АХЛОҚИЙЛИК МЕҲВАРИ

Жамиятнинг ахлоқий-маънавий ҳолати унинг диндорлик даражасига боғлиқми? Кишиларнинг диний ақидаларга эътиқод қилиши улар хулқ-атворига қанчалик ижобий таъсир ўтказади? Асрлар мобайнида дин ва ахлоққа бир бутунлик ўлароқ қаралган; содир этилган гуноҳ учун жазо муқаррарлигига бўлган ишонч инсонларни ёмонликдан қайтариши бот-бот таъкидланган. Ҳатто баъзи ашаддий атеистлар ҳам динни жамият ахлоқини назорат қилувчи институт сифатида тан олган. Мустақиллик мамлакатимизда исломий ахлоқ ва қадриятларнинг қайта тикланиши ва ривож топишига йўл очди. Диний нашрларнинг кўпайиши, жума намозлари ва эҳсону маъракалардаги амримаъруфлар таъсирида халқимизнинг савобу гуноҳ тўғрисидаги тасаввурлари бирмунча шаклланиб улгурди. Аксар ўзбеклар диний ақидаларни инкор қилмайди, уларга ишонади. Оддий аҳоли орасидан Худонинг борлиги, нариги дунё ва тақдири азални инкор этувчиларни топиш осон эмас. Бироқ динга ва диний қадриятларга муносабат жамиятимизнинг ахлоқий-маънавий қиёфасини қанчалик яхшилади? Аввалгига нисбатан юксакроқ ахлоқ ва маънавият эгасига айландикми? Бизнингча, аҳвол, таассуфки, айтарли даражада қониқарли эмас. Бошига иш тушган киши дуч келганда вазиятдан фойдаланиб қолиб, имкон қадар кўпроқ ҳақ ундириб олиш илинжида ўзини ҳар кўйга солаётган киракашдан тортиб тиббиёт ходимигача, мактаб муаллимидан тортиб университет ректоригача учратганимизда, баъзи имом домлаларнинг бармоқлари орасига “кўки”ни қистириб олиб, “топганингга барака берсин”, деб дуога қўл очаётганининг шоҳиди бўлганимизда (диний таълим муассасидаги таниш-билишчилик ва ҳатто тамагирлик ҳолатига шахсан гувоҳ бўлганман) нима учун диний эътиқод уларни бу йўлдан қайтара олмас экан, деб ўйга толади киши. Дин ўзгалар ҳақига хиёнат қилишни қоралайди, албатта. Бироқ нега ижобий ўзгариш кузатилмаяпти?
Бизнингча, диндорлик ва ахлоқийлик даражалари ўртасида тўғри пропорционал муносабат мавжуд эмас. Бу фикрни асослаш учун масалани кенгроқ миқёсда кўриб чиқамиз. Аввало баъзи тушунчаларга аниқлик киритиб олсак.
Диндорлик – кишининг ўз қилмишларини кузатиб турган, ҳар нарсадан бохабар Яратувчининг борлиги ҳамда яхши-ёмон амаллар учун мукофот ва жазо муқаррар эканига эътиқод қилишидир. Бунда ахлоқий меъёрлар ақида сифатида қабул қилиниб, уларнинг мантиқийлиги ва шароитга мослиги масаласи эътибордан соқит этилади.
Ахлоқийлик – кишилар ўртасидаги ўзаро муносабатда бутун жамият тўғри деб қабул қилган хулқ-атвор меъёрларига оғишмай амал қилинишидир. Ҳеч бир жамиятда ёлғончилик, порахўрлик, ўғрилик каби иллатлар ахлоқан жоиз деб ҳисобланмайди ва бундай бўлиши мантиқан олганда ҳам имконсиздир. Масалан, ёлғончилик ахлоқан тўғри амал сифатида бутун жамият томонидан маъқулланмайди. Зеро, одамлар бир вақтнинг ўзида бир-бирини алдаши ва айни дамда алданаётганини билатуриб бирор ишга киришиши инсон табиатга мос эмас. Бинобарин, кишилар истасалар-да, бу каби амални ахлоқий меъёрга айлантира олмайди. Демак, барча жамиятларда дини ва тилидан қатъи назар, ақл ёрдамида тушунтириб берса бўладиган умумий, муштарак ахлоқий меъёрлар мавжуд.
