жавоби билан ҳам диққатга сазовордир.

Ҳюм: мўъжиза заруриятнинг инкори сифатида

“Мўъжиза – табиат қонунларининг бузилишидир” (David Hume, An Enquiry Concerning Human Understanding, E.Steinberg eds. Indianapolis: Hackett, 1977, p. 76). Дэвид Ҳюм “мўъжиза” тушунчасига берган ушбу таъриф унинг айни мавзудаги қарашларига доир тадқиқотларда бот-бот иқтибос қилиб келтирилади. У мазкур таърифни қуйидагича аниқлаштиради: “(Мўъжиза) Худо иродаси ёки бирор ғайритабиий кучнинг аралашуви оқибатида табиат қонунининг бузилишидир” (ўша манба, 76-бет). Афтидан, файласуф мўъжиза тушунчасини диний талқинда изоҳлаган кўринади. Келинг, Ҳюмнинг бу таърифини таҳлил қилиб чиқайлик. Хўш, табиат қонуни нима ўзи? Мўъжиза тушунчаси диний маънода таърифланаётган экан, у ҳолда табиат қонуни ҳам айни таърифга мувофиқ англаниши лозим. Мўъжиза Яратувчи иродасининг маҳсули бўлса, табиат қонунлари ҳам қодир Худо иродасидан келиб чиқади. Демак, мўъжиза Худонинг ўз иродасини ўзи бузишидир. Ҳюм табиат қонунини Худо иродаси сифатида тушунишда бетараф мавқени эгаллаб, бу хусусда бирор қатъий хулоса чиқаришдан ўзини тияди. Бироқ у холис файласуф бўлса, табиат қонуни тушунчасининг мазмун ва манбаини очиб бериши керак. “Тажрибанинг қатъий ва ўзгармас хулосалари бу қонунларни исботлаган”, дейди у (ўша манба, ўша бет). Бу ерда Ҳюм “муштарак тажриба”, бошқача айтганда, “ўхшаш тажриба” (Uniform Experience) иборасини қўллайди. Яъни инсоният вужудга келгандан буён барча кишилар бошдан ўтказган, муайян бир ҳодиса тўғрисида бир хил хулосани берувчи муштарак тажриба ўзгармас табиий қонунлар ҳақидаги тасаввуримизни шакллантиради. Ҳюм фикрини қуйидагича талқин қилишимиз мумкин: биз, дейлик, А ҳодиса доимо В ҳодиса билан боғланиб келишини минглаб марта кузатганмиз. Бу каби такрорланиш бизда А келажакда ҳам В ни эргаштириб келаверади, деган ишончни пайдо қилади. Мана шу ишонч “табиий қонун” тушунчаси учун асос бўлади. А ва В ўртасидаги боғланиш Худо иродаси билан бўлмоқдами ёки йўқ ва қанчалик объектив, бу энди бошқа масала.

“Табиатда кузатилувчи одатий нарса ва ҳодиса мўъжиза бўлолмайди” (ўша манба, ўша бет). Ҳюмнинг бу хулосаси ҳам, унинг табиий қонун ҳақидаги фикрлари ва мўъжизага берган таърифидан келиб чиқсак, ўз-ўзидан тушунарли. У ҳолда муаммо нимада? Гап шундаки, бир томондан, файласуф мўъжиза юз беришининг ҳар қандай эҳтимолини инкор қилса, иккинчи томондан, тажриба хулосалари доим ҳам тўғри бўлавермаслигини таъкидлайди. У мўъжизага ишонч турли шахсларнинг ўзаро қарама-қарши гувоҳлигига (human testimony) таяниши ва “муштарак тажриба”га мос келмаслигини айтади (Ўша манба, 74-75-бетлар). Ҳюм яна таъкидлайдики, мўъжизалар маданий жиҳатдан қолоқ халқларда кўпроқ учраши, инсондаги ғайритабиий ва мисли кўрилмаган нарса ва ҳодисаларга қизиқувчанлик ҳамда мойиллик, бир-бирини инкор этувчи турли динлар ўз ақидаларини асослаш учун “мўъжиза”лардан фойдаланиши бу хусусдаги гувоҳликларни шубҳа остига олиш учун етарлича асос беради (ўша манба, 78-90-бетлар).

