Фалсафадан нима наф?

Фалсафа – инсон ақлий фаолиятининг ўзига хос бир тури бўлиб, бундай фаолият орқали ақл ўзини ўзи тафтиш этади, ирода, туйғулар ва майллар ўртасидаги мураккаб ва кўпинча чалкаш, ҳатто зиддиятли муносабатлар устидан назорат қилишга интилади. Хусусан, англаш (познание) билан ишончнинг турли шакллари (дин, ахлоқ, фан, санъат ва ҳ.к.) нақадар ўзаро мувофиқ бўлиши, улар тўғри йўналишда такомиллашиб, ривожланиб бориши, таъбир жоиз бўлса, “фалсафий назорат” воситаси билангина мумкиндир. Бунда фалсафий категориялар назорат қуроли вазифасини бажарса, инсоннинг ўз олдига ўзи “нега?”, “нима мақсадда?”, “нимага керак?” каби “бош оғритувчи” саволларни қўйиб туриши, бундай саволларга ўз билим ва тажрибаси кўламида бўлса-да, бир сўз билан айтганда, “ўз билганича” (метафизик) жавоб излаши ана шу назоратни амалга ошириш усулидир. Албатта, бундай таҳлил саёз ёки чуқур бўлиши мумкин, инсонни тўғри жавоб сари етаклаши ёки, аксинча, принципал хато хулосалар томон йўналтириши ҳам мумкин. Худди мана шу ўринда фалсафанинг ижтимоий аҳамияти яққол кўзга ташланади.
“Нега?” каби саволларни қўйиш ўз навбатида “чиндан ҳам шундаймикан?” дея ташбиҳ ва унинг ортидан “асил ҳақиқат қандай экан?” деган қизиқувчанликни туғдиради. Шу маънода савол қўйиш (Шарқ фалсафасида масъала) ақлнинг назорат қилиш фаолиятини ҳаракатга келтирувчи кучли омил бўлади. Спекулятив мулоҳаза , у объектив ҳақиқатга муносабатидан қатъи назар, саволларни шакллантириш, ифодалаш ва ўзаро боғлашда муҳим роль ўйнаши билан ижобий хусусиятга эга.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, фалсафий тафаккур билиш, ишонч-эътиқод ва майлий интилишлар учун ўзига хос фон, таъбир жоиз бўлса, инсон ақл-идроки учун “асаб системаси”га ўхшаш вазифани бажаради. Фалсафа эса фалсафий тафаккурнинг кўп минг йиллар давомида шаклланган ва ривожланиб келаётган, тизимли, олий шакли бўлиб, фалсафий категориялар, фалсафий муаммолар ва спекулятив таҳлил унинг муҳим элементлари бўлса, ақлий фаолиятни мувофиқлаштириш, йўналтириш, керак бўлса, қизиқтириш яна ҳам муҳимроқ жиҳати – функциясини ташкил этади.
Хўш, фалсафа саволлар қўйиш билангина чекланиб, уларга умумэътироф этилган, шу маънода объектив ечимни бера олмаса, бу унинг шахс ва жамият учун наф келтириши мумкинлигини шубҳа остига қўймайдими? Йўқ, албатта! Фалсафанинг инсон ҳаётидаги ўрни ва функцияси хусусий саволларга хусусий жавоблар излашдан чуқурроқ, шу маънода юқорироқдир – у тафаккур фаолиятини тезлаштирувчи, инсон ўзини шунчаки жонзод эмас, балки инсон ҳис этишига кўмаклашувчи мисоли бир катализатор вазифаини бажаради. “Математика – ақл гимнастикаси” деган ибора кенг тарқалган. Бу тўғри, албатта, аммо ақлни математика билангина гимнастика қилдириш фақат пайларни чиниқтириш билан шуғуллангани каби бир томонлама бўлиб қолса керак. Инсон комиллик касб этиши учун у ўз вужудининг барча унсурларини чиниқтириши йўлида машқ қилиши лозим. Шу жиҳатдан ақл гимнастикасининг синалган воситси бу – фалсафадир. Шуниси ҳам борки, тош кўтариш билан шуғулланувчи атлет жисмонан соғлом бўлишга эриша оладию, аммо ижтимоий аҳамиятга молик ҳеч нима ҳосил қилмайди. Ақлнинг фалсафа билан шуғулланишдай “гимнастика”си эса, яна бир марта такрорлаш жоиз, тафаккурни чархлашидан ташқари, шахс, жамият ва башарият учун ғоят муҳим аҳамиятга эгадир.