Бу ўринда биз ахлоқий меъёрлар илоҳий кўрсатмалардан келиб чиқадими (масалан, Худо тақиқлагани учун ўғрилик гуноҳми ёки бу иш жамиятга зарар бергани сабабли Худо уни тақиқлаганми?) ёки жамоа фойдасини кўзлаб қачонлардир ишлаб чиқилган қоидалар инсоният тараққиёти мобайнида секин-аста диний қонунлар тусини олганми деган фалсафий-тарихий муаммони эмас, умуман бугун дин ахлоқ назоратчиси вазифасини қанчалик ўтамоқда деган савол атрофида мулоҳаза юритамиз. Биз қуйидаги фикрларни инкор этамиз:
– Диндан ташқарида ахлоқ бўлиши мумкин эмас.
– Дунёвийлик маънавий ва ахлоқий бузуқликларнинг бош сабабидир.

****

Аввало бугунги кунда қайси мамлакат аҳолиси кўпроқ диндор ва яна қайсилари динга нисбатан бефарқ эканини аниқлаштириб олсак.
Гарчи бу борада қилинаётган социологик тадқиқотлар хулосалари нисбий бўлса-да, вазиятни етарлича тасаввур қила олишимизга имкон беради. Бунда глобал миқёсда омма фикрини ўрганиш салоҳиятига эга тўрт тадқиқот маркази – Gallup (АҚШ), Ipsos MORI (Британия), Pew Research Center (АҚШ) ҳамда Европа Комиссиясининг махсус сектори томонидан ўтказиладиган Евробарометр тадқиқотлари хулосаларидан фойдаланамиз.
Gallupнинг 2009 йили 114 мамлакатда ўтказган сўрови натижаларига кўра, “Дин сизнинг кундалик ҳаётингизда муҳим ўрин тутадими?” деган саволга аксар мусулмон давлатлари вакилларининг 90 фоиздан ортиғи “ҳа” деб жавоб берган бўлса, Европа давлатларида бу кўрсаткич ўртача 25 фоизни ташкил қилган. (Бангладеш – 99% +; Нигер – 99% +; Яман – 99% ; Индонезия – 99%; Малави – 99%; Шри Ланка – 99%; Буюк Британия – 27%; Гонгконг – 24%; Япония – 24%; Дания – 19%; Швеция – 17%; Эстония – 16%.)
Сўровда Италия (72%), Сингапур (70%) ва АҚШни (65%) истисно қилганда деярли барча демократик ривожланган давлатларда динга нисбатан эътибор анчагина паст натижа кўрсатган (Қаранг: Gallup Poll – http://www.gallup.com/poll/142727/religiosity-highest-world-poorest-nations.aspx?version=print).
Ipsos MORI томонидан 2010 йили 24 давлатда ўтказилган нисбатан батафсил хулосаларга эга сўровда мусулмон респондентларларнинг (Индонезия, Саудия Арабистони, Туркия) ўртача 61 фоизи, ҳиндуларнинг 33 фоизи ва насронийларнинг 24 фоизи ўзгаларга ёрдам беришда асосий туртки диний эътиқод эканини айтишган: Индонезия – 84%; Саудия Арабистони – 71%; Жанубий Корея – 45%; ЖАР – 44%; Ҳиндистон – 36%; Япония – 15%; Бельгия – 14%; Буюк Британия – 14%; Венгрия – 14%; Франция – 12%; Швеция – 11% (қаранг: Ipsos MORI – http://www.ipsos-mori.com/Assets/Docs/Events/ben-page-tony-blair-globalisation-development-and-role-of-religion-july-2011.pdf).