Бошқа томондан, Ҳюм тажриба хулосаларидан келиб чиқувчи умумий тушунчаларга ҳам шубҳа билан қарайди: “Гарчи тажриба моддий борлиқ ҳақидаги мулоҳазаларимиз учун ягона йўлбошчи бўлса-да, тан олиш керакки, бу йўлбошчи нафақат ишончсиз, балки баъзи ҳолларда бизни хатога етаклаши мумкин” (ўша манба, 73-бет). “Минглаб тажрибалардан сўнг ҳам отилган тошнинг пастга тушиши, оловнинг куйдиришига бўлган ишончимизни қониқарли тарзда асослай олмаймиз” (ўша манба, 112-бет).

Табиий қонунларга доир ишончимиз “муштарак тажриба”га асосланиши, бундай тажриба эса хатодан холи бўлмаслигини эътиборга олсак, мўъжизани буткул инкор этишга учун хизмат қилувчи таянчдан маҳрум бўламиз. Ўтмишдаги воқеалар тажрибасини келажак ҳодисаларга татбиқ этиш учун етарли асосга эга эмасмиз (Ҳюм индуктив методни танқид қилиш асносида буни далиллашга уринган). Бундай шароитда табиий қонунлар тўғрисидаги тасаввуримиз тўлиқ бўлмай қолгани боис муайян ҳодиса ҳақиқатан табиий қонунни бузган ёки бузмаганини билолмаймиз. Чунки айни дамда табиат қонунининг бузилиши бўлиб кўринган ҳодиса чала тасаввуримиз мукаммаллаша боргани сари, аслида унга мувофиқ бўлиб чиқиши мумкин.

Шу ерда Ҳюмнинг билиш назарияси унинг мўъжизани инкор этувчи фикрлари билан келишмай қолади. Мутафаккирни ноизчилликда айблашдек осон ишни бўйнимизга олмасдан, у айтган гапларни янада чуқурроқ таҳлил қилишга уриниб кўрайлик. Ҳюм табиий қонунлар деганда объектив, биз кашф қилган ва кашф қилмаган барча табиий қонунларни эмас, онгимиздаги субъектив, англанган қонунларни назарда тутган бўлиши ҳам мумкин. У ҳолда Ҳюм ноодатий ҳодиса ва диндаги мўъжизага нисбатан бир тушунчани қўллаши натижасида чалкашлик келиб чиққан бўлади. “Мўъжиза”га берилган таърифдаги “табиат қонуни” тушунчасини субъектив характердаги “муштарак тажриба” тушунчасига алмаштириб кўрайлик. Зеро, файласуф “табиат қонуни” тушунчаси муштарак тажрибадан келиб чиққанини таъкидлаган эди: мўъжиза – шу вақтгача кузатилмаган ва “муштарак тажриба”га қарама-қарши ҳодисадир. Бу ерда биз “табиат қонуни” тушунчасидан у ҳақдаги тасаввурни шакллантирувчи “муштарак тажриба”га ўтиб кетамиз. Бошқача айтганда, А → В ва В → С ни қисқартириб, яъни ўртадаги боғловчи ҳалқани олиб ташлаб, А → С ни ҳосил қиламиз:

 (А) Мўъжиза – (В) табиат қонунларининг бузилишидир.

 (В) Табиат қонунлари (С) тажрибанинг қатъий ва ўзгармас хулосаларидан (муштарак тажриба) келиб чиқади.

 (А) Мўъжиза (С) тажрибанинг қатъий ва ўзгармас хулосаларига қарама-қарши ҳодисадир.