Фалсафанинг ижтимоий аҳамиятига академик С. Шермуҳаммедовнинг “Фалсафа масалалари” журналида (Москва) босилган мақоласида ҳам урғу берилган: “Билиш, англаш, таълим ва тарбия инсоннинг дунёга бўлган ҳам назарий, ҳам амалий муносабатини шакллантириши керак экан, улар аввало, асос сифатида, фалсафий – этик принципларга асосланиши лозим.”

***
Биринчи навбатда фалсафанинг шахс учун нафи масаласи устида тўхталайлик. То инсоният тамаддун мавқеига эга бўлибдики, фалсафа инсоннинг шахс сифатида шаклланиши ва камол топишида беқиёс таъсирчан восита бўлиб келмоқда. Шу билан фалсафа шахсга наф келтиради. Бу борасидаги мулоҳазазаларимизни, аввало, “наф” деганда нима назарда тутилаётганини аниқлаштириб олишдан бошлаган мантақан ўринли бўлади.
Наф – инсонда қониқиш ва розилик ҳиссини пайдо қилувчи муайян хатти-ҳаракат ёки вазиятнинг маҳсули. Қониқиш ва розилик ҳиссининг нимага нисбатан йўналганига кўра, наф моддий ёки маънавий бўлиши мумкин. Шундан келиб чиқиб фалсафий тафаккур шахсга қандай моддий ва маънавий, бир сўз билан айтганда амалий наф етказишини кўриб чиқайлик.
Бугунги изчил ривожланаётган бозор иқтисодиёти ҳамда ақлни шоширадиган жадаллик билан кечаётган глобаллашув жараёнининг шахсга таъсири, босими нақадар кучли эканлиги ҳақиқатдир. Ҳар бир шахс жамиятда ўз ўрнини эгаллашга интилар экан, у ана шу таъсирга нисбатан қандай акс хатти-ҳаракатлар билан жавоб бериши шу шахснинг ўз тақдири учун ҳам, у мансуб жамоа учун ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Бунда шахснинг вояга етиш давомида эгаллаган билим, кўникма ва малакалар асосий ўрин тутади. Буни изоҳлаш мақсадида мисолларга мурожаат этайлик. Одамлар қабила бўлиб яшаган шароитда ўртача шахснинг билими ёки кўникмаси деярли аҳамиятга эга бўлмаган – қабила аъзоларидан бирининг вазифасини бошқаси бажариб кетаверган. Яқин ўтмишда эса “социализмда ишсизлик бўлмайди” деган шиорга асосланган тузумда ялқов билан жонкуяр деҳқон, дарсни латифа айтиб ўтказадиган ўқитувчи билан халқаро олимпиада ғолибини тарбиялаган муаллим маоши ўртасида фарқ катта бўлмаган. Бундай шароитда эса, табиий, билим ҳам, малака ҳам шахс тақдирида ҳал қилувчи роль ўйнамас, одамлар кўпроқ “нима қилиб бўлса ҳам камроқ ишлаб, кўпроқ топиш”га интилар эди. Мавжуд вазият шахсдан мустақил, фаол, ташаббускор бўлишни талаб қилмоқда. Хўш, бундай шароитда фалсафий билимларнинг кимга кераги бор? Фалсафанинг аҳамиятини пасайтиришга уринувчилар кўп ҳолда фалсафий билим ва фалсафий тафаккурни бир-бири билан қориштириб юбориб, хатога йўл қўядилар. Бу ўринда шуни таъкидлаб ўтишимиз лозимки, фалсафий билимларга эга бўлиш (фалсафа тарихи, мантиқ, онтологик ва эпистемологик таълимотлардан хабардор бўлиш) аслида фалсафий тафаккурни ривожлантириш йўлидаги восита холос. Фалсафани танқид қилувчилар, дейлик, “Аристотелни ўқиш биз учун нима ҳам наф келтира оларди?!” дейишар экан, бу билан аслида мақсадни эмас, балки воситани рад қилган бўладилар. Бу каби танқидлар, киноя тарзида айтиладими, ёки илмий баҳс тарзидами, фалсафанинг тафаккурни ривожлантиришдаги аҳамиятини инкор қила олмайди, албатта. Шу муносабат билан йирик инглиз мантиқшуноси ва файласуфи Бертран Расселнинг сўзларига эътибор берайлик: “Фалсафа муайян саволларга аниқ жавоб олиш учун ўрганилмайди. Негаки, одатда, бундай саволларга ишончли деб ҳисоблаш мумкин бўлган аниқ жавобни умуман бериб бўлмайди. Фалсафа аслида савол қўйишни ўрганиш учун ўрганилиши лозим. Чунки саволлар нима эҳтимол ҳақиқат бўлиши тўғрисидаги тушунчамизни кенгайтиради, интеллектуал тасаввуримизни бойитади ва тафаккурга тўсиқлик қилувчи чекланиш, ўзига бўлган мутаассибона ишончни камайтиради.”