“Дин ХХI асрда ахлоқий ва умуман маънавий қадриятлар учун бирламчи асос бўла оладими?” деган саволга берилган жавобларга эътибор қаратайлик: Саудия Арабистони – 92%; Индонезия – 91%; Ҳиндистон – 69%; Бразилия – 67%; ЖАР – 67%; Япония – 29%; Испания – 25%; Франция – 24%; Бельгия – 21%; Швеция – 19%.
Pew Research Centerнинг айни мавзуда 2007 йили 47 мамлакатда ўтказган тадқиқотида “Худога бўлган ишонч ахлоқ учун зарурий асосми?” деган саволга берилган жавоблар ҳам шунга ўхшаш натижани такрорлаган (Қаранг: Pew Reseach Center – http://pewglobal.org/files/pdf/258.pdf): Миср – 99%; Индонезия – 98%; Иордания – 97%; Сенегал – 91%;Бангладеш – 90%; Болгария – 24%; Буюк Британия – 22%; Франция – 17%; Чехия – 14%; Швеция – 10%.
Ipsos MORI тадқиқотчилари томонидан “Муҳим давлат хизматида ишлаш учун мустаҳкам диний эътиқод зарурми?” дея сўралган мусулмонларнинг аксари ижобий (Индонезия 83%) жавоб берган бўлса, насронийларда аксинча ҳолат кузатилган (Франция 13%, Испания 13%, Швеция 5%). Японияликлар ҳам бу масалада насоролардан қолишмас экан. Уларнинг жавоблари ҳам бор-йўғи 5 фоиз натижани кўрсатган.
Хулосаларни умумлаштиришдан аввал Евробарометрнинг 2005 йилги натижаларига ҳам бир қур назар ташласак, тасаввуримиз янада ойдинлашади. “Сиз Худо ёки бирор руҳий кучнинг мавжудлигига ишонасизми?” деган саволга энг кам ижобий жавобни Швеция (23%), Чехия (19%) ва эстониялик (16%) респондентлар берган бўлса, энг юқори натижани Мальта (95%), Кипр (90%) ва Греция (81%) кўрсатган. Сўровда иштирок этганларнинг ўртача 52 фоизи Худонинг борлигига ишонишини, 27 фоизи қандайдир руҳий кучнинг мавжудлигини тан олишини айтган бўлса, 18 фоизи атеист бўлиб чиққан.
Натижаларни шундай хулосалашимиз мумкин:
– Динга нисбатан бефарқлик насронийлар орасида кенгроқ тарқаган;
– Мусулмон мамлакатлари аҳолисининг аксари ўз динига муносабатда бошқа дин вакилларига қараганда диндорроқдир;
– Ривожланган демократик давлатларда атеизм ва агностицизм нисбатан кўпроқ учрайди.

****

Энди масаланинг иккинчи томони – ахлоқийлик ва ундан келиб чиқувчи демократик кайфият, инсон қадр-қиммати ва ҳуқуқлари, кишилар ўртасидаги ўзаро ишонч ва толерантлик борасидаги аҳволга диққат қаратайлик. Бунда энг диндор ва энг динсиз мамлакатлардаги вазиятни кўриб чиқамиз.