(Албатта бу ўринда “муштарак тажриба” ва “табиат қонуни” тушунчалари ҳажман тенг бўлмаслиги оқибатида алмаштиришда мантиқий хатолик бўлиши мумкин. Бироқ фалсафий тушунчалар математик тушунчалар каби эмаски, улар орасида бир-бирига мутлақ тенгини топиб бўлса.) Бу билан таърифга қайсидир даражада аниқлик киритган бўлсак-да, барибир мўъжизани инкор қилиб бўлмайди. Диндорлар ва иримчилар даъво қиладиган мўъжизани инкор қилиш ва ақлимиздаги саросимани босишимиз учун қуйидаги ишончни ad hoc гипотеза сифатида қабул қилишимиз мумкин: борлиқда, биз уларни билишимиз ёки билмаслигимиздан қатъи назар, объектив қонунлар мавжуд. Бу қонунларни ҳеч нарса билан бузиб бўлмайди. Бизга уларнинг бузилиши бўлиб кўринган нарса, аслида, биздаги “муштарак тажриба”нинг нотўкислиги оқибатидир. Тинимсиз тажрибалар ўтказиш, ҳар бир детални ҳисобга олиш, шунда ҳам чиқарган хулосамизга буткул ишониб қолмасликка ундовчи Ҳюм фалсафасига шундай ишонч кўпроқ мувофиқ келади. Шу билан файласуфнинг мўъжизани инкор қилиши сабаблари ҳам оқланади. Биз табиат тўғрисида қанчалик кўп билимга эга бўлсак, ҳаётимизда мўъжизалар юз бериши ҳам шунча озаяди. Бинобарин, мўъжиза билимимиз кўламига боғлиқ экан, демак, у субъективдир. Мўъжиза “Худо иродаси ёки ғайритабиий кучнинг аралашуви” сабабли юз берадими ёки йўқми – буни ҳеч қачон била олмаймиз. Демак, хурофотчилар даъво қилаётган мўъжиза ҳақиқатан Худонинг иродасидан келиб чиқяптими ёки бизнинг айни ҳодиса табиатини тушунмаслигимизданми, бу масала ўша дамда бизнинг билиш имкониятимиз доирасидан ташқарида бўлади. Чунки табиий қонунларни Худо иродаси ва тақдири азал деб талқин қилсак, у ҳолда барча ҳодисалар Худо иродасидан, улардан баъзилари бизга маълум, бошқалари эса номаълум дейишимиз мумкин. Бунда мўъжиза ва мўъжизамас ҳодисалар ўртасидаги чегарани сабаби маълум ва номаълум ҳодисалар ўртасидаги чегара билан белгилашдан ўзга чорамиз қолмайди. Хуллас, “ғайритабиийлик”ларга ортиқча диққат қаратмай, ҳар бир ҳодисага индивидуал ёндaшишимиз, уларнинг сабабини чуқурроқ ўрганишимиз зарур. Ҳюм фалсафасининг сўнгги хулосаси ҳам, бизнингча, ана шу.

Окказионализм: сабабиятдан холи дунё

Юқорида субъектив-идеалистик фалсафанинг мўъжизага муносабатини Ҳюм таълимоти мисолида таҳлил қилдик. Энди айни ҳодисага объектив-идеалистик таълимот бўлмиш окказионализм қандай қараганига диққат қилайлик.

Окказионализм – руҳнинг тана ҳаракатларига фавқулодда таъсир этиши оқибатида танада амал қилувчи қонунларнинг (умуман олганда, табиий қонунларнинг) бузилишини таъкидловчи фалсафий таълимотдир. Шундан келиб чиқиб окказионализм объектив, ўзгармас табиий қонунларнинг мавжудлигини инкор қилади. Диний фалсафа қобиғида ривожланган бу таълимотнинг пировард мақсади “Борлиқдаги ҳар қандай ўзгаришнинг сабаби – Худодир”, деган тезисни ҳимоя қилиш эди.

IX-X асрларда ислом шарқида аристотелизм ва неоплатонизм ғояларининг тарқалиши ортидан исломнинг асоси – ақоидни уларнинг “салбий” таъсиридан ҳимоя қилишга бўлган ҳаракатлар бўй кўрсатди. Ана шундай ҳаракатлардан бири ашъарийлик эди. Абу-л-Ҳасан ал-Ашъарий (873-935) окказионализмнинг, дадил айтиш мумкинки, асосчиси бўлса, унинг ғояларининг энг йирик ҳимоячиси Абу Ҳомид Ғаззолийдир. Кейинчалик бу таълимот насроний Европада ҳам тарқалди. Бу мактабнинг мағрибдаги асосий намояндалари Аутрекортлик Никола, Рене Декарт ва Никола Мальбранш эди. (Фалсафага оид баъзи адабиётларда окказионализм XVII аср ғарбий европа фалсафаси, хусусан, картезианчиликка дахлдор нуқтаи назар сифатида кўрсатилади. Масалага бундай ёндашиш европоцентризмнинг навбатдаги кўриниши бўлиб, воқеликни холис акс эттирмайди.)