Фалсафа мутахассиси меҳнат бозорида ўзининг билимини эмас, балки айни билимлар воситасида шакллантирилган малака ва кўникмаларини таклиф қилади. Албатта, кўникма ва малака бошқа соҳа мутахассислиги учун ҳам ғоят зарур, лекин унинг учун билимнинг ўрни ҳам катта бўлади.
Келинг, фалсафа мутахассисининг кўникма ва малакаси нималардан таркиб топишига бир назар ташлайлик:
– соҳалараро муносабатларда юзага келувчи масалаларнинг таг моҳиятини илғай олиш ва уларни муайян тарзда баён қилиб бериш;
– мураккаб ва зиддиятли ижтимоий муаммоларни мувофиқ тарзда ифодалаб, таҳлил қила олиш;
– ҳодисаларнинг тарихий ва замонавий ривожланиш тамойилларини яхшироқ илғай олиш, улардан келиб чиқувчи фикр-мулоҳазаларни талқин қила олиш;
– фалсафий термин ва категорияларни эркин ва танқидий йўсинда қўллай олиш;
– мантиқий зиддиятларни аниқлай билиш, соғлом аргументларни топиб, уларни мушоҳадага жалб эта олиш;
– методологик хатоларни, эътиқоддан келиб чиқадиган ғоя ва хатти-ҳаракатлардаги баъзан ноошкор, баъзан атайин яширилган иддаоларни, тафаккурдаги чалкашликлар, объектитв ҳақиқатдан четлашишларни аниқлай олиш;
– баҳсли масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини имкон қадар лўнда ва аниқ билдириш, айниқса, ёзма баён қилиш;
– фалсафий муаммолар, ижтимоий масалалар ва улар бўйича таклиф этилган нуқтаи-назарларни ва ечимларни солиштира олиш, кучли ва заиф томонларини, фойдали ва зарарли жиҳатларини илғай олиш;
– мустақил фикрлай олиш, ижтимоий нуқтаи назардан ижобий натижага йўналтирилган холис танқид малакаси.
Алоҳида таъкидлаш лозимки, файласуф малакасидаги сўнгги хусусият аввало унинг ўзига, фикрлаш тарзига ҳам тааллуқлидир. Фалсафа тарихида сезиларли из қолдирган файласуфларнинг аксари биринчи навбатда ўз фикрлаши, таълимоти, феъл-атворини танқид ва таҳлил қилиш, шу асосда тадриж йўли билан комилликка интилиш орқали ўзлари яшаган даврда замондошларининг ҳурмат-эътиборини топган. Бу айниқса Шарқ файласуфлари ҳаёти ва таълимотларида яққол кўзга ташланади.
Бугунги кунда ҳам юқорида санаб ўтилган кўникма ва малакани эгаллаган кадрлар қайси соҳада ишламасин, иш берувчилар томонидан қадрланишига шубҳа қилмаса бўлади.
Фалсафа билан шуғулланиш орқали вужудга келувчи бундай хусусиятлар шахснинг рақобатбардош кадр бўла олиши учун зарурдир. Бундай кўникмаларсиз замонавий лидерлар, менежерлар ва сиёсий етакчиларни тарбиялаб бўлмайди. Қолаверса, бу каби сифатлар иқтисодий ривожланган мамлакатларда иш берувчилар томонидан юқори баҳоланади. Бугунги кунда айни хусусиятлар аҳамияти ортиб бораётганини ҳисобга олсак, фалсафани ўқиш ва ўқитиш шахс учун амалий жиҳатдан қандай наф келтириши маълум бўлиб қолади.
Энди “Фалсафа жамият учун нима наф келтиради?” деган саволга ўтайлик. Бу сафар ҳам жамиятнинг бирламчи манфаати нимада эканлигига тўхталиб ўтиш жоиз.