Ҳар қандай давлатнинг тараққиёти, амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самараси қонун устуворлиги қанчалик таъминлангани билан белгиланади. Қолаверса, қонун устуворлиги ўша мамлакат аҳолисининг ахлоқи кўзгуси ҳамдир. Шу боис сўз юритаётганимиз давлатларда айни хусусиятлар қанчалик шакллангани дин ва ахлоқ ўртасидаги муносабатни ойдинлаштиришда бениҳоя муҳимдир. Маркази АҚШда жойлашган қонун ижроси ва устуворлиги таъминланиши бўйича глобал миқёсда мониторинг олиб борувчи “Жаҳон адолат лойиҳаси” (World Justice Project) 2011 йил эълон қилган “Қонун устуворлиги индекси”га назар солсак, жаҳондаги энг даҳрий мамлакатлардан бири бўлмиш Швеция ҳукумат фаолиятининг очиқлиги, коррупция даражасининг пастлиги, инсон ҳуқуқларининг таъминланиши, давлат бошқаруви самарадорлиги бўйича пешқадам эканини кўрамиз. Кейинги ўринларни эса Норвегия, Нидерландия ва Янги Зеландия эгаллаган. Аҳолисининг 90 фоизидан кўпроғи диндор бўлмиш Индонезия (29), Бангладеш (48), Покистон (63) бу соҳада анча ортда қолган (World Justice Project. Rule of Law Index 2011 – http://worldjusticeproject.org/rule-of-law-index/index-2011). “The Econimist” ҳафтаномаси ҳар йили эълон қиладиган “Демократия индекси”нинг 2010 йилги сонида ҳам юқоридагига ҳамоҳанг натижа қайд этилган: Норвегия (1), Дания (3), Швеция (4) юқори ўринларни банд қилган бўлса, Индонезия (60), Бангладеш (83), Покистон (103) қуйида қолиб кетган (Democracy Index 2010. A Report from the Economist Intelligence Unit – http://graphics.eiu.com/PDF/Democracy_Index_2010_web.pdf). Қизиғи шундаки, энг демократик мусулмон давлати Индонезия экан. Бинобарин, ундан юқоридаги 59 мамлакат ичида бирорта ҳам мусулмон давлати йўқ. Штаб-квартираси Берлинда жойлашган коррупцияга қарши кураш бўйича мониторинг юритувчи “Транспаренси интернэйшнал” нодавлат ташкилотининг 2011 йилги ҳисоботида (Corruption Perception Index 2011) коррупция энг кам тарқалган тўрт мамлакат яна ўша энг дунёвий давлатлар – Янги Зеландия, Дания, Финляндия ва Швеция эканига гувоҳ бўламиз (Transparency International – http://cpi.transparency.org/cpi2011/results/). Мусулмон давлатларидан энг яхши натижа Қатарга (22) насиб қилган. Аҳолиси диндорроқ давлатлар эса пастки ўринларга тушиб қолган (Иордания 56, Саудия Арабистони 57, Малайзия 60, Туркия 61, Индонезия 100).
Юқорида келтирилган кўрсаткичлар ҳисобот эълон қилувчи ташкилотлар қўллаган мезонларга боғлиқ бўлиб, муайян даражада нисбий, албатта. Бироқ улардаги умумийлик эътиборимизни тортмай қолмайди. Келинг, рақамларнинг ўзи билан кифояланмай, реал воқеликни кузатайлик.
2011 йил 11 мартда юз берган зилзила ва цунамидан кейин келиб чиққан ядро инқирози япон миллатининг қанчалар бирдам, масъулиятли, умуман олганда, ахлоқан юксак миллат эканини бутун дунёга намойиш қилди. Япония диний бағрикенглик жиҳатидан ҳавас қиларли мамлакатдир. Японларнинг миллий дини шинтоизмдан ташқари у ерда буддизм, конфуцизм ва даоизм ҳам кенг тарқалган. Японларнинг диний эътиқоди ўзига хос бўлиб, уларда “бир эмас, бир неча илоҳлар мавжуд. Худонинг амрига итоатсизлик гуноҳ эканига урғу беришдан кўра, покланиш ритуалларига кўпроқ эътибор қаратилади. Бир киши бирдан ортиқ динга мансуб маросимларда қатнашаверади. Ахлоқий нормалар диндан кўра кўпроқ оилавий ҳаёт ва фалсафа билан чамбарчас боғлиқ. Ахлоқий сифатлар ва камчиликлар илоҳий иродадан кўра кўпроқ инсон табиати ва унинг номукаммаллиги билан изоҳланади.”