Арастунинг мусулмон издошлари асослашга уринган борлиқда ҳодисалар ўртасида сабаб-оқибат муносабати ўзгармаслиги, яъни ҳеч бир ҳодиса ақл ёрдамида тушунтирса бўладиган табиий сабабларсиз юз бермаслиги, мазкур сабаблар ортида ўзгармас қонуният пинҳон экани ҳақидаги қараш ислом илоҳиётчилари учун муаммоли эди. Агар барча ҳодисалар ўзгармас қонуниятга мувофиқ бўлса, у ҳолда табиатда илоҳий мўъжизаларнинг рўй беришини қандай тушунтириш мумкин? Бу тахлит детерминизм мўъжизани инкор этмайдими? Мазкур муаммодан қутулишнинг ягона йўли сабаб-оқибат ўртасидаги зарурий боғланишнинг мутлақлигини инкор этиш ва шу орқали ўзгармас қонуният ҳақидаги тасаввурни ҳам чиппакка чиқариш эди. Уларнинг сабаб-оқибат ва зарурият тушунчаларини танқид қилиши Ҳюм танқидига ўхшаб кетади (қаранг: Х. Йўлдошев. Дэвид Юм таълимоти ва замонавий фалсафа. “Тафаккур” журнали, 2011, 3-сон, 90-97-бетлар). Фарқи шундаки, улар зарурий боғланишни тушунча сифатида эмас, балки объектив ҳодиса сифатида таҳлил қилиб, уни Яратган иродаси дея тушунтиради. Жумладан, сабабий боғланиш моддий нарса ва ҳодисалар ўртасида эмас, Худо ва махлуқот ўртасида юз беради; бунда зарурият Унинг иродаси маҳсули ўлароқ пайдо бўлади; Худо ҳар бир ҳодисани алоҳида-алоҳида яратади. Бинобарин, улар бир-биридан эмас, аксинча, Ундан келиб чиқади. Бу эса унинг Холиқ сифатига мувофиқ келади, яъни У яратишда бардавомдир. Табиат қонуни эса Унинг иродасидир. Демак, У исталган маҳал мўъжиза содир эта олади. (Ҳюм фалсафаси мисолида бундай ғоялар қандай мантиқий хулосаларга етаклашини юқорида кўрдик.) Ашъарийчиларга фақат шу усул Худонинг табиатдаги ўзгаришларга фаол аралашуви ҳар нарсанинг асл сабаби эканини асослашда ёрдам бериши мумкин эди. Бундан исломий окказионалистларни арастучиларнинг “биринчи сабаб” ҳақидаги қарашларига қўшилмаган деб хулоса қилишимиз мумкин. Бизнингча, “биринчи сабаб” ғоясидан келиб чиқилса, Худо барча сабабларнинг биринчи сабаби, холос. Кейинги ўзгаришлар муайян қонуният асосида табиий сабаблар орқали рўй беради. Худо эса бунда иштирок этмайди. Бу каби мулоҳазалар ҳар бир ҳодиса Яратган иродаси билан бўлиши ҳақидаги ақидани инкор этишига ишонган ашъарийчилар унга муқобил ўз қарашларини таклиф этдилар. Мана шу тахлит окказионализм вужудга келди.
Окказионализм ва Ҳюм таълимоти бир қарашда жуда ўхшашдек кўринса-да, чуқурроқ текширилса, бундай эмаслиги маълум бўлади. Ҳюм фалсафаси дунёвий таълимот бўлиб, муайян ҳодисани тушунтиришда рационал ёки эмпирик мулоҳазаларга таянади. Башарти бунинг иложи бўлмаса, агностик мавқеда қолади. Окказионализм эса моҳиятан абсолютист таълимотдир. У барча нарсанинг муқаррар изоҳини Худо ғоясига боғлаб беради. Шарқда Ғаззолий ва Ғарбда Декарт каби файласуфлар окказионализм байроғи остида бир мавқени ҳимоя қилган бўлса эҳтимол, бироқ Ҳюм ҳам бу борада уларга маслакдош дейиш, бизнингча, ҳақиқатдан анча олис.

Безымянный

Advertisements

Izoh qoldirish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s