Жамият онгли, муайян мақсадлар сари интилувчи, биргаликда ҳаракат қилиши шахслар мажмуасидир . Жамият мавжудлигининг бирламчи шарти уни ташкил этувчилар ўртасидаги мувофиқлик, аниқ мезонлар асосидаги бир бутунликдир. Акс ҳолда у тартибсиз тўдага айланади ёки ички зиддиятлар таъсирида парчаланиб, ҳатто қарама-қарши манфаатли тарафларга бўлиниб кетади. Демак, жамиятнинг бирлигини таъминловчи ҳар қандай ғоя, мақсад унинг манфаатини юзага чиқаради.
Қабила, маҳалла каби қадимдан мавжуд анъанавий, нисбатан кичик гуруҳлардан иборат жамиятлар учун манфаат нисбатан жўн ифодага эга бўлади. Ҳозирги замон тамаддунига хос бўлган жамиятларда эса ижтимоий манфаатни англаш аъзоларнинг онглилик даражаси қай даражада бўлиши билан боғлиқдир. Бу даража қанча юқори бўлса, жамият манфаати ҳам шу қадар кучли бўлиб, жамият бирлигини таъминлаш омили вазифасини бажара олади.
Ижтимоий онгнинг юксаклигида эса ҳамма замонларда ҳам фалсафа, фалсафий қарашлар, фалсафий тафаккур ниҳоятда муҳим ўрин тутган. Бу Ғарб тамаддуни тарихида ҳам, Хитой, Ҳиндистон, Марказий Осиёнинг буюк тамаддунлари мисолида ҳам яққол кўринади.
Яъни, жамиятга энг кўп наф келтирувчи, унинг асил манфаатларига хизмат қила олувчи муҳим омиллардан бири бу – фалсафадир. Бу тезис айниқса жамиятнинг бирламчи манфаатини хавф остига қўювчи жангарилик, ирқчилик, мутаассиблик, хурофий қарашларнинг кенг тарқалиши, маҳаллийчилик, ақидапарастлик, миллатчилик, диний бетоқатлик каби ғоя ва оқимлар каби иллатларга қарши курашда ҳеч бир ижтимоий онг соҳаси фалсафачалик самарали таъсирга эга бўлолмайди. Албатта, адабиёт, санъат ҳам шундай таъсир кучига эга. Аммо барибир бу соҳалар, айтайлик, телефильм ўзида муайян фалсафий ғояни ифодаламас экан, унинг мазмуни ва мақсадига кўра кўнгилочар воситадан нарига ўтмайди. Шунингдек, инсоният тарихида улкан таъсир кучига эга эга бўлган адабиёт намуналарини яхши биламиз. Лекин бу ҳолда ҳам бадиий асарга ўзига хос фалсафий ғоя сингдирилган бўладики, , натижада у ана шундай таъсир қувватини касб этади. Дейлик, Навоийнинг достонлари, Жалолиддин Румийнинг “Маснавий”си, Гётенинг “Фауст”идан уларинг замиридаги фалсафани ажратиб бўлмайди ва шунинг учун ҳам улар абадий ўлмайдиган асар даражасига кўтарилган.
Жамиятга таъсири яққол бўлган яна бир ижтимоий онг соҳаси бу – фан. Аммо фаннинг таъсирини жамиятнинг бирламчи манфаатларига мувофиқ йўналишида бўлади, дейиш қийин. Фан ютуқлари кўпроқ умумбашарий аҳамиятга молик бўлади. Албатта, филология, тарих, этнография каби миллий ўзликни англаш билан боғлиқ фан соҳалари бундан мустасно. Шу билан бирга худди шу соҳаларда фалсафа алоҳида ўринга эга бўлгани учун улар ижтимоий аҳамият касб этади. Бунда мазкур фанларнинг фалсафа билан алоқаси тарих фалсафаси, герменевтика, миллий қадриятларни ўрганиш каби фан тармоқлари ва мавзулари билан белгиланади.
Табиий ва техник фанларга келсак, улар жамият учун зарур, бироқ жамият олдида кўндаланг бўладиган кўплаб муаммоларни ҳал қилишга ожиз. Мисол тариқасида бугунги глобаллашув жараёини олайлик. Бу жараённинг юзага келиши ва жадал суръатлар билан чуқурлашиб бораётганида фаннинг роли беқиёс, аммо бунда сиртга чиқадиган сиёсий, ижтимоий ва ахлоқий оқибатлар хусусида ҳоўиргача бирон-бир аниқ тавсия таклиф этилгани маълум эмас.