(Japan: Profile of a Nation. Tokyo: Kodansha International Ltd., 1994, p. 202.) Японияда никоҳ маросимлари шинтоистлар ибодатхонасида ўтказилса, дафн маросимлари буддизм одатларига мувофиқ ташкил қилинади. Хулқ-атвор конфуцийчилик таълимотига мувофиқ тартибга солинади. Омад ва омадсизлик ҳақидаги тасаввурлар эса даосизмдан келиб чиққан (Ўша асар, 203-бет). Японлар эътиқод қиладиган динларда сомий динларида (яҳудийлик, христианлик, ислом) бўлгани каби ўзида илоҳий буйруқларни жамлаган, итоатсизлик учун жазодан огоҳлантирувчи, гуноҳ ва савоб учун ажримдан сўз юритадиган, якка, қудратли Худо ғоясини ифодалаган ягона илоҳий китоб мавжуд эмас (уларни маълум маънода худосиз динлар дейиш ҳам мумкин), қолаверса, японлар диний ақидаларни “китоб аҳли” каби қабул қилмас экан, қайдан келди ўз хулқу атвори билан ўзгаларнинг олқишига сазовор бўлаётган миллат! Худодан қўрқиш, нариги дунё азобларидан қочиш истаги кишилар ахлоқини маълум маромда ушлаб тургани учун дин ва ахлоқ ажралмас унсурлардир десак, нафақат Япония, балки бутун шарқий ва жануби-шарқий Осиё мамлакатларининг аксари ахлоқсизлик домига тушиб, у ерларда шаклланган маданият ва цивилизациялар аллақачон йўқ бўлиб кетиши лозим эди. (Ipsos Mori омма фикрини ўрганиш маркази ўтказган сўровда “Дин ХХI асрда ахлоқий ва умуман маънавий қадриятлар учун бирламчи асос бўла оладими?” деган саволга 29 фоиз япон респонденти ижобий жавоб берган бўлса, “Муҳтожларга маблағ ва вақт ажратишда диний эътиқодингиз туртки берадими?” деган саволга уларнинг 15 фоизи ижобий жавоб қайтарган. Динга ишонувчанларнинг атиги 7 фоизи ўз эътиқодларини энг тўғри йўл деб ҳисоблашини билдиришган, холос.)
2006 йили август ойида рўй берган Катрина тўфони оқибатида АҚШнинг Луизиана штати Нью-Орлеан шаҳрида юз берган воқеалар эса Япониядаги ҳолатнинг мутлақо акси бўлди. Шаҳарнинг 80 фоизини сув босгач бошланган саросима ва унинг ортидан келган тартибсизликлар АҚШдек ривожланган давлатни эмас, бошқа қандайдир қолоқ “учинчи дунё” давлатини эслатарди. Одамлар супермаркетлар ойналарини синдириб ичкаридаги бор нарсани олиб чиқиб кета бошлаган, ҳар замонда ниманидир талашиб икки талончи бир-бирининг бошини уриб ёрган, тартиб сақлаш учун эса полиция кучлари етишмаган, одамлар уйини ўғрилар “шилиб” кетишидан хавотирда кечаю кундуз пойлоқчилик қилган (Қаранг: http://www.foxnews.com/story/0,2933,167653,00.html). Бу воқеа аҳолисининг 73 фоизи динни ҳаётий муҳим қадрият деб биладиган, 53 фоизи эса ҳафтада камида бир марта черковга боришни канда қилмайдиган штатда содир бўлган (Pew Research Center ҳисоботи. Қаранг: http://www.mainstreet.com/slideshow/lifestyle/most-religious-states-america). Бу мамлакатда эволюция назарияси динга тўғри келмагани учун мактаб ўқув режаларидан чиқариб ташланиши керак деган даъвода қарийб тўқсон йилдан буён судлашуву баҳслар давом этади. Бирорта ҳам насроний давлатида АҚШдагичалик радикал диний секталар кенг ёйилмаган. Хўш, нима учун одамларнинг диний эътиқоди Нью-Орлеандаги тартибсизликларнинг олдини ололмади? Ахир насронийлик бу каби ишлар учун нариги дунёда азоблар муқаррар эканини уқтиради-ку! Мантиқан олганда ашаддий талончилар америкаликлар эмас, японлар бўлиши керак эмасми? Муқояса қилишни давом эттирсак, ҳакамнинг кўзини шамғалат қилиб жарима ишлаб олиш илинжида майдонда ётиб олиб ўзини ҳар мақомга солаётган араб футболчиси ва турткилашларига парво ҳам қилмай, мувозанатни сақлаб бор кучи билан олдинга интилаётган инглиз футболчисига эътибор қилганмисиз? Уларнинг ўйинидаги ғирромлиги ёки ҳалоллиги кишилар ўртасидаги реал муносабатларга кўчиб ўтмайди дея олмаймиз. (Айтинг-чи, дунёвийроқ шведлар ёки немислар бизнесда ишончлироқ ҳамкорми ёки диндор туркларми?)