Аслида фан ҳар қандай муаммони ҳал эта олиш даъвосини қилмайди. Аксинча, термоядро энергияси берувчи қурилма, ирсиятга таъсир этиб, ҳосилдорликни кескин оширувчи усул, иқлимни бошқаришга имкон ихтиро каби муаммоларни бир кунма-бир кун келиб ҳал эта олар, аммо воситаларни амалда қўллаш керакми ёки йўқми, деган саволга улар жавоб бермайди. Тиббиёт фан соҳаси сифатида тузалишдан умид йўқ беморни азобдан қутултириш воситаларини таклиф қилиши мумкин, аммо ана шундай воситани амалда қўллаш жоизлиги тўғрисидаги тортишувларда “Буёғи бизнинг ишимиз эмас”, дея ўзини четга тортади. Олимлар бу каби саволларга жавоб берган тақдирда ҳам фан одами сифатида эмас, оддий фуқаро сифатида ўз фикрини ўртага ташлайди, холос.
Жамиятнинг бирламчи манфаати одатда унинг мақсадига боғлиқ бўлади, яъни, мазмун-моҳиятига кўра субъективдир. Фан соҳалари эса объектив ҳақиқатни излашга қаратилгани учун, жамиятнинг бирламчи манфаатлари фан учун тадқиқот объекти бўла олмайди. Масалан, иқтисодиёт мавжуд иқтисодий муносабатларни ўрганиши мумкин, иқтисодий қонунларни очиб, муайян прогнозлар қилиши, тавсиялар бериши мумкин, аммо ҳали мавжуд бўлмаган, келажакдаги иқтисодий муносабатларни тадқиқ қила олмайди. Шу сингари, сиёсатшунослик ҳам мавжуд сиёсий муносабатларни тадқиқ этади.
Хуллас, фан бизга ўрганиш предмети оид “қандай?” деган саволга жавоб излайди (назарийлик), аммо “мақсадга мувофиқми?” деган саволни ўз олдига қўймайди.
Шу ўринда биз жамият ҳаёти учун ўта муҳим яна бир соҳа – ахлоқ билан тўқнашамиз. Юқорида баҳс юритилган савол ва муаммолар айнан шу соҳага оид бўлгани учун ҳам фан доирасидан четга чиқади. Улар билан этика (ахлоқшунослик) шуғулланади. Аммо этика – фалсафанинг бўлими. Шубҳасиз, ахлоқий масалалар ижтимоий онгнинг бошқа бир муҳим соҳаси бўлмиш дин томонидан ечимини топади. Тарихда жамиятнинг бирламчи манфаатлари билан боғлиқ саволларга диний илм муваффақият билан жавоб берган даврлар оз эмас. Лекин айни пайтда диний масалалар юзасидан тортишувлар жамиятни парчаланишига олиб келган мисоллар ундан кўпроқ. Хусусан, ислом дини тарихидаги энг катта бўлиниш пайғамбаримиз вафотидан ҳеч қанча ўтмай юз берган.
Яқин тарихга мурожаат этсак, Ўзбекистон мустақилликка эришиб, мамлакат тарихида ривожланишнинг ғоят масъулиятли, шу билан бирга шу қадар шарафли босқичига кирган дастлабки пайтда динимиз пешволарининг талай қисми жамиятнинг бирламчи манфаатини илғаб ололмади, бир қисми эса билибми ё билмай ана шу манфаатларга зид иш тутдилар.
Бугунги жамиятларда ҳам ахлоқий масалаларда диннинг ўрни ва таъсири катта, аммо у барибир фалсафанинг функциясини ўз зиммасига ололмайди, чунки бугунги жамиятларнинг аксари кўпконфессионал ва секуляр табиатга эга.
Фалсафа ижтимоий онг соҳаси сифатида пайдо бўлганига салкам уч минг бўлаётганига қарамай, у ҳозиргача ижтимоий низолар келтириб чиқармаган. Алоҳида эътиборга молик ҳолат: қайси мавзуни олмайлик, иккита файласуфнинг фикри тўлиқ бир хил чиқиши эҳтимолдан йироқ, шу сабабли ҳам фалсафа бир-биридан фарқ қилувчи, кўпинча ҳатто бир-бирини танқид қилувчи таълимотлар йиғиндисидан иборат, аммо шунга қарамай фалсафа ҳар доим жамиятда бирлаштирувчилик функциясини бажарган. Бошқача қилиб айтганда, у ижтимоий манфаатларга путур етказувчи ҳодисалар билан самарали кураш воситасидир. Худди мана шу хусусият фалсафанинг жамият учун энг катта нафидир.
Фалсафа бу вазифани турли йўллар билан амалга оширади. Улар ичида энг муҳими – фалсафа таълимидир.
Биринчидан, фалсафа билан шуғулланиш давомида бизда ўзига хос фалсафий танқид кўникмаси шаклланади. Фалсафий танқид эса ёшлар томонидан ғоя, қараш ёки ёндашувларни кўр-кўрона қабул қилмасликни ҳам, худди шу йўсинда инкор қилмасликни ҳам ўргатади. Муҳими, бу борада асоссиз тарзда шубҳаланишни эмас, балки мантиқ чиғириғидан ўтказиб таҳлил қилиш, ҳатто авторитетларнинг фикрларига ҳам ижодий ёндашиш кўникмасини тарбиялайди. Бу хулоса Аристотелнинг “Платон менинг дўстим, аммо мен учун ҳақиқат юқорироқ” деган машҳур жумласида ўз ифодасини топган, ҳолбуки Платон Аристотел учун шубҳасиз авторитет бўлган. Умуман, фалсафа тарихи бир авлод олдинги авлоднинг фалсафий қарашларини, бир оқим иккинчи оқимнинг фалсафий системасини тафтиш ва танқид қилишдан иборат дейилса, кўп ҳам хато бўлмайди.
Шундай қилиб, фалсафий танқиднинг ягона мақсади бу ҳақиқатни излаш ва уни топиш имкониятини кенгайтиришдир. Фалсафий муаммолар, уларнинг қўйилиши ва тарихи билан мисол учун, Кант фалсафаси билан танишар эканмиз, бизда айни турдаги муаммолар ва улардан келиб чиқувчи оқибатларни тушуниш ва тушунтириб бера олиш малакаси шаклланади. Бу эса ўз навбатида фалсафий тафаккур ва танқиднинг шаклланиши учун пойдевор бўлади. Натижада биз муаммонинг ўз шахсий ёки гуруҳий манфаатларимизга мос келувчи жиҳатларидан юқорироқ кўтарилиб, уни соф ҳолда, объектив равишда ўрганишга одатлана бошлаймиз.
Фалсафа билан мунтазам шуғулланиш шакллантирадиган бундай кўникма, уни ҳеч иккиланмай фазилат ҳисоблаш мумкин, мустақил фикрлайдиган, турли мафкуравий тажовузлардан ишончли тарзда ҳимояланган шахсни, юксак маънодаги фуқарони тарбиялашда бемисл аҳамиятга эгадир. Бундай фазилат бизни моддий жиҳатдан тўғридан-тўғри бой қилмаса-да, маънавий бойитиши – тафаккур соҳиби этади. Унда ўз атрофида юз бераётган ҳодисаларга нисбатан масъулият туйғуси кучаяди. Тафаккури юксак шахслардан таркиб топган жамиятда турли “изм”ларнинг суқилиб кириши қийинлашади, жамият манфаатларига ёт ақидалар ва хурофий одатлар тарқала олмайди, четдане келган миссионерлар ҳам мақсадига эришмай қуруқ қайтиб кетишга мажбур бўлади. Америкалик файласуф У.Жеймс сўзлари билан айтганда “фалсафий тафаккур бизни догматик мудроқликдан уйғотади” .
Иккинчидан, фалсафа билан шуғулланиш ўзгача қарашларга нисбатан тоқатли муносабатда бўлиш – бағрикенглик (толерантлик)ни шакллантиради. Ғоявий келишмовчиликлар сабабли рўй берувчи зўравонликлар, қуролли тўқнашувлар, экстремистик кайфият ва хатти-ҳаракатлар ўрнини очиқ, ўзаро ҳурмат асосига қурилган, маданий мунозара-мубоҳасалар эгаллашига ёрдам беради.