Кўпгина мусулмон давлатларида исломий қонунлар расмий (ижроси давлат томонидан таъминланади) ёки норасмий (омманинг шахс диний эътиқодини назорат қилиши) шаклларда амалга татбиқ этилади. Покистон, Саудия Арабистони, Эрон каби мамлакатларда диндан қайтганлар (албатта, исломдан) расман суд қилиниб қатл этилади, ҳатто нисбатан тараққий этган Малайзия ва Индонезияда ҳам турли босимлар (муртадлар никоҳи бекор қилиниши, болаларидан ажратиб олиш, ишдан ҳайдаш, омманинг нафрати) орқали диний эътиқоддаги собитлик назоратда тутилади. Нега мазкур мамлакатларда ёлғончилик, порахўрлик учун бу қадар оғир жазолар қўлланмайди-ю, кимдир ақлу тафаккури ихтиёр этгани учун эътиқодини ўзгартирганини самимий тан олса, таъқиб қилинади? Динда ҳаддан ошиш шакллар билан овора бўлиб асл моҳиятни унутишга, ўзгаларни қандай кийиниши, хотини ўранганми-йўқми, таомни қайси қўлда ейди, таҳоратда оёғига масҳ тортадими ёки ювадими, рўзада овқат еб қўймаяптими каби майда сабабларга кўра баҳолаб, сен у мазҳабдансан, сен бу мазҳабдансан, сен бизданмассан, улардансан дея ғавғо чиқаришга сабаб бўладики, бундай шароитда ахлоқни ривожлантириб бўлармикан?
Юқорида келтирилган мулоҳазалар “динга қарши тарғибот” деб қаралмаслиги лозим. Биз ҳар ким бир оз диққат қилиш билан илғаб олса бўладиган реал ҳолатга ўқувчи эътиборини тортмоқчимиз, холос. XXI аср шароитида дин жамият ахлоқини юксалтиришнинг ишончли воситаси бўла олмайди. Бу фикрга эътироз билдиришлари мумкин: “Ўз қилмишлари учун нариги дунёда азобланишдан қўрқиш инсонларни ўз ҳою ҳавасларидан тийилишга мажбур қилади, бинобарин, дин оддий омма хулқ-атворини назорат қилишнинг энг ишончли воситасидир.” Бироқ юқорида келтирилган фактлар бундай ўйлаш хато эканини кўрсатмоқда. Қолаверса, жаннатдаги роҳат-фароғат илинжида, дўзах азобидан қўрққани учун кимгадир яхшилик қилиш ёки имкон бўлса-да, ўзгаларни алдамасликнинг ўзи ахлоқданмикан? Иккинчи томондан, ўз ёвуз қилмишларини дин номи билан оқлайдиганлар камми? Диндан эзгу мақсадда ҳам, ёвуз мақсадда ҳам фойдаланиш мумкин. Бу инсоннинг қанчалик инсонпарвар ва эзгу ниятли эканига боғлиқ. Наркотик моддаларни етиштириб сотиш ҳаром эканини толибон билмайди деб ўйлайсизми? Билади ва тўғри иш қиляпмиз деб ишонади ҳам. Ўз қилмишини оқлаш учун яна динни дастак қилади: “Биз наркотик моддаларни ғайридинларга сотиш орқали, бир томондан, уларнинг жамиятини ичдан емирамиз, иккинчи томондан эса, келган фойдага қурол сотиб олиб уларга қарши то Оллоҳга ва охират кунига иймон келтирмагунларигача жанг қиламиз. Ким Оллоҳ йўлида жанг қила туриб ҳалок бўлса, у жаннати бўлади” ва ҳоказо. Яъни, Қуръон оятларини ўз манфаатига мослаб талқин қилиб кетаверади. Биз қавмимиздан бўлгани учун мусулмонлардан мисол келтирдик. Аслида бу каби муаммолар барча динларга хос.