Фалсафий тафаккур ва толерантлик ўртасида қандай боғлиқлик бор? Толерантлик бу – субъект томонидан қабул қилинмаган, унинг ишонч-эътиқодига мувофиқ бўлмаган дин, дунёқараш, ғоя, миллий қадрият, турмуш тарзига йўл берадиган ижтимоий муносабатни характерловчи тушунчадир. Бу тушунчанинг асосида “мен” билан бир қаторда “у” ҳам яшашга ҳақлидир, деган эътиқод ётади. Толерантлик догматизмнинг пассив кўриниши, яъни муайян фикрни ҳимоя этган олган ҳолда, ўзга ғояларга қаршилик кўрсатмаслик билан чиқишади, аммо унинг фаол шаклини – ўз фикрига ёпишиб олиш билан бирга бошқача фикрларга нисбатан тоқатсиз, радикал муносабатда бўлишни, хусусан, экстремизмни бутунлай инкор қилади. Фалсафа ўзининг танқид функцияси орқали пассив догматизмни муқобиллаштиради, толерантликни кучайтириш билан эса фаол догматизмга қарши фаол курашади.
Биз фалсафа оламига кириб борар эканмиз, шу пайтгача оддий бўлиб кўринган ҳодисалар табиати қанчалар мураккаб эканини ҳис эта бошлаймиз. Фалсафий таълим тафаккуримиздаги заиф томонларни кзришга ўргатади, маълум маънода “кўзимизни очади”. Бу эса бизда ўзгалар фикрига қулоқ тутиш, ечими шубҳасиз бўлиб туюлган масалалар устида чуқурроқ ўйлаб кўриш одатини шакллантира бошлайди. “Ўзга”га ҳурмат, ундан ўрганиш ва ўзаро ҳамкорликнинг самарасига бўлган ишончимизни мустаҳкамлайди. Мана шу жиҳати билан фалсафа толерантликнинг назарий пойдеворидир. Биз жамиятимизда миллатлараро тотувлик, ижтимоий ҳамкорлик ва динлараро бағрикенглик ғоясини кишилар онгига чуқур сингдиришни мақсад қилган эканмиз, бу мақсадимиз йўлида хизмат қилувчи энг самарали восита фалсафани ўрганиш ва ўргатишдир.
Учинчидан, фалсафа жамиятни ахлоқий-маънавий жиҳатдан юксалтиради. У ижтимоий онгнинг турли шакллари – сиёсат, санъат, фан, дин ўртасида ўзаро мувофиқлаштирувчи функциясини ўтайди, бир қарашда ўзаро зид туюлган, аммо чуқурроқ мушоҳада ва таҳлил этилганда зиддиятлар юзаки ва сунъий эканини кўрсатиш билан фалсафий тафаккур шахс хатти-ҳаракатида, умуман ҳаётида кучли таъсирга эга омилга айланади.
Шахс дунёқарашини шакллантирувчи турли соҳалар (масалан, дин ва фан) ўртасидаги зиддиятларни таҳлил этиш ва уларни ўзаро мувофиқлаштириш функцияси фалсафий фикрни онг фаолиятининг яхлит намоён бўлиши ва сўнгги маҳсули сифатида тушунишимизга имкон беради.
Фалсафа жамият ҳаётига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатмайди. У аксар ҳолларда ўзга соҳалар орқали бу ишни амалга оширади. Бунда турли сиёсий, иқтисодий назариялар, адабиёт ва санъат асарлари оралиқ боғловчи ролини ўтайди. Шунинг учун ҳам баъзилар фалсафанинг жамият ҳаётидаги ўрнини етарлича пайқай ва баҳолай олмайдилар ва “фалсафа ўзи керакми?” мазмунидаги саволни қўядилар. Савол истеҳзоли, кинояли бўлишига қарамай, қатъий жавоб бериш керак: жисмонан саломатлигингиз учун жисмоний тарбия нақадар фойдали бўлса, тафаккурингиз саломатлиги учун фалсафани ўрганиш, фалсафий тафаккур кўникмасини ҳосил қилишингиз шу қадар наф келтиради.