Чинакам ахлоқли инсон диндор бўлгани ёки дўзахдан қўрққани учун эмас, аксинча, айнан ахлоқли бўлгани учун ҳам Яратганнинг кўрсатмаларига амал қилади. Диндан мутлақо бехабар, бироқ “дин ҳимоячисиман” дейдиганлардан минг чандон ахлоқлироқ инсонларни кузатганимизда улардаги ахлоқ диндан эмас, бошқа бир асосдан келиб чиқаётганига амин бўламиз. Бундай инсонларни мусулмонлар, насронийлар, буддистлар, яҳудийлар, атеистлар орасидан кўплаб топиш мумкин.
Хўш, дин жамият ахлоқини яхшилай олмаса, у ҳолда нима бу вазифани бажаради? Бунга жавобимиз жуда оддий – тўғри йўлга қўйилган таълим ва қонунлар ижросининг қатъий таъминланишигина вазиятни ўнглаши мумкин. Бир томондан мустақил, танқидий фикрлай оладиган шахсни тарбиялашни бош мақсадга айлантирган дунёвий таълим тизими ва адолат тамойилларига содиқ ижроия ва суд ҳокимияти. Ана шу икки шарт бажарилгандан кейингина дин жамиятда ижобий роль ўйнай бошлайди, кишиларнинг маънавий-руҳий озуқасига айланади. Ислом давлатларида эса вазият бунинг акси. Давлат ўзининг энг муҳим функцияси – қонун устуворлигини таъминлай олмайди, етарлича дунёвий таълим кўрмаган омма эса дунёвий қонунлар ва ҳукуматни тан олмайдиган радикал воизларнинг итоаткор сомеларига айланиб қолган. Ваҳоланки, бундай радикал воизлар бошқа динларда ҳам бор. Бироқ уларнинг таъсири биз мусулмонлардагичалик эмас. Нима учун? Шунинг учунки, уларнинг сомелари бизлардагичалик ишонувчан эмас. Ишонувчанлари ҳам башарти ҳаддидан ошса, қонун уларнинг жойи қаерда эканини кўрсатиб қўяди. Юқорида АҚШда радикал диний секталар анча фаол эканини айтган эдик. Бунинг сабаби, бизнингча, у ерда мактаб таълими етарли даражада қониқарли эмас. (Иқтисодий Ҳамкорлик ва Ривожланиш Ташкилотининг 2010 йилги ҳисоботига кўра, АҚШ бу соҳада ривожланган давлатлар орасида 23-ўринни эгаллайди. (Қаранг: OECD Factbook 2010. International Student Assessment – http://www.oecd-ilibrary.org/docserver/download/fulltext/3010061ec065.pdf?expires=1331968286&id=id&accname=freeContent&checksum=D921748014B1F11726CF045D45D42A9D) Нуфузли университетлар ва баъзи хусусий мактабларгина хорижликлар эътиборини ўзига жалб эта олади. У ҳолда нега ўша секталар ижтимоий тартибсизликлар келтириб чиқариб, хавфсизликка тахдид сололмайди? Бунинг сабаби оддий – у ерда конституция ва қонунларни бузганлар жазодан қочиб қутула олмайди.