1-илова
БМТ Бош Конференциянинг “Жаҳон фалсафа куни”ни нишонлаш тўғрисидаги 33-сессиясида (2005 йил, 19 октябрь) қабул қилинган резолюцияси

Бош Конференция,
Ижроия Кенгашининг “Жаҳон фалсафа куни”ни нишонлаш тўғрисидаги 33 C/45 ҳужжати ва қарорини кўриб чиқиб,
Бош Директор томонидан “Жаҳон фалсафа куни”ни нишонлаш тўғрисида тақдим қилинган тадқиқот-таҳлил натижаларини маъқуллаб,
фалсафанинг мустақил ва танқидий тафаккурга рағбат берувчи соҳа эканлиги ва дунёни янада яхшироқ англашга хизмат қила олиши, шунингдек, тинчлик ва толерантликни тарғиб қилишини эсда тутиб,
“Жаҳон фалсафа куни”нинг нишонланиши ЮНЕСКОнинг 2006-2007 йиллар бюджети учун ҳеч қандай қўшимча молиявий оқибатларга эга бўлмаслигини таъкидлаб,
ЮНЕСКОда ўтказиб келинган Фалсафа кунларининг “Жаҳон фалсафа куни” сифатида белгиланиши фалсафанинг аҳамиятини эътироф этиш, хусусан, дунё бўйлаб фалсафани ўқитиш муҳимлиги тан олинишига рағбат беришига амин бўлган ҳолда,
1. Ҳар йили, ноябръ ойининг учинчи пайшанбасини “Жаҳон фалсафа куни” деб эълон қилади.
2. ЮНЕСКОга аъзо давлатларни ЮНЕСКО бўйича миллий комиссиялар, нодавлат ташкилотлари ва тегишли жамоат ва хусусий институтлар (мактаблар, университетлар, институтлар, маъмурий вилоятлар, шаҳарлар, жамоалар, фалсафа ассоциациялари, маданий ассоциациялар ва шу кабилар) билан биргаликда маҳаллий, миллий ва минтақавий миқёсда мазкур кунни нишонлаш ва уни давомли тарзда амалга оширишда фаол иштирок этишга ундайди.
3. Бош Директорни айни масалада бўладиган миллий, минтақавий ва халқаро даражадаги барча ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга даъват қилади.
4- Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясидан мазкур тадбирни ўтказишда иштирок этиш ва барча аъзо давлатларни айни йўсинда ҳаракат қилишларини рағбатлантиришни сўрайди.

2-илова

(ЮНЕСКО Ижроия Кенгашининг 171-сессиясида қабул қилинган “Фалсафа бўйича секторлараро стратегияси” номли ҳужжатдан)

ЮНЕСКО фаолиятида фалсафанинг аҳамияти шубҳасиздир. Чунки фалсафий таҳлил ва мулоҳаза юритиш Ташкилотнинг асос миссияси бўлмиш тинчликни барпо этиш ва уни сақлаш билан инкор қилиб бўлмас тарзда боғлангандир. Ташкилот Низомида тинчлик “инсониятнинг интеллектуал ва ахлоқий ҳамжихатлиги”га асосланиши керак деган хулоса таъкидланган. Эркинлик ва инсон қадр-қиммати, адолат каби муҳим тушунчаларни тушуниш ва таҳлил қилишнинг интеллектуал воситаларини ривожлантириш, мустақил фикрлаш ва қарор қабул қила олиш малакасини вужудга келтириш, дунё ва у юз тутаётган муаммоларни англаш, уларга доир мулоҳазалар тўғрисида саволлар қўя олиш кўникмасини ривожлантириш, шунингдек, қадриятлар ва тамойиллар устида фикрлашни кучайтириш билан фалсафа “эркинлик мактаби”га айланади.
….ЮНЕСКО фалсафани кенг маънода – ҳар бир шахсда мустақил фикрлаш кўникмасини пайдо қилувчи, инсон ҳаёти ва борлиғи билан боғлиқ универсал муаммолар билан шуғулланувчи соҳа сифатида тушунади. Фалсафа инсон билишининг асосида ётади. Унинг қамрови ЮНЕСКО шуғулланувчи соҳаларни қамраб олиш даражасида кенг. Барча учун таълимни жорий қилиш, маданий турфа хиллик, фан этикаси, инсон ҳуқуқлари, билимга асосланган жамият, демократия, маданиятлар ва цивилизациялараро мулоқот каби Ташкилот шуғулланувчи йирик масалалар мустаҳкам фалсафий асос, таҳлилий ва концептуал синчковликни тақозо этади. ЮНЕСКО дастурларида ифодаланган норма, стандарт ва тушунчаларнинг танқидий таҳлили Ташкилот фаолиятининг давр талабларига мувофиқ ва маҳсулдор бўлиши учун зарурдир. …..

Advertisements

Izoh qoldirish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s