Мавриди келганда бир масалага тўхталиб ўтиш жоиз. Аввал дунёвий таълим бериш керакми ёки диний, деган мавзуда баҳслар бўлиб туради. Бу саволга жавоб қилишда аввал диний таълим кўрганлар кўпроқ экстремизмга мойилми ёки дунёвий таълим олиб сўнг дин билан қизиққанларми – мана шунга эътибор қаратишимиз лозим.
Худо, нариги дунё, жаннат, дўзах, гуноҳ каби тушунчаларни энди таълим олишни бошлаётган, дунё ва инсонлар тўғрисида етарлича маълумотга эга бўлмаган боланинг онгу тафаккури қабул қилишга қодир эмас. Улар бола ақлини, таъбири жоиз бўлса, фалаж аҳволга солиб қўяди. Оқибатда эса эркинликдан, эркин ва танқидий фикрлашдан қўрқадиган, дунёвий фанлар борасида эса қуруқ ёдлашдан нариги ўтмайдиган чаламуллалар пайдо бўлади. Чунки дин тафаккурга эмас, балки авторитетга сўзсиз ишониш ва итоат этиш кўникмасини аввал-бошданоқ шакллантириб қўяди. Эркин тафаккур салоҳияти эса ҳали бўй кўрсатмасданоқ янчиб ташланади. Бундай таълим кўрганлар кейинчалик ҳам эътиқодига зид ёки ўзгачароқ фикрга дуч келса, ўша заҳоти ундан халос бўлишга интилади. Ундаги ижодкорлик қобилияти чекланиб қолади. Демак, диний таълим фақат юқори синф ўқувчиларига берилиши, шунда ҳам дарс тарғибот мақсадида эмас, билим бериш учун, хулоса чиқаришни ўқувчининг ўз ақлу тафаккури ихтиёрига қолдирган ҳолда ўтилиши, динлар ўзаро қиёсий ўрганилаётганда холислик ва танқидийлик тамойилига риоя этилиши, бизнингча, мақсадга мувофиқдир.
Дин етарлича дунёвий таълим кўрган жамиятда ижобий роль ўйнаса, бунинг акси бўлган вазиятда аҳвол ўзгача тус олади. Ахлоқнинг асоси пухта ўйланган таълим тизими ва қонун устуворлигининг таъминланишидир.

****

Дин маънавий ва моддий қадриятлар, қўйингчи, банибашар тамаддуни бешигини тебратган буюк кашфиётдир. Шоирлар, бастакорлар, рассомлар ундан илҳом олган, файласуфлар унинг ақидаларини асослаш ёки инкор этиш йўлида тер тўккан. У маънавий юксалишни таъминлаган бунёдкор куч эди. Диннинг инсониятга келтирган беқиёс нафини (у сабабли келиб чиққан турли салбий оқибатларни фаромуш қилмаган ҳолда) тан олмаслик мумкин эмас. Шундай бўлса-да, ҳар бир давр кишисининг руҳияти ўзига хос бўлишини ёддан чиқармаслик лозим. Қачонлардир дин инсонлар хулқини тартибга солиб турувчи, муайян мақсад сари элтувчи улкан маёқ бўлгандир, аммо фан-техника тараққиёти яратган бугунги муҳитда вояга етган шахс қуруқ насиҳатларга қулоқ бермайди; у шубҳапараст, эртанги эҳтимолий жазодан бугунги роҳат-фароғатни афзал билади. Унинг учун узоқ келажакдаги эҳтиёжларнинг қондирилиши эмас, бугунги реал манфаатлар учун курашиш муҳимроқ. Динлар ва маданиятларнинг ўзаро танишуви кучайган бугунги кунда ҳеч бир дин ахлоқ масаласида монопол мавқега эга бўлолмайди. Ахлоқийликни биргина дин омили билан боғлаш ўта мураккаб муаммонинг содда бироқ ишончсиз ечимини қабул қилишдан ўзга нарса эмас. Ахлоқсизликнинг сабабини диндорликдан ҳам, дахрийликдан ҳам эмас, балки тафаккур сўқирлиги ва жаҳолатдан излаш керак.

Advertisements

Izoh qoldirish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s